Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (2)

0

106 – Жангда шаҳид бўлган кишини дафн этиш

Жангда шаҳид бўлган киши кийимлари билан дафн этилади. Ибн Қудома айтади: «Шаҳид бўлган кишини кийимлари билан дафн этишда хилоф борлигини билмаймиз»[1].

Бунга Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жанггида ўлдирилган кишилардан ҳар иккисини бир кийимда жамлар, сўнг: “Қайси бирлари кўпроқ Қуръон ёдлаган?” деб сўрар, иккаласидан қайси бири у зотга кўрсатилса уни биринчи қабрга қўяр ва: “Мен қиёмат куни уларга гувоҳман”, дер эдилар. Уларни қонлари билан дафн этишга буюрдилар, улар ғусл қилдирилмади, уларга намоз (жаноза) ўқилмади»[2].

Жангда шаҳид бўлган киши қатл этилган ерига кўмилади. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо айтади: «Уҳуд куни ўликларни дафн этиш учун кўтариб кетаётган эдик. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жарчилари келиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўликларни ётган жойларига дафн этишингизни буюряптилар”, деди. Сўнг биз уларни жойларига қайтардик»[3].

Яна шу кишидан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маййитларни ўлган жойларига дафн қилинглар», деганлар[4].

Яна шу кишидан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейди: «Уҳуд куни аммам отамни қабристонимизга дафн этиш учун олиб келди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жарчилари: “Ўликларни ётган жойларига қайтаринглар”, деб нидо қилди»[5].

Жангдан бошқа ўринларда шаҳид бўлган киши эса мусулмонлар билан қабристонга дафн этилаверади. Масалан, номуси ё молини ҳимоя қилиб ўлган ёки кофир-золимлар тарафидан ўлдирилган ёки қорни оғриб, сувга чўкиб ё оловда ёниб ўлган кишилар шундай шаҳидлар жумласига киради. Зеро Умар, Усмон ва Али (разияллоҳу анҳум) ҳам шаҳид этилган жойларига кўмилмаганлар.

107 – Тушиб қолган ҳомилани кўмиш

Агар тушиб қолган ҳомилада одамийлик нишоналари пайдо бўлган бўлса, уни дафн этиш вожиб эканига уламолар иттифоқ қилишган[6].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Тўрт ойдан ошган ҳомилага руҳ пуфланган бўлади[7]. Бундай ҳомила тушиб қолса, ювилади, кафанга ўралади ва унга жаноза ўқилади. Агар мусулмон ота-онадан ёки иккаласидан бири мусулмон бўлган ота-онадан туғилган бўлса, мусулмонлар қабристонига кўмилади.

Агар тушиб қолган ҳомила кофир ота-онадан бўлса, ювилмайди, унга жаноза ўқилмайди, балки кийимида ёки бирон латтага ўраб, номаълум жойга кўмиб келинади»[8].

«Тўрт ойга етмай тушиб қолган ҳомила ювилмайди, жанозаси ўқилмайди, матога ўраб дафн этилади. Ибн Сириндан бошқаси бунда хилоф қилганини билмаймиз»[9].

[1] «Ал-муғний», 3/471.

Қаранг: «Китоб ал-асл», 1/362; «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/203; «Ал-муҳалло», 3/336, 562-рақам;

Ибн Нажм ибн Шос. «Иқд ал-жавоҳир ас-самийна фий мазҳаб олим ал-Мадина», 1/263. Муҳаққиқ: Муҳаммад Абул Ажфон ва Абдулҳафиз Мансур. «Дор ал-ғарб» нашриёти, биринчи нашр, 1415 ҳ.й.

[2] Бухорий ривояти, 1343-ҳадис.

[3] Ҳадис тахрижи 12-масалада берилди.

[4] Насоий ривояти, 2007-ҳадис. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир ва зиёдотуҳу»да (1/108, 249-ҳадис) саҳиҳ деган.

[5] Термизий ривоят қилган ва «ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган (3/512, 1814-ҳадис).

[6] Қаранг: Исмоил ал-Музаний. «Мухтасар ал-Музаний фий фуруъ аш-шофеийя», 56-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад Шоҳин. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1419 ҳ.й;

«Ал-муғний», 3/458-459;

Муҳаммад Улайш. «Манҳ ал-жалил шарҳ ала мухтасар ал-Халил», 1/354. Мусаҳҳиҳ: Абдулжалил Абдуссалом. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1424 ҳ.й.;

Абдулғани ал-Ғунаймий (13 аср ҳанафий мазҳаби уламоларидан). «Ал-лубоб фий шарҳ ал-китоб», 1/133. «Ал-мактаба ал-илмийя» нашри, нашр йили кўрсатилмаган.

[7] «Тўрт ойга тўлган ҳомилага руҳ пуфланган бўлишига Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис далолат қилади: «Содиқ ва масдуқ бўлган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бундай дедилар: “Сизлардан бирингизнинг хилқати онасининг қорнида 40 кун уруғ ҳолида жамланади, сўнг яна шунча вақт лаҳта қон ҳолида бўлади, сўнг шунча вақт бир парча гўшт ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади, у унга руҳ пуфлайди ва тўртта калимани – ризқини, ажалини, амалини ва бахтсиз ё бахтли бўлишини ёзиб қўйишга буюрилади”» (Аш-шарҳ ал-мумтиъ», 1/343.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/447, 8099-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] «Ал-муғний», 3/460.

Шунингдек, Доктор Лайло Абу Алонинг «Ҳуқуқ ас-сиқт баъда мавтиҳи фиш-шариъа ал-исломийя» рисоласига қаралсин («Саудия адлия вазирлиги» журнали, 46-сон, рабеъ ал-охир, ҳижрий 1431 йил, 169-208-бетлар).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг