Тавҳид ақидаси: Замонавий бидъатлардан намуналар

0
  • Мавлуди набий маросимлари ўтказиш;

  • Қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабрларни табаррук санаш;

  • Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ўринларидаги бидъатлар;

Мазкур бидъатлар ҳозирги даврда илмнинг озлиги, ихтилофлар ва бидъатларга чақирувчиларнинг кўплиги, урф-одатларда кофирларга ўхшашга интилиш ёйилгани сабабли кўпайган. Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлардан илгари ўтганларнинг йўлларига эргашиб кетасизлар»[1] деган сўзларининг тасдиғидир.

Рабиул-аввал ойида мавлуди набий муносабати билан йиғилиш қилиш

 Баъзи мусулмонлар ҳар йили рабиул-аввал ойида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари муносабати билан йиғилиш ва маросимлар ўтказишади. Бу нарсани баъзилар масжидларда, баъзилар уйларида ё махсус тайёрланган жойларда ташкил қиладилар. Бу насороларнинг Масиҳ алайҳиссаломнинг туғилган куни муносабати билан йиғилишлари бидъатига ўхшаб кетади. Кўпинча бу йиғилишлар бидъат ва насороларнинг ишига ўхшаш бўлиши билан бир қаторда, кўплаб ширк ва мункар амаллардан ҳам холи эмас. Масалан, уларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ғулув кетадиган қасидалар ўқилади, ҳатто дуо қилиб Аллоҳдан сўраладиган ёрдамларни у кишидан сўраш даражасигача борадилар. Ҳолбуки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига мақтов айтишда ғулув кетишдан қайтариб, бундай деганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтагандек мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандасиман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» денглар»[2].

Баъзилар бу мажлисларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳозир бўладилар, деб ҳам эътиқод қилади. Мункар ишларидан яна бири, бундай йиғилишларда кўпчилик жўр бўлиб нағмалар билан ғазаллар айтишади, дўмбиралар чалиб, бидъатчи сўфийлар каби зикрлар қилишади.

Мавлуд Китоб ва Суннатда, салафи солиҳларнинг амалларида ва афзал асрларда асли-асоси бўлмаган бидъатдир. Бу бидъат ҳижрий тўртинчи асрдан кейин пайдо бўлган. Уни фотимий шиалар пайдо қилишган.

Имом Абу Ҳафс Тожуддин ал-Фокҳоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо баъд, баъзи одамлар рабиул-аввал ойида қиладиган мавлуд деб аталадиган йиғилишнинг динда асли борми, деган савол кўп тушяпти. Шу саволга аниқ-тиниқ жавоб беришимизни сўрабдилар. Аллоҳдан тавфиқ сўраб айтаманки, мавлуднинг Қуръон ва Суннатда асли борлигини билмайман. Динда намуна бўлган, салаф уламолари йўлини маҳкам тутган имомларнинг биронтаси бу амални қилганликлари хабари бизга етмаган. Балки бу баттол кимсалар пайдо қилган бидъат ва очкўз одамлар шу билан бойишни кўзлаган нафс шаҳватидан бошқа нарса эмас»[3].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи одамлар насороларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашларига тақлид қилиб, ё эса Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриб ва улуғлаб қиладиган мавлуди набий деб аталмиш байрамлари ҳам шу жумладан. Аслида, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари ҳақида ихтилоф бор. Салафлар бу ишни қилмаганлар. Агар бунда соф ёки кўпроқ яхшилик бўлганда эди, салафлар албатта қилган бўлар эдилар, улар биздан кўра бунга лойиқроқ, биздан кўра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғловчироқ, яхши ишларга биздан кўра ҳарисроқ эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, у зотга эргашиш, итоат қилиш, буйруқларига бўйсуниш, суннатларини ботинан ва зоҳиран тирилтириш, олиб келган йўлларини ёйиш ва бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилишда кўриниши керак.  Аввалги муҳожир ва ансорлардан иборат салафларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг йўллари шу эди”[4].

Бу бидъатни инкор қилиб қадимда ва ҳозирда рисолалар, китоблар ёзилган. Бу иш бидъат ва ғайридинларга тақлид бўлишидан ташқари, азиз-авлиёлар, машойихлар ва бошқа пешволарнинг ҳам мавлудларини қилишга олиб келади ва кўп ёмонликлар эшигини очади.

Қадамжолар, зиёратгоҳлар, тириклар ва ўликлардан баракот тилаш

Динда пайдо қилинган бидъатлардан бири бандаларни табаррук санаш, улардан баракот талаб қилишдир. Бу иш бутпарастликнинг бир тури ҳамда содда ва лақма одамларнинг топган-тутгани овланадиган қармоқдир. Табаррук – барака талаб қилиш, яъни яхшиликнинг давомли бўлишини ва кўпайишини исташдир. Бу талабнинг ижобатига фақат Аллоҳ таоло қодир, ёлғиз У баракани ёғдиради ва давомли қилади. Бандалар барака беришга, баракани вужудга келтиришга, уни қолдиришга ва давомий қилишга қодир бўлмайди. Қадамжо ва зиёратгоҳларни, тирик ва ўлик шахсларни табарруклаш – улардан барака сўраш мумкин эмас. Агар ўша нарса барака беради деб эътиқод қилса, ширк бўлади. Агар уни зиёрат қилиш, силаш, ўпишни Аллоҳдан талаби ҳосил бўлишига сабаб деб эътиқод қилса, бу иш ширкка восита бўлади. Аммо саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйларини, тупукларини, жисмларидан ажраган нарсани табаррук қилишларига келсак, бу ишлар у зотнинг улар орасида ҳаётлик пайтларига хосдир. Вафотларидан сўнг саҳобалар у зотнинг ҳужралари ва қабрларидан баракот сўрамаганлар, намоз ўқиган ёки ўтирган жойларини табарруклаш учун бормаганлар. Шунингдек, Абу Бакр, Умар ва бошқа улуғ саҳобаларни тирикликларида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам табаррукламаганлар. Ҳиро ғорига намоз ўқиш, дуо қилиш учун келмаганлар, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан гаплашган Тур тоғига намоз ўқиш учун бормаганлар. Бошқа пайғамбарларнинг ёки улуғларнинг жойлари деб айтиладиган тоғларга, маконларга, бирон пайғамбарнинг қадамжосига қурилган сағаналарга бормаганлар. Ҳатто Набий  саллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо Мадинаи мунавварада намоз ўқиган жойни ҳам, ёки Маккада ё бошқа жойда намоз ўқиган жойларини салафлардан биронтаси ўпмаган, силамаган, улуғламаган. Агар муборак икки оёқлари билан босиб намоз ўқиб турган жойни ўпиш ёки силаш умматлари учун шаръан жоиз бўлмаган экан, қандай қилиб бошқа бировлар намоз ўқиган, ухлаган деб айтиладиган жойни ўпиб силаш жоиз бўлсин?![5]

Ибодат соҳасидаги бидъатлар

Бу замонда ибодатлар соҳасида пайдо қилинган бидъатлар кўп. Ибодатлардаги асл-асос улар далил билан шаръий бўлишидир. Бирор далил ва ҳужжати бўлмаган нарса бидъатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким унда бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилгай».[6]

Бирон бир далилсиз қилинадиган ибодатлар жуда кўп бўлиб, қуйидагилар бунга мисол бўлади:

Намозга жаҳрий ният қилиш, яъни Аллоҳ учун фалон-фалон намоз ўқимоқликни ният қилдим, деб айтиш. Бундай қилиш бидъат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас.  Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Сизлар Аллоҳга динингизни ўргатмоқчимисиз?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги барча нарсани билади. Аллоҳ барча нарсани билувчидир!» (Ҳужурот, 16). Ниятнинг ўрни қалбдир, у қалбга оид амал, тилга эмас.

Намоздан сўнг зикрни жамоавий тарзда адо этиш. Бу ҳам бидъат, чунки вирд ва зикрларни ҳар бир шахс ёлғиз ҳолда айтиши шаръийдир.

Баъзи муносабатларда, ёки дуодан кейин, ёки ўлганга атаб Фотиҳа ўқишни сўраш.

Ўлганларга мотам йиғилишлари ўтказиш, маросим қилиб дастурхонлар тузаш, қорилар ёллаш. Буни ўлганга фойдаси бор деб ёки таъзиянинг бир тури деб ўйлайдилар. Буларнинг барчаси бидъат ва асли йўқ ишлардир.

Диний муносабатлар туфайли йиғилишлар қилиш. Масалан: Исро ва меърож муносабати, набавий ҳижрат муносабати каби. Бундай йиғилишларнинг ҳам шариатда асли йўқ.

Ражаб ойида ражаб умраси деб умра қилиш, бу ойга айрим нафл намозлари ва нафл рўзаларни хослаш. Аслида, бу ойнинг умра, намоз, рўза, қурбонлик ва шу кабиларда бошқа ойлардан ажралиб турадиган жойи йўқ.

Сўфийларнинг ҳар хил зикрлари. Уларнинг ҳаммаси бидъат. Чунки калималарида, шаклларида ва вақтларида шаръий зикрларга хилофлик бор.

Шаъбон ойининг қоқ ярмидаги бир тунни тунги намозга, кунни эса рўзага хослаш. Бу ҳақда ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис келмаган.

Қабрларга сағана қуриш, уларни масжид қилиб олиш, баракот сўраш мақсадида зиёрат қилиш, ўликларни восита қилиш ва бошқа ширкий ишлар, шунингдек аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши ҳам шу жумладандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, қабрлар устига масжид қурувчиларни, чироқлар ёқувчиларни лаънатлаганлар.

Бидъат куфрнинг элчисидир. У динда Аллоҳ ва Расули жорий қилмаган зиёда бўлиб, гуноҳи кабирадан ҳам ёмондир. Шайтон бидъат амали қилинганда гуноҳи кабирага хурсанд бўлганидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки гуноҳ қилувчи гуноҳ қилганини билиб тавба қилади. Бидъатчи эса бидъатни қилиб, ўзини Аллоҳга яқинлик қилувчи диндор деб ҳисоблайди ва тавба қилмайди. Бидъат суннатни йўқ қилади, у ўз эгасига суннатларни ва суннат аҳлини ёмон кўргизади. Бидъат Аллоҳдан узоқлаштиради, Аллоҳнинг ғазабини, азобини келтиради, қалбларнинг занглаши ва фасодига олиб келади.

Бидъатчига қандай муомала қилинади

Бидъатчини зиёрат қилиш, у билан бирга ўтириш ҳаром, фақат насиҳат юзасидан ва қилаётган амалининг ношаръий иш эканини билдириш учун бирга ўтириш мумкин. Чунки бидъатчига кўп аралашиб юриш ўзининг ёмон таъсирини ўтказади. Агар уни тийиб қўйишнинг иложи бўлмаса, ундан ва унинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлиш вожиб.

Мусулмонларнинг олимлари ва пешволари бидъатчиларни тийиб қўйишлари ва уларнинг қўлидан тутиб, ёмонликлардан қайтаришлари вожиб. Чунки уларнинг Исломга нисбатан хатарлари қаттиқ. Шуни ҳам билиш лозимки, кофир давлатлар бидъатчилар бидъатини кенг ёйиши учун уларга турли йўллар билан ёрдам беришади. Шу йўл билан Исломга зарба беришни, унинг асл суратини булғашни мақсад қилишади.

Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримизга, у зотнинг оила ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

 

[1] Термизий ривояти.
[2] Муттафақун алайҳ.
[3] Рисолатул маврид фий амалил мавлид.
[4] Иқтизоус-сиротил-мустақим (2/615).
[5] Иқтизоус-сиротил-мустақим (2/795-802).
[6] Муслим ривояти.

Изоҳ қолдиринг