Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (5)

0

117 – Бир неча маййитни бир қабрга дафн этиш

Имом Алоуддин ас-Самарқандий айтади: «Икки-уч киши бир қабрга дафн этилиши тўғри эмас. Чунки Ислом уммати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бери ҳар бир маййитни алоҳида қабрга кўмиб келади»[1].

Дарҳақиқат, уламолар бир қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этиш зарурат юзасидан жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар. Урушда ёки зилзилада ҳалок бўлганларни бунга мисол қилиш мумкин. «Бироқ бир юртда қабристонлар етарли бўлатуриб, муайян бир қабристонда жой тор бўлиши бир қабрга бир неча маййитни дафн этишга рухсат берадиган зарурат ҳолати ҳисобланмайди. Шунингдек, бирор кимсани яқин кишиси билан қўшиб дафн этиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилинган»[2].

«Худди имомликда бўлгани каби»[3] маййитлардан афзалроқ бўлгани қибла томонга қўйилади[4].

«Барчаларини қиблага қаратиб, ўнг тарафлари билан ётқизилади»[5].

«Шунингдек, бир хил сифатларга эга бўлган икки киши битта қабрга қўйиладиган бўлса, улардан қай бири қибла томонга қўйилиши қуръа йўли билан аниқланади. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу икки аёли ўртасида шундай йўл тутган[6]»[7].

«Агар қабр узун шаклда кавланиб, бир маййитнинг боши иккинчисининг оёқлари остига ёки жасади ўртасига қўйилса ҳам жоиз. Шундай қилиш наригисидан кўра яхшироқдир. Шунда фазилатда мартабаси қуйироқ бўлган кишининг боши ўзидан кўра фазилатлироқ бўлган кишининг оёқлари учида ёки болдири қаршисида зинапоя шаклида жойлашади»[8].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жанггида ўлдирилган кишилардан ҳар иккисини бир кийимда жамлар, сўнг: “Қайси бири кўпроқ Қуръон ёдлаган эди?” деб сўрар, иккаласидан қайси бири у зотга кўрсатилса уни биринчи қабрга қўяр ва: “Мен улар устида гувоҳман”, дер эдилар. Уларни қонлари билан дафн этишга буюрдилар, ювмадилар, уларга намоз (жаноза) ўқимадилар»[9].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Аслида, Ислом шариатига кўра ҳар бир маййит имкон қадар алоҳида қабрга дафн этилиши керак. Хоҳ у билан бир вақтда вафот этган, хоҳ ундан кейин вафот этган бирор кимса унга қўшиб кўмилмайди.

Шунингдек, бир муддатдан сўнг маййитларни қабрларидан ковлаб олиб, кейин барчаларини бир ўрага қўйиш жоиз эмас»[10].

Яна бундай дейди: «Ҳар бир маййит алоҳида қабрга дафн этилиши лозим. Бунда маййитнинг катта ё кичик бўлиши ёки руҳ пуфланган ҳомила бўлиши аҳамиятсиз. Одам шаклига кирган, тўрт ойга тўлган ҳомилага руҳ пуфланган бўлади. Агар ҳали руҳ пуфланмаган ҳомила бўлса, бирдан ортиқ бундай ҳомилаларни бир қабрга қўйишнинг зарари йўқ»[11].

[1] «Туҳфат ал-фуқаҳо», 1/401.

[2] «Ад-дин ал-холис», 8/40.

[3] Ибн ал-Муқриъ. «Ихлос ан-новий фий иршод ал-ғовий ила масолик ал-ҳовий», 1/303. Муҳаққиқлар: Одил Абдулмавжуд ва Али Муавваз. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1424 ҳ.й.

[4] Қаранг: Сарахсий. «Ал-мабсут», 2/65;

Қози Абу Шужоъ ал-Асфаҳоний аш-Шофеий. «Матн ал-ғоя ват-тақриб фий фиқҳ аш-Шофеий», 105-бет. Муҳаққиқ: Можид ал-Ҳамавий. «Дор Ибн Ҳазм» нашриёти, иккинчи нашр, 1415 ҳ.й.;

Мусо ал-Ҳажжовий ал-Ҳанбалий. «Зод ал-мустақниъ», 133-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Ҳабдон. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти, иккинчи нашр, 1428 ҳ.й.;

Ибн Жузай ал-Моликий. «Ал-қавонин ал-фиқҳийя», 74-бет. Мусаҳҳиҳ: Муҳаммад аз-Занновий. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, иккинчи нашр, 1427 ҳ.й.

Миср диёри муфтийси Шайх Жодулҳақ Али Жодулҳақ айтади: «Шариатга кўра, агар зарурат бўлмаса бир қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этиш жоиз эмас» («Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 10/3555, 1298-фатво).

[5] Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/212.

[6] Яҳё ибн Саид ривоят қилади: «Муоз ибн Жабалнинг икки аёли бор эди. Улардан бирининг ҳузурида бўладиган кунида иккинчисининг уйида таҳорат олмас эди. Иккала аёли ҳам ўлат сабабли бир кунда вафот этди. Уларни қабр олдига келтирди, сўнг иккаласидан қайси бири қабрга аввал қўйилиши учун қуръа ташлади». Ибн Абу Дунё «Ал-иёл» китобида (2/705, 514-рақам) келтирган. Муҳаққиқ: Нажм Халаф. «Дор Ибн ал-Қаййим» нашриёти, биринчи нашр, 1420 ҳ.й.

Шайх Машҳур Салмон «Қавоид Ибн Ражаб» китоби таҳқиқида (3/200) мазкур асарнинг санади «мунқатиъ» (узук, яъни заиф) эканини айтиб ўтган.

[7] «Қавоид Ибн Ражаб», 3/200, 160-қоида.

[8] «Ар-риоя ас-суғро», 1/147; «Мажмуъ муаллафот ас-Саъдий», 10/500.

[9] Бухорий ривояти, 1344-ҳадис.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/285, 18707-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[11] Аввалги манба, 8/436, 9235-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг