Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (3)

0

108 – Топиб олинган ёш болани дафн этиш

Ибн Мунзир деди: «Уламолар ижмосига кўра, агар бола мусулмонлар диёрида ўлик ҳолда топилса, уни ювиш ва мусулмонлар қабристонига дафн этиш вожибдир»[1].

Агар бола кофирлар юртида топилса, «Доимий фатво қўмитаси» айтишича, «Уларнинг ҳукми дунёдаги ҳукм бўлади: ювилмайди, жаноза намози ҳам ўқилмайди. Чунки у кофирларга нисбат берилади. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг қатл этилган фарзандлари тўғрисида: “Улар мушриклардандир[2], деганлар. Охиратда эса, уларнинг оқибати Аллоҳнинг ихтиёрида бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мушрикларнинг болалари охиратда қай ўринда бўлиши ҳақида сўралганида: “(Агар яшаганларида) нима қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билади[3], деганлари бунга далил бўлади»[4].

«Уламолар айтган сўзларнинг тўғриси шуки, Аллоҳ уларни қиёмат кунида имтиҳон қилади. Итоат қилгани жаннат аҳлидан, бош тортгани дўзах аҳлидан бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кофирлар фарзандлари тўғрисида: “(Агар яшаганларида) нима қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билади”, деган жавобларининг тафсири шудир»[5].

109 – Болаларни дафн этиш

«Мусулмонлар уламолари ижмосига кўра, мусулмон ота-онадан туғилган фарзанд танлаш ва ажратиш ёшига етмаган бўлса, унинг жасадини кўздан пана қилиш, жаноза намозини ўқиш, ўлганида мусулмонлар қабристонига дафн этиш каби ишларда мусулмон ҳукмида бўлади»[6].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Болаларнинг дунёдаги ҳукми ота-оналарига қараб белгиланади. Кимнинг ота-онаси ё улардан бири мусулмон бўлса, унга мусулмонга қилинадиган муомала кўрсатилади. Яъни ювилади, кафанланади, жанозаси ўқилади, мусулмонлар қабристонига дафн этилади, мусулмон қариндошлари ундан мерос олиши масаласи ҳам шунга қараб бўлади. Агар боланинг ота-онаси кофир бўлса, унга кофирга қилинадиган муомала қилинади.

Ота-оналари кофир бўлган болаларнинг охиратдаги ҳукмларига келсак, уларнинг иши барча нарсани яхши билувчи, ҳикматли, адолатли, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга ҳавола этилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мушрикларнинг фарзандлари ҳақида сўралганда у зот: “(Агар яшаганларида) нима қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билади”, деганлар[7]. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло заррача ҳам зулм қилмайди, У меҳрибон ва хабардор зотдир.

Агар ота-онаси ёки улардан бири мусулмон бўлса, Аллоҳ фазлу марҳамати билан уни жаннатга киритади»[8].

110 – Ўлган болани кўмиш вожиблиги, уни мўмиёлаш жоиз эмаслиги

Ногирон бола жасадини ўрганиш мақсадида мўмиёлаш ҳукми ҳақида «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралганда қуйидагича жавоб берди: «Уни ювиш, кафанлаш, жанозасини ўқиш ва зудлик билан мусулмонлар қабристонига дафн этиш вожибдир. Жасадни мазкур мақсад ёки шу каби бошқа ҳар қандай мақсад учун олиб қолиш жоиз эмас, гарчи валийси бунга рухсат берса ҳам»[9].

[1] Ибн Мунзир. «Ал-ижмоъ», 149-бет, 643-рақам.

Шунингдек, Ибн ал-Қаттоннинг «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ» (1/189, 1048-рақам) китобига қаралсин.

[2] Бухорий (3012) ва Муслим (1745) ривояти.

[3] Бухорий (1384) ва Муслим (2658) ривояти.

[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 3/501, 7790-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[5] Аввалги манба, 3/500, 6542-фатво.

[6] «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ», 1/188-189, 1046-рақам.

[7] Ҳадис тахрижи 108-масалада ўтди.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/404-405, 5529-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] Аввалги манба, 25/98, 2521-фатво.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг