Аллоҳ таолонинг бу уч исмининг барчаси арабча “мулк” сўзидан олинган бўлиб, луғавий маъноси мулкнинг, яъни бутун борлиқнинг эгаси, подшоҳи дегани.
Аллоҳ таолонинг Малик исми Қуръонда беш марта келган. Жумладан:
“Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир” (Тоҳа: 114);
“У Аллоҳ шундай зотки, Ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Подшоҳдир…” (Ҳашр: 23);
“Инсонларнинг Подшоҳи…” (Нос: 2).
Молик исми эса Қуръонда икки марта зикр қилинган:
“Қиёмат куниниг Эгаси” (Фотиҳа: 4);
“Айтинг: “Эй мулку давлат Подшоҳи бўлган Аллоҳим”” (Оли Имрон: 26).
Малийк исми эса Қуръонда фақат бир марта келган. У ҳам бўлса қуйидаги оятда: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўладилар” (Қамар: 54-55).
Бу исмлар Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганида, “Ўз мулкида буйруғи ўтадиган, Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган, ҳаммадан устун бўлган ва ҳеч кимса Ундан устун бўлмаган” деган маъноларни ифодалайди.
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ “У Аллоҳ шундай зотки, Ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Подшоҳдир…” оятининг тафсирида “Подшоҳ” сўзига изоҳ бериб, шундай дейди: “У барча нарсанинг эгаси, барча нарсада ўзи хоҳлаганидек тасарруф қилади ва унга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди”.
Қуръонда бу маънони ифодаловчи оятлар жуда ҳам кўп. Масалан:
“Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи хоҳлаганини яратади…” (Шўро: 49)
“Айтинг: “Шафоат қилиш Аллоҳга хосдир. Осмонлар ва ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир”” (Зумар: 44)
“(Барча оламлар) подшоҳлиги ўз қўлида бўлган зот – Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодир” (Мулк: 1).