Фарзанд тарбиясидаги хатолар (1)

0

Ёмон фарзанд ё онасининг, ё отасининг, ёхуд ҳар иккисининг маҳсулидир. Шунинг учун фарзандимизда кузатилган ҳар қандай ёмон хулқ манбаини албатта ўзимиздан қидирмоғимиз даркор. Ҳеч бир ота-она фарзандига ёмон тарбия берганини эътироф этишни истамайди. Фарзандида кўрган ёмон хулқ учун унинг ўртоқларини, мактабини, атроф-муҳитини ёхуд боланинг ўзини айблашга уринадилар. Ҳар бир бола ота-онасига тақлид қилиб катта бўлади. Агар сиз фарзандингизга яхши тарбия берган ва унга чиройли ўрнак бўлган бўлсангиз, ошна-оғайнилар ва ёмон муҳитнинг фарзандингизга катта таъсири бўлмайди.

Ёмон тарбиянинг илк омили — ёмон ўрнакдир. Ҳар куни уйига маст ҳолатда қайтадиган, топган пулини ароқ дўконига бериб келадиган бир ота фарзандига ахлоқдан ваъз ўқишининг қанчалик таъсири бўлиши мумкин?!

Ёмон тарбиянинг иккинчи омили — фарзандларимизга етарли вақт ажратмаслигимиздир. Она уй ишлари билан, ота эса тирикчилик ташвишлари билан банд экан, бола кўчадаги ўртоқлари билан ёки уйдаги хизматкор билан вақтини ўтказади. Фарзандига бағишланган вақтини қўшнима-қўшни юриш, ўтиришларда бировларни ғийбат қилиш ва турли миш-мишларга қулоқ тутиш билан ўтказадиган она мураббийлик вазифасини бажардим, дея оладими? Ишдан бошқа нарсани ўйламайдиган, бутун дарди пул топиш бўлган, унга бор кучини сарфлайдиган, кечқурунлари эса ҳисоб-китоб қилиш ёки чойхонада улфатлари билан вақтини ўтказадиган ота яхши ота эканини айтоладими?

Ёмон тарбиянинг учинчи ва энг муҳим омили — нотўғри тарбиядир. Нотўғри тарбия ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилса, айни муддаодир. Қўлингиздаги китоб йўл қўйилган нотўғри тарбия йўлларини қисқа ҳикоялар тарзида баён этиб, сизга бу борада фойдали кўрсатмалар беради. Ота-оналар йўл қўйган нотўғри тарбиядан намуналар келтириб, сизни китоб билан холи қолдиришни истайман.

Кайфиятингиз чоғ ва ишларингиз юришиб турганда фарзандингизнинг ножўя қилиқларини кулиб қаршиласангиз-у, ишларингиз бароридан келмай, юрагингиз сиқилиб турганда айни ножўя қилиқларини унга жаҳл қилиб ёки адабини бериш билан қаршилайдиган бўлсангиз…

Бола айбига иқрор бўлганда жазоланса-ю, ёлғон сўзлаганда жазодан қутулиб қолаётган бўлса…

Бола ялиниб-ёлвориш билан қўлга кирита олмаган нарсасини йиғлаб, ер тепиб эришаётган бўлса…

Оддий кунларда кўрмаган севги ва эътиборингизни бетоб бўлганда кўраётган бўлса, ёмон тарбиячи эканлигингиз билан “фахрланишингиз” мумкин.

Агар мендан бу китобнинг хулосасини ёзишим талаб қилинса эди, шундай деган бўлардим: “Ёмон бола йўқ, ёмон тарбияланган бола бор”.

Ҳар бир ота-онанинг орзу-ҳаваси ва мақсади оила шарафини ҳимоя қилувчи, ота-онаси қариганда уларнинг хизматини қилувчи, улардан меҳрини аямайдиган, яхши тарбия олган фарзанд етиштирмоқдир. Фақат бу иш биз ўйлагандай осон эмас.

Ёмон тарбиянинг асосида билимсизлик ва меҳрсизлик ётади. Болаларнинг қувноқ чуғур-чуғурини асаббузарлик деб билган, уларни босим остида, калтак билан тарбия қиламан, деб ўйлаган ота-оналар нақадар бахтсиздирлар. Бундай бечора ва бахтсиз инсонларнинг фарзанд кўришга ҳам ҳақлари йўқ аслида. Ҳар бир ота-онанинг бирламчи вазифаси фарзандига яхши тарбия беришдир. Фақат жуда озчилик бунда муваффақиятли бўла олади.

Ўқишга бел боғлаганингиз бу ҳикоялар хаёл маҳсули эмас, балки фарзандларига ёмон тарбия берган ота-оналар тилларидан олинган ҳаққоний воқеалардир.

Аллоҳ фарзанд тарбияси ишида сизларга ва фарзандларингизга ёрдам берсин. Агар ҳикоялар замирида ишора қилинган хатолардан узоқ туриб, фарзандларингизни меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқат билан тарбияласангиз, уларни соғлом ва қувноқ бўлиб улғайишига, ёноқларида кулгучлар очилишига, сизга ва жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишларига сўз беришим мумкин.

Ушбу китобни ўқиган оилалардан ақалли ўнтасигина хатоларини тушуниб, тузатсалар, мақсадим амалга ошган бўлиб, бундан бағоят хурсанд бўламан.

К.Г. Салзман

Диққат!

Ҳурматли ота-оналар, ушбу китоб сизлар учун ёзилгандир. Фарзандларингизнинг қўлига тушиб қолмаслиги учун яшириб қўйишингизни тавсия қиламан. Агар тасодифан болаларингизнинг қўли тушиб қолса, бутун сирлар очилиб, мақсадингиз фош бўлиб, сизга берган “насиҳатларим кор қилмай ва уларга ёмон тарбия беролмай қоласиз”.

К.Г. Салзман

Изоҳ қолдиринг