Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар

102 – Маййит аҳли қаерга дафн этиш тўғрисида тортишиб қолса

Агар маййитнинг яқинлари уни қаерга дафн этиш борасида тортишиб қолишса ва улар дафн этмоқчи бўлган қабристонларнинг барчаси шариатга мувофиқ келса, Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Бакрий ас-Садафий айтгандек йўл тутиш тўғри бўлади: «Қабристонлар масофалари тенг бўлганда дафн жойини танлаш ихтиёри маййитга энг яқин қариндошга берилади. Масалан, ака амакидан кўра яқинроқ қариндош ҳисобланади. Агар масофалар фарқли бўлса, у ҳолда энг яқин қабристон танланиши мақсадга мувофиқдир. Уламоларнинг китобларини ўқиб-ўрганиш асносида олган хулосам шу бўлди»[1].

103 – Маййит учун қабр сотиб олиш

Маййит учун қабр харид қилиш, шунингдек, киши ажали яқинлашганда ўзига қабр қазиладиган жой сотиб олиши жоиздир[2].

Абу Зар разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй Абу Зар”, дедилар. Мен: “Лаббай ё Расулуллоҳ, амрингизга мунтазирман”, дедим. Шунда у зот: “Одамларга ўлим (қирғини) келиб, бир қабр қул баҳосига чиқса, ҳолинг не кечади?” дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дедим. Ёки: “Аллоҳ ва Расули мен учун танлаган ишга бўйсунаман”, деди, (дейди ровий). У зот: “Сабрли бўл”, ёки “қаттиқ сабр қил”, дедилар»[3].

Ибн Асир мазкур ҳадис шарҳида айтади: «Бу дегани фитна кўпаяди, натижада кўп одам ўлади, ҳатто маййитни дафн этиш учун жойлар торлигидан бир қабрлик ер қул баҳосига сотиб олинади, деганидир. Бу ҳолат фитналар ҳаддан ташқари кўпайишига ишорадир. Ёки одамлар фитналар билан банд бўлгани сабабли маййит учун қабр ковлаб, дафн этадиган одамни бир қул баҳосидан арзонга топиб бўлмай қолади»[4].

Ибн Саъд Иброҳим ибн Майсарадан ривоят қилади: «Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ вафотидан аввал қабрини ўн динорга сотиб олди»[5].

Имом Аҳмад айтади: «Киши ўзига қабр учун ер сотиб олиши, вафот этса ўша ерга дафн этилишни васият қилиши жоиз. Бу ишни Усмон ибн Аффон, Ойша ва Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳум ҳам қилишган»[6].

104 – Оммавий қабристондаги қабр учун талашиб қолинса нима қилинади?

«Умумий хайрия қабристонида жойлар тор бўлса ва қабрга талабгорлар кўпайган пайтда худди икки киши масжид саҳни ёки бозордаги жойга тортишиб қолгандаги каби  биринчи етиб келган киши жойга эгалик қилади. Агар иккаласи бир вақтда бориб қолса, қуръа ташланади ва жой қуръа чиққан кишига берилади. Зеро, қуръа ноаниқ нарсага ечим топиш учун жорий қилинган»[7].

«Агар маййитлардан бири шу жойга кўмилмаса жасадида бузилиш хавфи бўлса, шу маййит қабрга ҳақлироқ саналади. Буни ноиложликдан қаттиқ оч қолган киши таоми бор кимсадан ҳақлироқ кўрилиши каби ҳолатга қиёслаш мумкин»[8].

105 – Агар киши аёлини қаерга кўмиш борасида унинг қариндошлари билан тортишиб қолса қандай йўл тутилади?

Абу Абдуллоҳ ал-Қуврий ал-Моликий раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Ал-истиғно” китоби соҳиби таъкидлашича, аёл дафн этиладиган жойни унинг яқин қариндошлари белгилайди, гарчи эрнинг аёлидан фарзанди бўлса ҳам»[9].

[1] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1234, 599-фатво.

[2] Қаранг: Ибн Қудома. «Аш-шарҳ ал-кабир», 6/241; «Ал-фуруъ», 3/387.

[3] Абу Довуд ривояти, 4261-ҳадис. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да (3/802, 3583-ҳадис) саҳиҳ санаган.

[4] Ибн ал-Асир. «Жомеъ ал-усул фий аҳодийс ар-расул», 8/4-5. Муҳаққиқ: Абдусалом Аллуш. «Дор ал-фикр» нашриёти, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.

[5] Ибн Саъд. «Ат-табақот ал-кабир» китоби, 7/392. Муҳаққиқ: Али Муҳаммад Умар. «Мактабат ал-хонжий» нашри, Қоҳира, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.

Қаранг: Яъқуб ибн Суфён ал-Фасавий. «Ал-маърифа ват-тарих», 1/340. Муҳаққиқ: Акрам ал-Умарий. «Мактабат ад-дор» нашри, биринчи нашр, 1410 ҳ.й.

[6] Ибн Ражаб. «Фатҳ ал-Борий», 3/233.

[7] «Кашшоф ал-қиноъ», 4/221-222.

Қаранг: «Ал-муҳаззаб», 1/446; «Ал-муғний», 4/443.

[8] «Ал-инсоф фий маърифат ар-рожиҳ мин ал-хилоф», 6/244; «Мажмуъ муаллафот ас-Саъдий», 10/501.

[9] Аҳмад ал-Ваншарисий. «Ал-меъёр ал-муъриб вал-жомеъ ал-муғриб ан фатово аҳли Ифриқия вал-Мағриб», 1/320. Муҳаққиқ: Доктор Муҳаммад Ҳажжий бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар. «Марокаш қироллиги вақф вазирлиги» 1401 ҳ.й.да нашр этган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг