Эй иймон келтирганлар (43): Мўмин ўзини тузатиши ва нафсини поклаши кераклиги, адашган кимсаларнинг унга зарар етказа олмаслиги ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, гуноҳдан четланиб, ўзингизни тузатинг. Модомики ҳақ йўлни тутар экансиз, адашган кимсалар сизга зарар етказа олмайди. Ҳаммангиз Аллоҳнинг ҳузурига қайтасиз. У сизларга қилган ишларингиз хабарини беради” (Моида, 105).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, мўминлар Аллоҳнинг бирлиги, Ундан ўзга илоҳ йўқлиги, Исломнинг ҳақлиги, ундан бошқасини Аллоҳ қабул қилмаслигига ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари ва элчиси эканига иймон келтирган ва буни чин дилдан тасдиқ этган кишилар бўлгани боис, бу илоҳий нидо уларга қаратилгандир. Улар иймонларида содиқ, ҳақиқий мўмин бўлганлари туфайли Аллоҳ таоло марҳамат кўрсатиб, лутф айлаб уларга нидо қилмоқда: “Эй иймон келтирганлар, гуноҳдан четланиб, ўзингизни тузатинг”, ҳидоятда собит туриш, ўзингизни ислоҳ қилиш пайида бўлинг, Раҳмон таолонинг розилигига лойиқ ва муносиб бўлиш учун гуноҳлардан сақланиб, нафсингиз поклигини таъминланг. Шунда адашган кимсаларнинг залолати, йўлдан озганларнинг хатоси сизга зарар етказа олмайди. Ҳар бир инсон ўз амалига  жавоб беради, қиёмат куни ҳеч ким бировнинг юкини кўтармайди, бошқанинг гуноҳини ўз зиммасига олмайди. Ёмонлик қилган жазосини олади, у Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, Унинг азобидан ҳимоя қиладиган ёрдамчи ҳам топмайди.

Агар тўғри йўлда маҳкам тура олсак, адашган тоифаларнинг залолати бизга таъсир этмайди. Шуни яхши билиб олайлик. Буни бизга меҳрибон Раббимиз кафолатлаган: “Модомики ҳақ йўлни тутар экансиз, адашган кимсалар сизга зарар етказа олмайди”. Орамизда яхши амаллар қилмаётган кишиларга амри маъруф қилиб, яхшиликка ундасак, ёмон ишларга қўл урган кимсаларга наҳи мункар қилиб, ёмонликлардан қайтарсак, залолатдагиларнинг касофати бизга тегмайди. Биз гувоҳ бўлган ҳақиқат шуки, яхшиликка буюрмай, ёмонликдан қайтармай туриб, азобдан қутқарадиган комил ҳидоят ва саодатга ҳеч бир банда эриша олмайди. Зеро, амри маъруф ва наҳи мункар қилиш иймонида ростгўй бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон эркагу аёлнинг ажралмас сифатидир. Қаранг, Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида чин иймон эгалари бўлган эркак ва аёл мўминларни қандай сифатлаган: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар. Намозни адо этадилар, закотни берадилар, Аллоҳ ва Расулига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳнинг раҳмати бўлур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир” (Тавба, 71).

Аллоҳ таолонинг “бир-бирларига дўстдирлар” деган сўзларига диққат қилинг! Дўстлик деганда яхши кўриш ва ёрдам бериш назарда тутилади. Ҳақиқий дўстлик шудир. Энди қайси мўмин дўстини яхши амаллар қилмай азобга гирифтор бўлишини ёки ёмон ишлар қилиб Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишини кўра-била туриб, уни яхшиликка буюрмай, ёмонликдан қайтармай ўз ҳолига ташлаб, индамай кетаверади? Шундай дўст бўлиши мумкинми? Йўқ асло, бу дўстлик эмас, аксинча, айни душманликдир.

Қолаверса, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш мўмин эркак ва мўмина аёлнинг сифати эмасми? Ҳа, бу ҳар бир мўминнинг сифатидир. Қандай ҳам ундай бўлмасин, ваҳоланки Аллоҳ таоло: “Улар яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар. Намозни адо этадилар, закотни берадилар, Аллоҳ ва Расулига итоат қиладилар”, деб сифатлаган бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичларингизда ким бирон мункарни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан инкор қилсин. Лекин бу иймоннинг энг заифидир” (Муслим ривояти) деб айтган бўлсалар, бошқача бўлиши мумкинми?

Бундан ташқари, масаланинг бошқа бир хатарли тарафи ҳам бор. У ҳам бўлса, агар биз амри маъруф ва наҳи мункарни ташлаб қўйсак, тўғри йўлни топишга муваффақ бўла олмай, ҳидоятдан маҳрум қолишимиз мумкин. Чунки бирон давлат ё жамият ичида эзгу ишлар қилинмай, билакс, ёмонликлар урчиган бўлса, кўп ўтмай улар оммавий бузғунчиликка дучор бўладилар, Аллоҳ ва Расулига тоатни ташлайдилар, хулқ-атворлари бузилади, ана шунда ҳаммаларига ёппасига азоб келади. Аллоҳ сақласин.

Бу ҳақиқатнинг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини келтирамиз: “Агар одамлар мункар ишни кўра-била туриб уни ўзгартирмасалар, Аллоҳ азза ва жалла уларга оммавий азоб юбориши мумкин” (Термизий, (2168), Абу Довуд, (4338) ривояти).

Имом Термизий келтирган ҳадисга қулоқ тутайлик: Абу Умайя Шаъбоний деди: Мен Абу Саълаба Хушаний разияллоҳу анҳу ҳузурига келиб: “Мана бу оят ҳақида нима дейсиз?” деб сўрадим. У: “Қайси оят?”, деган эди, мен: “Эй иймон келтирганлар, гуноҳдан четланиб, ўзингизни тузатинг. Модомики ҳақ йўлни тутар экансиз, адашган кимсалар сизга зарар етказа олмайди” ояти, деб айтдим. Шунда улуғ саҳобий деди: “Бу оят ҳақида мен ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эдим. У зот бундай жавоб берган эдилар: “Бир-бирингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверинг. Токи одамлар дунёга ҳарислик туфайли бахилликка бўйсунгани, ҳавойи нафсига эргашиб кетгани, дунёни устун қўйгани ва ҳар бир киши ўзини мақтаб юрганини кўрсанг, шундагина ўзингни бил, авомдан узоқ бўл. Ҳали ортингизда шундай кунлар кутиб турибдики, унда сабр қилиш чўғни чангаллаш каби бўлади. У кунларда яхши амал қилувчи киши учун сиз каби амал қилган кишиларнинг элликтаси мислича ажр-мукофот берилади” (Термизий, (3058); Абу Довуд, (4341); Ибн Можа, (4014) ривояти).

Бу илоҳий нидо шарҳида ўтган мулоҳазалар тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам халифаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу айтган сўзларни келтирамиз: у киши кунларнинг бирида одамларга хутба қилиб дедилар: “Ҳой одамлар, Аллоҳнинг: “Эй иймон келтирганлар, гуноҳдан четланиб, ўзингизни тузатинг. Модомики ҳақ йўлни тутар экансиз, адашган кимсалар сизга зарар етказа олмайди”, оятини ўқийсиз, лекин уни нотўғри тафсир қиласиз. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар одамлар мункар ишни кўра-била туриб уни ўзгартирмасалар, Аллоҳ азза ва жалла ҳаммаларига бирдан азоб юбориши мумкин”, деганларини эшитганман”. Биз ҳам буни доим ёдда тутайлик, банда токи амри маъруф ва наҳи мункар қилмас экан, комил ҳидоятга мушарраф бўла олмайди, фақат яхши ишлар қилинаётган, ёмон ишларга қўл урувчи кимсалар йўқ бўлган диёрда яшаётган бўлса бошқа гап. Шундай ер бормикин ажабо?

Нидонинг сўнгидаги Аллоҳнинг: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг ҳузурига қайтасиз. У сизларга қилган ишларингиз хабарини беради” деган сўзларида ваъда ҳам бор, ваъид (таҳдид) ҳам бор.

Аллоҳ ва Расулига итоат этган ва нафсини тоат-ибодатлар билан поклаган кишига жаннат ваъдаси, Аллоҳ ва Расулига итоат этмай, нафсини гуноҳ-маъсиятлар билан булғаган кимсага ваъид, яъни дўзах азоби таҳдиди бор. Аллоҳнинг ҳукми бунда очиқ-равшандир: “Нафсини поклаган ва яхшиликлар билан ўстирган киши нажот топди. Нафсини гуноҳу маъсиятларга кўмган кимса эса зиён кўрди” (Шамс, 9-10).

Аллоҳим, нафсимизни поклагин. Зеро Сен уни энг яхши покловчисан, унинг хожаси ва эгасисан.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг