Дард ва даво (87): Гуноҳ ва жазонинг турлари

0

Бўлим

Гуноҳлар даражаси ва зарарига кўра бир-биридан фарқ қилгани каби уларнинг дунё ва охиратдаги жазоси ҳам турлича бўлади.

Аллоҳдан ёрдам ва тавфиқ сўраб, қуйида шу ҳақда қисқа бўлимни зикр қиламиз.

Гуноҳлар аслида икки тур бўлади: буйруқни бажармаслик, қайтарилган ишни қилиш. Шу икки гуноҳ орқали Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жин ва инсонларнинг оталарини имтиҳон қилган эди.

Мазкур икки гуноҳнинг ҳар бири содир бўладиган ўрнига қараб ташқи аъзоларда кўринадиган зоҳирий ва фақат қалбда содир бўлиб, ташқи аъзоларда кўринмайдиган ботиний гуноҳларга бўлинади.

Шунингдек, мазкур гуноҳлар кимнинг ҳаққига тажовуз саналишига қараб Аллоҳнинг ҳаққига ва бандаларнинг ҳаққига тегишли гуноҳларга ажралади. Аслида бандаларга оид ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам ўз ичига олади. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқлар бандалар талаб қилиши билан вожиб бўлгани, улар воз кечишса, соқит бўлгани учун бандаларнинг ҳаққи дейилган.

Сўнг мазкур гуноҳлар тўрт қисмга бўлинади: илоҳга хос, шайтонга хос, йиртқич ҳайвонга хос, чорва ҳайвонларига хос гуноҳлар. Гуноҳлар борки, шу турлардан ташқарига чиқмайди.

Улуғлик, кибр, мутлақ ҳукмронлик, енгилмас кучга эгалик, олийлик, бандаларни қул қилиш каби инсон зотига асло тўғри келмайдиган рубубият сифатларидан бирига интилишга илоҳга хос ишлардаги гуноҳлар дейилади.

Раб таолога ширк келтириш ҳам шу турга киради. Ширк икки тур бўлади: 1. Аллоҳнинг исм ва сифатларида ширк келтириш, Аллоҳдан бошқа илоҳлар бор деб билиш. 2. Аллоҳ билан қилинган муомалада Унга ширк келтириш. Бу иккинчи турда Аллоҳга шерик қўшган амали беҳуда кетса-да, шу гуноҳи унинг дўзахга киришини вожиб қилмаслиги мумкин.

Бу тур гуноҳларнинг энг катта тури ҳисобланади. Аллоҳнинг яратиши ва ишларида (яъни Аллоҳнинг зоти ва шариатида) илмсиз гапириш ҳам шу қисмга киради. Бундай гуноҳларнинг бирига қўл урган кимса Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билан Унинг рубубияти ва мулкида талашган, Унга тенг келадиган илоҳ бор деган бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ мана шудир. Бу гуноҳдан ҳеч қандай амал қутқара олмайди.

Бўлим

Шайтонга хос (шайтоний) гуноҳлар – ҳасад, ҳаддан ошиш, қаллоблик, гина сақлаш, алдаш, макр-ҳийла қилиш, гуноҳ ишларга буюриш ва уларни чиройли қилиб кўрсатиш, тоат-ибодатдан қайтариш ва уни ёмон қилиб кўрсатиш, динда бидъат-хурофотлар пайдо қилиш, бидъат ва залолатга чақириш каби ишларда шайтонга ўхшашдир.

Бу турдаги гуноҳлар зарар жиҳатидан биринчи турдан кейинги ўринда туради. Шундай бўлса-да, буларнинг жамиятга келтирадиган зарари биринчи турдаги гуноҳлар зараридан кўпроқдир.

Бўлим

Йиртқич ҳайвонларга хос гуноҳлар – адоват, ғазаб, қон тўкиш, заиф ва ожиз инсонларга ташланиш каби гуноҳлардан иборат. Инсон зотига етказиладиган барча азият турлари ҳамда зулм ва тажовузкорликка журъатли бўлиш шу турга оид гуноҳлардан келиб чиқади.

Чорва молларига хос гуноҳлар – очкўзлик, қоринни тўйдиришга ва шаҳватни қондиришга ҳарис бўлиш каби гуноҳлардан иборат. Бу турдан зино, ўғрилик, етимлар молини ейиш, бахиллик, очкўзлик, қўрқоқлик, бесабрлик, жазавага тушиш ва ҳоказо гуноҳлар келиб чиқади.

Аксар одамларнинг гуноҳи шу турдан. Чунки ҳамманинг ҳам илоҳга хос ёки йиртқич ҳайвонларга хос гуноҳларга кучи етавермайди. Аммо айни шу турдан аста-секин бошқа турларга ўтишади. Бу тур гуноҳлар одамларни бошқа турларга оид гуноҳларга етаклайди. Дастлаб йиртқич ҳайвонларга хос гуноҳларга ўтади, сўнг шайтоний гуноҳларга, сўнг Аллоҳ таоло билан рубубиятда талашиш, Унга ширк келтиришга (яъни илоҳликка оид гуноҳларга) ўтади.

Ким шу масала ҳақида чуқур фикр юритса, гуноҳлар ширк, куфр ва Аллоҳ таоло билан рубубиятда талашишга элтувчи йўлак эканини аниқ билади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг