Дард ва даво (86): Гуноҳнинг энг катта жазоларидан бири дунё ва охиратда тўғри йўлдан чиқиш

0

Аллоҳ таолонинг “Яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларида, фисқ-фужур қилувчилар эса дўзахдадирлар!” (Инфитор, 13-14) деган сўзи фақат охират кунига хос деб ўйламанг. Балки яхшилар уч диёрда ҳам неъмат ичида, фисқ-фужур қилувчилар эса уч диёрда ҳам дўзахда яшайдилар. Дунёда қалб яхшилиги, кўнгил тозалиги, Парвардигорни таниш, Уни яхши кўриш ва Унинг шаръий иродасига мувофиқ амал этишдан ортиқ қандай лаззат ва неъмат бор?! Аслида ҳақиқий ҳаёт саломат қалб билан яшалган ҳаёт эмасми?!

Аллоҳ азза ва жалла халили Иброҳимнинг қалби саломатлигини мақтаб, бундай деган: «Шубҳасиз, Иброҳим ҳам Нуҳнинг гуруҳидан (яъни пайғамбарликдаги издоши) эди. Эсланг, у Парвардигорига тоза қалб билан келди» (Соффот, 83-84). Бошқа оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг мана бу сўзини келтирган: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда берур. Фақат Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 88-89).

Саломат қалб ширк, гина, кек, ҳасад, бахиллик, кибр, дунё ва мансабни яхши кўришдан саломат бўлган қалбдир. Яъни Аллоҳдан узоқлаштирадиган ҳар қандай бало-офатдан, Унинг айтганига терс келадиган ҳар қандай шубҳадан, Унинг буйруғига зид бўладиган ҳар қандай шаҳватдан, Унинг хоҳишига рақобатлашадиган ҳар қандай хоҳиш-иродадан ва Ундан тўсадиган ҳар қандай ишдан саломат бўлган қалбдир. Бундай қалб шу дунёнинг ўзида ҳам, қабрда ҳам, охират кунида ҳам жаннатда яшайди.

Қалб то қуйидаги беш иллатдан саломат бўлмагунча тўлиқ тоза қалб бўлолмайди:

  1. Тавҳидга путур етказадиган ширкдан;

  2. Суннатга зид бўлган бидъатдан;

  3. Аллоҳнинг буйруғига бўйсунмайдиган шаҳватдан;

  4. Аллоҳни эслашга қўймайдиган ғафлатдан;

  5. Холислик ва ихлосга қарши келадиган ҳавои-нафсдан.

Мазкур беш нарса Аллоҳдан тўсувчи иллатлар саналади. Мазкур иллатлардан ҳар бирининг остида яна кўплаб турлар бор. Бу турлар эса чексиз иллатларни ўз ичига олади.

Шунинг учун, банданинг Аллоҳдан тўғри йўлга бошлашини сўраб дуо қилишга бўлган эҳтиёжи жуда катта. У бошқа ҳеч нарсага шу дуога муҳтож бўлганидек муҳтожроқ эмас. Шунингдек, бандага шу дуодан кўра фойдалироқ ҳеч нарса йўқ. Чунки тўғри йўл – банда ҳамиша муҳтож бўладиган илмлар, хоҳиш-иродалар, бажариши ёки тарк этиши лозим бўлган зоҳирий ва ботиний амаллардан иборат. Банда тўғри йўлга оид батафсил билимларни билиши, ё билмаслиги ёки у ҳақда билганидан билмайдигани кўпроқ бўлиши мумкин. Шунингдек, билганига амал қилишга қодир бўлиши, ё қодир бўлмаслиги мумкин. Банда бажаришга қодир бўлган амалларни чин кўнгилдан хоҳлаши ҳам,  дангасалик ва лоқайдлик туфайли ёки бирон монелик борлиги сабаб хоҳламаслиги ҳам мумкин. Хоҳлаганини эса ё бажариши, ё бажармаслиги мумкин. Бажарадиганини ё ихлос билан, ё ихлоссиз бажариши мумкин. Ихлос билан бажаргани ё тўлиқ суннатга мувофиқ бўлиши, ё бўлмаслиги мумкин. Суннатга мувофиқ бажарган амалида бардавом бўлиши, ё тўхтаб қолиши мумкин.

Мазкур ҳолатларнинг барчаси инсонлар ичида содир бўлиб туради. Кимлардир камроқ, айримлар эса кўпроқ амал қилишга муваффақ бўлади.

Банданинг табиатида тўғри йўлни топиш хислати йўқ. Аксинча, банда ўз табиатига ҳавола қилинса буларнинг барчасидан тўсилиб қолади. Аллоҳ азза ва жалла мунофиқларни гуноҳлари сабабли ортларига (олдинги ҳолатларига) қайтарди деган оятнинг[1] маъноси мана шу. Яъни уларни ўз табиатларига, нафсларида мавжуд бўлган жаҳолат ва зулмга қайтарди.

Парвардигор таборака ва таоло ҳукми, тақдири, қайтариқ ва буйруғида тўғри йўл тутади. Истаган бандани Ўз фазли, раҳмати ила тўғри йўлга бошлаб, ҳидоятни ўз ўрнига қўяди. Истаган бандани – нолойиқ бўлгани учун – Ўз адолати, ҳикмати ила тўғри йўлдан буриб юборади. Зеро, Аллоҳ таоло тутган тўғри йўл шуни тақозо қилади.

Аллоҳ таоло ҳамиша тўғри йўл тутади (ҳар бир ишни адолат ва ҳикмат билан қилади). У зот Бандалари учун буйруқ ва қайтариқларидан иборат тўғри йўлни ўрнатди. Уларга баҳона қолдирмаслик учун ва адолат юзасидан барчани бу тўғри йўлга чорлади. Ўзининг неъмати ва фазли ила истаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят қилди. Адолатида ҳам, фазл-марҳаматида ҳам Ўзининг тўғри йўлидан чиқмади.

Аллоҳга йўлиқиш куни бўлмиш охират куни келганда бандаларни жаннатга элтувчи тўғри йўлни ўрнатади. Дунёда кимни тўғри йўлдан буриб юборган бўлса, жаннатга элтувчи йўлдан ҳам буриб юборади. Дунёда кимни тўғри йўлдан юргизган бўлса, охиратда ҳам тўғри йўлдан юргизиб қўяди. Аллоҳга, Пайғамбарига ва у келтирган шариатга иймон келтирганларнинг қалбларида дунёдаги нурларини кўзга кўринадиган ҳақиқий нурга айлантиради. Ушбу нур сирот кўпригидаги зулматда уларнинг олдилардан ва ўнг томонларидан ёритиб туради. Унга йўлиққунларига қадар уларнинг иймонини қандай сақлаб қолган бўлса, худди шу тарзда то сирот кўпригидан ўтиб олгунларича уларнинг нурини сақлаб қолади. Мунофиқларнинг нурини эса улар нурга энг муҳтож бўлган пайтда – дунёда қалбларидаги нурларини ўчириб қўйгани каби – учириб қўяди. Осий бандаларнинг амалларини худди уларга дунёда тўғри йўлдан юришга халақит берганидек, сирот кўпригининг икки четида уларни ушлаб қоладиган чангак ва тиканларга айлантириб қўяди. Аллоҳ банданинг дунёдаги тўғри йўлдан юришдаги қуввати ва тезлигига қараб сирот кўпригидан ўтишда қувват ва тезлик насиб қилади.

Мўминларга ҳовуз ато этади. Дунёда қалбларини шариатидан суғорганлари эвазига охиратда ушбу ҳовуздан таналари ва руҳларини суғоришади. Кимни дунёда шариатидан ичишдан маҳрум қилган бўлса, охиратда ҳовуздан ичишдан ҳам маҳрум қилади.

Охиратга кўзингиз билан кўриб тургандек назар солинг. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг икки дунёдаги ҳикмати ҳақида фикр юритинг. Шунда дунё охират экинзори ва намунаси эканига аниқ ишонч ҳосил қиласиз. Охиратда одамларнинг бахтли ёки бахтсиз бўлишдаги даражалари шу дунёдаги иймон, солиҳ амал ва буларнинг зидди бўлмиш ишлардаги даражаларига қараб белгиланади. Аллоҳ таоло иймон ва солиҳ амалдаги даржаларимиз юксак бўлишига муваффақ қилсин.

Демак, гуноҳнинг энг катта жазоларидан бири дунё ва охиратда тўғри йўлдан чиқиш экан.

[1] Қаранг: Нисо, 88.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг