Эй иймон келтирганлар (42): Фойдасиз саволлар беришдан қайтарилгани ва бунинг ёмон оқибати ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, ҳали сизга очилмаган нарсалар ҳақида савол бермангки, агар улар очилса, сизларга оғирлик қилиб қолади ва зиммангизга юкланса, ундан ожизлик қилиб қоласиз. Аллоҳ бу нарсаларни бандаларига офият ўлароқ тарк қилган. Аллоҳ кечирувчи ва Ҳалим зотдир. Шундай саволларни сизлардан аввалги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларидан сўрашди, сўнг ўша нарсалар уларга фарз қилингач, уни инкор қилишди ва бажаришмади. Сизлар ҳам уларга ўхшаб қолишдан ҳазир бўлинг” (Моида, 101-102).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло ушбу нидони қилишига бир сабаб бор. Зотан, Аллоҳ мўмин бандаларига марҳаматли бўлганидан уларга одоб-ахлоқли, комил инсон бўлишлари учун нидо қилади. Бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қуйида нима сабабдан бундай нидо қилинганини баён қиламиз: Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: Мунзир ибн Валид ибн Абдураҳмон Жорудий отасидан ривоят қилиб деди: Шўъба Мусо ибн Анасдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилдилар. Мен бундай хутбани илгари ҳеч эшитмаган эдим. Айтдиларки: “Агар мен билган нарсани сизлар ҳам билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз”. Буни эшитгач юзларини ёпиб олган саҳобаларнинг йиғи овозлари эшитила бошлади. Бир киши: “Менинг отам ким?” деб сўраган эди, “Сенинг отанг фалончи”, деб айтдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунда ушбу оят нозил бўлди” (Бухорий: 8/280).

Ибн Жарирнинг ривоятида қуйидагича келган: Бишр Язиддан, у Қатодадан ривоят қилади. Анас разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар, ҳали сизга очилмаган нарсалар ҳақида савол бермангки, агар шу нарсалар очилса, сизларга оғирлик қилиб қолади” деган сўзлари ҳақида бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан у зотга ёқмайдиган баъзи саволлар сўралди, бундай саволлар кўпайиб кетгач, минбарга чиқдилар ва: “Бугун мендан истаган нарсангизни сўрайверинг, баён қилиб бераман”, дедилар. Саҳобалар бирон катта воқеа содир бўлиб қолдимикин деб қўрқдилар. Анас деди: “Мен ўнг ва чап томонимга қарасам, ҳамма саҳобалар кийимлари билан бошларини ёпиб йиғлашаётган эди. Одамлар билан айтишиб қолганда отасидан бошқага нисбат бериладиган бир киши туриб: “Менинг отам ким?”, деб сўради. “Отанг Ҳузофа”, дедилар. Сўнг Умар ўрнидан туриб: “Аллоҳни Раб деб, Исломни дин деб, Муҳаммадни пайғамбар деб рози бўлдик. Фитналар ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини сўраймиз”, деди. Бу масала ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор.

Ҳали сизга очилмаган нарсалар ҳақида савол бермангки, агар улар очилса, сизларга оғирлик қилиб қолади”. Яъни сизга асл ҳолат очиб берилса, ҳақиқати баён қилинса, ёмон ҳолатга тушиб қолишингиз, озорланишингиз мумкин. Мисол тариқасида айтсак: Бир киши отаси ҳақида сўраганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отанг фалончи”, деб айтганлар. Фараз қилинг, отанг фалончи, деб отасидан бошқа одам исмини айтсалар, унинг ўзига, онасига ва оиласига қандай ор, иснод, шармандалик бўларди ва оиладагилар ўлгунига қадар бу исноддан қутула олмасди.

Яна шунга ўхшаш саволлардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, Аллоҳ сизларга ҳажни фарз қилди, ҳаж қилинглар”, деб айтганларида: “Эй Расулуллоҳ, фақат бир йилми ё ҳар йилими?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар йили эмас, умрда бир марта холос. Агар ҳар йилда деб айтсам, ҳар йил ҳаж қилиш зиммангизга фарз бўлиб қолар ва сиз буни бажара олмасдингиз”, дедилар. Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар, ҳали сизга очилмаган нарсалар ҳақида савол бермангки, агар улар очилса, сизларга оғирлик қилиб қолади”, сўзидан назарда тутилган маъно шудир.

Агар шундай нарсалар ҳақида Қуръон нозил бўлиб турган пайтда сўрасангиз, унинг ҳукми сизга баён қилиб берилса”, уни сизга Биз юборган пайғамбар баён қилиб беради. Аммо шундай нарсалар ҳақида Қуръон нозил бўлмасидан олдин сўрашингиз дуруст эмас. Бу пайғамбарга озор бериш бобидан бўлиб, қаттиқ ҳаром ишдир.

 “Аллоҳ бу нарсаларни бандаларига офият ўлароқ тарк қилди”. Яъни сўраган нарсалари сабабидан уларни азобламади, кечиб юборди.

Аллоҳ кечирувчи ва Ҳалим зотдир”, тавба қилиб Унга қайтинг, Аллоҳ тавбангизни қабул қилади. Гуноҳингиздан ўтишини ёлвориб сўранг, албатта кечиради. Чунки Аллоҳ мағфиратли, Ҳалим зотдир.

 “Шундай саволларни сизлардан аввалги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларидан сўрашди, сўнг у нарсалар уларга фарз қилингач, уни инкор қилишди ва бажаришмади”. Яъни сизларнинг Пайғамбарга озор берадиган ҳаддан ошиқ майда-чуйда саволларингизга ўхшаш саволларни илгариги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларидан сўраган эдилар. Сўраган нарсалари зиммаларига юклатилгач эса, тоқатлари етмай инкор қилишга ўтдилар. Пайғамбар билан муомала қилишни билмай, хиралик қилиб, ҳар хил кераксиз нарсаларни сўраш оқибатида уларга оғир юк юклатилди. Уларга жазо сифатида шундай қилинди. Натижада зиммаларидаги вазифаларни бажармай, кофир бўлиб, ҳалокатга юз тутдилар. Аллоҳ бизларга паноҳ берсин.

Айрим қавмларни ҳалокатга олиб борган шундай саволлардан бири яҳудийларнинг Мусо алайҳиссаломдан сўраган саволи бўлди: “Улар ундан Аллоҳни ошкора кўрсатишини сўрадилар. Ўз ҳақлари бўлмаган ишни сўраб, ўз жонларига зулм қилганликлари боис уларни чақмоқ уриб ҳалок қилди” (Нисо, 153).

Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми туя сўраганлари ҳам шундай саволлардан бўлиб, уларга сўраган туялари берилгач, уни сўйдилар ва барчалари ҳалокатга юз тутдилар.

Исо алайҳиссаломдан ҳаворийлар осмондан ноз-неъматли дастурхон туширишини сўраши ҳам бунга мисол бўлади. Шунда Аллоҳ таоло деди: “Мен ўша дастурхонни сизларга тушираман, аммо кимдаким шундан сўнг кофир бўлса, Мен уни олам аҳлидан ҳеч кимга бермаган жуда қаттиқ азоб билан азоблайман” (Моида, 115).

Азиз ўқувчи, унутманг! Савол беришда чуқур кетиш, эзмаланиш ва саволни кўпайтириш яхшиликка олиб келмайди. Мўминларга бу муносиб эмас. Сўз ва амалда бундай ишлардан сақланинг!

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда қаттиқ сўз айтганлар: “Мусулмонларга ҳаром бўлмаган нарса ҳақида заруратсиз сўраган ва саволи сабабидан ўша нарса уларга ҳаром қилинган мусулмон киши, уларга нисбатан энг катта гуноҳкордир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин кўмишни ва ҳақни эгасига бермай, ўзи ҳақли бўлмаган нарсани талаб қилишни ҳаром қилди ва уч нарсани: миш-мишни, (дунё ва охират учун фойдасиз бўлган) кўп савол сўрашни ва молни зое қилишни ёмон кўради” (Бухорий (1407), Муслим (593) ривояти).

Яна бир ҳадисда саҳобаларга таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ўргатиб дедилар: “Аллоҳ таоло фарзларни фарз қилди, уларни зое қилманг. Ҳудудларни чегаралаб қўйди, улардан ўтманг. Баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларни қилманг.  Баъзи нарсалардан сукут қилди, унутганидан эмас, сизга раҳм қилиб шундай қилди. Сиз энди булар ҳақида сўраманг” (Ҳоким ривояти).

Яна айтдилар: “Ўзи учун бефойда гапларни тарк қилиши кишининг исломи гўзаллигидан” (Термизий, 1490).

Муҳтарам ўқувчи, сўнгги сўз ўрнида айтамизки, Аллоҳга нисбатан одоб сақлайлик, У жорий этмаган нарсалар ҳақида сўрамайлик.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳам одоб сақлайлик, у зотнинг даъватларига қулоқ тутайлик, насиҳатларига амал қилайлик, уларни асло рад қилмайлик.

Уламолар билан ҳам одоб билан муомала қилайлик. Улар ҳузурида эзмаланиб, майда-чуйда саволлар билан вақтларини олмайлик. Ўзимиз билган нарсалар ҳақида ё қилишга ниятимиз бўлмаган ишлар ҳақида сўрамайлик.

Одамлардан мол-дунё сўрамайлик, қўлларидан келмайдиган, тоқатларидан ташқари нарсаларни талаб қилмайлик.

Сабр-бардошли бўлайлик. Сукут ва зикрдан айрилмайлик. Ҳидоят ва комиллик йўли шудир. Аллоҳ барчамизни шу йўлдан айирмасин. Аллоҳ сабр-бардошли ва яхши ишлар қилувчи муҳсинлар билан биргадир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг