Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ҳийра исломий қўшинлар учун таянч маркази қилиниши

0

Ҳийра фатҳи ўта муҳим ҳарбий стратегик амалиёт бўлди. Бу фатҳдан сўнг мусулмонларнинг бошқа форс ўлкаларини фатҳ этиш умидлари ошди.  Ҳийра ҳам Ироқ, ҳам Форс ўлкаларига яқин шаҳар эди. Шу сабабли исломий қўшинлар бош қўмондони Холид ибн Валид бу шаҳарни бошқарув маркази этиб танлади. Бундан сўнг исломий қўшинлар ҳужум ва мудофаа буйруқларини шу ердан оладиган, шу ердан ҳаракат бошлайдиган, ёрдам ва мададларни шу ердан қабул қиладиган бўлди. Ундан ташқари, фатҳ этилган диёрларни бошқарув ишлари  ҳам шу ердан назорат қилиб туриларди.

Холид ибн Валид вилоятларга хирож ва жизя солиқларини йиғишга тайин этилган масъулларни юборди. Бир неча амирларни одамлари билан чегара минтақаларини қўриқлаш учун юборди. Барқарорлик ва тартиб-интизом изга тушгунига қадар ўзи шу ерда қолди. Атрофдаги қишлоқлар ва қавму қабилалар аҳолиси ҳам бирин-кетин у билан сулҳ битимлари тузишди. Ҳатто Ироқнинг Савод минтақасида мусулмонлар билан битим тузмаган бирон қишлоқ қолмади.

Унинг Ироқ ўлкаларидаги масъуллари қуйидагилар эди:

  • Абдуллоҳ ибн Васима ан-Насрий Фалолижда;

  • Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий Бониқияда;

  • Башир ибн Хассосия Наҳрайнда;

  • Сувайд ибн Муқаррин ал-Музаний Тустурда;

  • Ут ибн Абу Ут Рўзистонда.

Чегара минтақалари амирлари:

  • Заррор ибн Азвар ал-Асадий;

  • Мусанно ибн Ҳориса аш-Шайбоний;

  • Заррор ибн Хаттоб ал-Феҳрий;

  • Заррор ибн Муқаррин ал-Музаний;

  • Қаъқоъ ибн Амр ат-Тамимий;

  • Буср ибн Абу Раҳм ал-Жуҳаний;

  • Утайба ибн Наҳҳос.

Холид ибн Валиднинг форс халқига ва ҳокимларига ёзган мактублари

Ироқда барқарорлик ҳолати юзага келганидан сўнг Холид ибн Валид бутун кучини форс ўлкаларини фатҳ этишга қаратди. Ҳийра ва Дажла орасидаги арабларни форслар ҳукми остидан чиқарди. Бу орада форс халқи подшоҳ Ардашернинг ўлимидан сўнг кимни тахтга чиқариш борасида ихтилоф ичида эди. Холид бу қулай фурсатдан фойдаланиб, уларнинг бошлиқларига мактуб юборди: «Холид ибн Валиддан форс ҳукмдорларига. Аммо баъд, сизларнинг низомингизни издан чиқарган, тадбирингизни заифлаштирган, бирлигингизни парчалаган, кучларингизни қирққан, молларингизни тортиб олган ва азму қарорларингизни сусайтирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ушбу хатим боргач Исломни қабул қилинглар, саломат қоласизлар. Ёки бизнинг зиммамиз остига кириб, жизя тўлаб туришга рози бўлинглар. Йўқса, ягона ва шериксиз Аллоҳга қасамки, сизларнинг устингизга сизлар ҳаётни қанча севсангиз, улар ўлимни шунча севадиган, сизлар дунёга қанча қизиқсангиз, улар охиратга шунча қизиқадиган қавм билан бораман»[1].

Форс халқига қуйидаги мазмунда мактуб юборди: «Холид ибн Валиддан форс халқининг марзубонларига. Низомингизни бузган, бирлигингизни парчалаган, кучларингизни заифлаштирган, молларингизни тортиб олган, азму қарорингизни сусайтирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Сизларга бу хатим боргач Исломни қабул қилинглар, шунда саломат қоласизлар. Ёки бизнинг зиммамиз остига киришга рози бўлиб, жизя тўлаб туринглар. Йўқса, сизларнинг устингизга шундай одамлар билан бораманки, сизлар ҳаётни қанча яхши кўрсангиз, улар ўлимни шунча яхши кўришади ва сизлар дунёга қанча рағбат қилсангиз, улар охиратга шунча рағбат қилишади»[2].

Ҳийра фатҳ этилиши билан Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Ироқ фатҳи борасидаги орзуларининг бир қисми амалга ошди. Ироқ фатҳи форсларга қарши уларнинг диёрларида уруш олиб бориш имконини берар эди. Холид ибн Валид бу борада ўзига юклатилган топшириқни муваффақиятли амалга оширди ва Ҳийрага ўта қисқа вақт ичида етиб борди. Ҳижратнинг 12 йили муҳаррам ойида Козимада душман билан илк жангини бошлаган бўлса, шу йилнинг ўзидаёқ рабеул аввал ойида Ҳийрани фатҳ этди[3].

[1] Холид Жанобий, Низор Ҳадисий. «Абу Бакр Сиддиқ», 51, 52 бетлар.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/186.
[3] «Ат-тарих ал-исломий», 9/150.

Изоҳ қолдиринг