Иймон рукнлари

0

Иймон арконлари олтитадир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис келган. Улар қуйидагилардир:

1 – Аллоҳга иймон келтириш

Аллоҳга иймон келтириш дегани Аллоҳ бутун оламнинг яратувчиси, эгаси, ризқ берувчиси, бошқарувчиси, Аллоҳ осмонда, улуғлиги ва буюклигига муносиб тарзда арш узра юксалган, илми, барча нарсани қамраб туриши ва ҳифзи-ҳимояси ила бандалари билан бирга, Аллоҳ ибодат қилинишга ҳақли ягона зот, ҳар қандай ибодат тури Унга қаратилиши шарт, Аллоҳ гўзал ва комил исмлар ҳамда олий сифатлар соҳиби деб иймон келтиришдан иборат.

2 – Фаришталарга иймон келтириш

 Фаришталарга иймон келтириш улар Аллоҳнинг нурдан яратилган, тинимсиз Унга ибодат қиладиган махлуқотлари эканига, умумий ва хусусий тарзда исми, вазифаси ва сифатлари Қуръон ва ҳадисларда келган фаришталарга, айниқса, Жаброил,  Микоил,  Исрофил ва ўлим фариштаси каби фаришталарга ва уларга буюрилган вазифаларга иймон келтиришдан иборатдир.

3 – Китобларга иймон келтириш

Китобларга иймон келтириш деганда Аллоҳ таоло пайғамбарларга нозил қилган самовий китобларга иймон келтириш тушунилади. Биз мусулмонлар умумий тарзда бу китобларнинг барчасига ва айниқса номлари китобу суннатда тилга олинган Қуръон,  Инжил,  Таврот,  Забур ва Иброҳим алайҳиссаломга туширилган саҳифаларга иймон келтирамиз. Улар башариятни залолатдан ҳидоят сари етаклаш учун нозил қилинганига қатъий иқрор бўламиз.

4 – Пайғамбарларга иймон келтириш

 Аллоҳ таоло барча умматларга уларни Аллоҳга иймон келтириш, ёлғиз Унга ибодат қилиш, бут-санамларга сиғинмаслик, ширк, куфр, зулм ва туғённи тарк қилишга чақирадиган, одамлар орасида адолат ва ҳақ билан ҳукм юритадиган пайғамбарлар юборганига иймон келтириш.

Пайғамбарларнинг биринчиси Одам алайҳиссалом, охиргилари эса Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Қуръонда улардан йигирма бештасининг номи тилга олинган, лекин уларнинг сони бундан кўп.  Пайғамбарларнинг барчалари ростгўй,  художўй,  омонатдор,  тақводор,  ихлос ва ҳидоят билан сифатланган ва зиммаларига юклатилган омонатни умматларига етказган зотлардир.

5 – Охират кунига иймон келтириш

Бу кунга қиёмат куни деб айтилади. Мусулмон киши бу куннинг келишига қатъий ишонади. Охират кунига иймон келтириш ўлим, қабрдаги азоб ёки роҳат, жасадларга руҳларнинг қайтарилиши, инсонларнинг қабрлардан қайта тирилиб чиқиши, амал саҳифаларининг ёйилиши, амаллар тортиладиган тарози ўрнатилиши, сирот кўприги, ҳовуз, шафоат, жаннат ва жаҳаннамга иймон келтиришни ҳам ўз ичига олади.

6 – Қадарга иймон келтириш

Инсонларга етадиган барча яхши ёки ёмон ишлар азалдан тақдирда битилганига қатъий иймон келтирамиз. Қадарга иймон келтириш дегани Аллоҳ таоло барча нарсани азалий илми билан билган, уларни Лавҳул Маҳфузда ёзган, содир бўлишини ирода қилган ва воқеликда яратганига иймон келтиришни ўз ичига олади.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг