Охирзамон қирғинлари (18) Аҳли суннат ва жамоатнинг аҳли китоблардаги охирзамон қирғинларига оид хабарларга муносабати

0

Учинчи баҳс: аҳли суннат ва жамоатнинг аҳли китоблардаги охирзамон қирғинларига оид хабарларга муносабати

Бу баҳс муқаддима ва икки мавзудан иборат.

Муқаддима

Аллоҳга ва Исломга даъват вазифалари ҳамда умуминсоний манфаатлар мусулмонларнинг аҳли китоблар ва улардан бошқалар билан муомала қилишларини тақозо этади. Бу эса, ўз навбатида талай диний ва дунёвий масалаларда улар билан ўзаро суҳбатлашиш ва баҳс-мунозара қилиш эшигини очади. Сабаби, яҳудий ва насронийлар Қуръондан олдин нозил қилинган илоҳий китобларга иймон келтиришгани, улардаги маълумотларга эга бўлишгани учун баъзан айрим мусулмонларга бу китоблардаги баъзи маълумотларни кўрсатишади. Бу китобларда ҳақ ҳам, ботил ҳам мавжуд бўлгани учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга аҳли китоблардан келган хабарлар устидан ҳукм қилувчи одил илмий мезонни қолдирганлар. Аҳли суннат ва жамоат ушбу набавий мезонни маҳкам ушладилар, натижада, Аллоҳ уларни тўғри йўлга ҳидоят қилди ва аҳли китоблардан келган ҳақ хабарларни инкор қилишдан, ботил хабарларни тасдиқлашдан саломат сақлади.

Қуйидаги мавзуда аҳли китоблардан келган хабарларга ёндошиш борасида аҳли суннат ушлаган набавий услуб баён қилинади. Ундан кейинги мавзуда эса, аҳли китобдан келган хабарларни ривоят қилишга рухсат берилган ўринлар билан уларнинг китобларини мутолаа қилишдан қайтарилгани борасида келган ҳадислар ўртасини жамлаш ҳақида сўз юритилади.

Биринчи мавзу: аҳли суннатнинг аҳли китоблардаги охирзамон қирғинларига оид хабарларни қабул қилишга муносабати

Аҳли суннатнинг аҳли китоблардаги охирзамон қирғинларига оид хабарларни қабул қилишга муносабати уларнинг хабарларига умумий ёндошувининг бир парчасидир.

Аҳли суннат уламолари аҳли китобларнинг хабарларини уч қисмга[1] бўладилар:

Биринчи қисм: мақбул хабарлар

Улар Қуръони карим ва саҳиҳ суннатга мувофиқ келган барча хабарларни ўз ичига олади.

Аҳли китобларнинг саҳиҳ суннатга мувофиқ келган хабарларидан бири охирзамонда иймон аҳли билан куфр аҳли ўртасида катта уруш рўй бериши ҳақидаги хабарлардир. Бу қисмда келган маълумотлар Қуръон ва суннатдаги хабарларга умумий суратда тўғри келса-да, ҳодисаларнинг тафсилотлари ва изоҳлари фарқли бўлиши мумкин.

Шунингдек, аҳли китоблардан келган хабарларининг воқеликка мувофиқ келиши бизнинг манбаларимизда уларни ёлғонга чиқарадиган бирон далил бўлмаса, уларнинг тўғри эканини кўрсатиши мумкин.

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Исроилиёт[2] хабарларига келсак, муфассирлар ва тарихчилар улар ҳақида жуда кўп гапирганлар. Улар орасида воқеликка мувофиқ келган тўғри хабарлар ҳам бор”[3].

Аҳли китобларнинг биздаги саҳиҳ ҳадисларга мос келган хабарларини ривоят қилишдан мақсад – биздаги хабарларнинг ҳақиқат эканини таъкидлаш ҳамда тарғиб ва тарҳиб бобида (яъни яхшиликларга қизиқтириш ва ёмонликлардан қўрқитиш учун) улардан фойдаланишдир[4].

Иккинчи қисм: рад қилинган хабарлар

Улар Қуръони карим ва саҳиҳ суннатга ёки воқеликка ёхуд соғлом ақлга хилоф бўлган барча хабарларни ўз ичига олади. Уларни гапириш, ривоят қилиш жоиз эмас, фақат ёлғон хабар эканини баён этиш учун гапириш, ривоят қилиш мумкин[5].

Имом Шофеий[6] раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Исроилдан келган хабарларни гапиришга рухсат берар эканлар, уларни рост ёки ёлғон гапиргани билинмаган кишидан ривоят қилишга рухсат берганлар, ёлғончилиги маълум бўлган кишилардан эмас”[7].

Яъни, хабарнинг ёлғонлиги ёки хабар берувчининг ёлғончилиги маълум бўлса, бундай хабар ҳам, ундай хабарчидан ҳам ривоят қабул қилинмайди.

Охирзамонда рўй берадиган катта уруш натижасида аҳли китобларнинг ғолиб бўлиши, Исо алайҳиссалом Ер юзига тушиб, мусулмонларга қарши яҳудийларга ёрдам бериши[8] ва ҳоказо хабарлар Ислом динида ёлғон экани маълум бўлган, рад қилинган хабарлар жумласидандир.

Учинчи қисм: тасдиқ ҳам, инкор ҳам қилинмайдиган хабарлар

Улар Қуръонда ва саҳиҳ суннатда собит бўлмаган ҳамда воқеликда ўз тасдиғини ёки инкорини топмаган хабарлар бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бани Исроилдан келган хабарларни гапираверинглар, бунда гуноҳ йўқдир”[9], деган сўзларига биноан, уларни гапириш мумкин. Фақат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аҳли китобни тасдиқламангиз, ёлғонга ҳам чиқармангиз[10] , балки “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирдик”, денглар” [11], деган сўзларига кўра, уларни рост ёки ёлғон деб қатъий айтилмайди[12].

Имом Заҳабий[13] раҳимаҳуллоҳ мазкур икки ҳадисни келтиргач, шундай дейди:

“Бу ҳадислар умумий суратда аҳли китоблар ривоят қилган хабарларни эшитиш жоиз экани хусусида пайғамбаримиздан бир рухсатдир. Шу жумладан, уларнинг тиббиётга оид нақл қилган хабарларини ҳам эшитиш жоиз. Лекин уларнинг тўғрилигини исботлайдиган бирон ҳужжат йўқ, ҳужжат фақат Қуръон ва суннатдадир”[14].

Бу қисмга кирадиган мисоллар жумласига охирзамонда яҳудийлар Фаластинда тўплангач, устларига Аллоҳнинг ғазаби тушиши ва бошқа ривоятлар киради[15].

Бу тур ривоятларнинг аксариятидан бирон диний фойда олинмайди, фақат фикр олиш ва мулоҳаза қилиш учун айтилади, холос[16].

Салафи солиҳлар бу тур хабарларни Муовия[17] разияллоҳу анҳунинг сўзларига биноан воқелик мезонида тортиб, ундан сўнг ҳукм чиқарар эдилар. Муовия разияллоҳу анҳу Каъб ал-Аҳбор[18] ҳақида шундай деган эди:

“У аҳли китоблар ҳақида ривоят қилувчилар ичида энг ростгўй одам бўлишига қарамай, барибир биз унинг қанчалик тўғри-нотўғри гапираётганини текшириб кўрар эдик”[19].

Муовия разияллоҳу анҳу саҳобалар Каъбнинг аҳли китоблардан ривоят қилган хабарларини воқеликка солиштириб кўрганларини айтмоқда. Баъзи ҳолатларда Каъб раҳимаҳуллоҳ айтган хабарлар воқеликка мос келмас, яъни тўғри бўлиб чиқмас эди[20].

Шайхулислом Ибн Таймия ва Ибн Қаййим раҳимаҳумаллоҳ аҳли китобларнинг хабарларини муҳокама қилишар эди. Улардан баъзиларини, бизда уларни тасдиқлайдиган бирон оят ва ҳадис бўлмаса ҳам, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва умматларининг воқелигига мувофиқ келгани боис хабарнинг тўғрилигини айтишган[21].

Фазилатли Доктор Сафар Ҳаволий айтади:

“Аҳли китобларнинг хабарларини тасдиқламаймиз ва инкор ҳам қилмаймиз деганимиз уларни эътиқод ва ваҳий доирасидан тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин бўлган, тузатиш ва қўшимча киритишни қабул қиладиган фикр ва тарихий ривоят доирасига чиқарамиз деганидир. Яъни аҳли китобларнинг ривоятларини тасдиқламаслик ва инкор қилмаслик улар ҳақида умуман тадқиқ қилмаслик, баҳс юритмаслик дегани эмас. Балки уларни шартли равишда, гумон ва эҳтимол доирасида муҳокама қилиш мумкин”[22].

Хулоса қилиб айтганда, аҳли китобларнинг хабарларини воқеликка мувофиқ келиш-келмаслигини текшириш, гарчи шаръан бунга буюрилмаган бўлсак ҳам, аслида жоиз ишдир. Айниқса, текширувчи киши пухта илм эгаси бўлса ва бунда аҳли китобларни Исломга даъват қилиш ёки уларнинг мусулмонларга душманлик қилишини тўсиш бўлса, мустаҳаб бўлади[23].

Иймони ва илми мустаҳкам бўлган киши бу ишга киришса, бидъатчи бўлмайди. Чунки бу борада саҳобалардан, аҳли суннат ва жамоат имомларидан бу ишни қилган олимларга эргашган бўлади.

Иккинчи мавзу: аҳли суннат ва жамоатнинг аҳли китобларнинг китобларини мутолаа қилишга муносабати

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Исроилдан келган хабарларни ривоят қилишга рухсат берган эдилар. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Бани Исроилдан келган хабарларни ривоят қилаверинглар, бунда гуноҳ йўқдир”[24].

Бу рухсат қаршисида уларнинг китобларини мутолаа қилишдан қайтарилган. Жобир ибн Абдуллоҳ[25] разияллоҳу анҳумодан келган ҳадиси шарифда Умар ибн Хаттоб[26] разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига аҳли китобларнинг биридан қўлига тушган китобни олиб келиб, у зотга ўқиб беради. Шунда у зот ғазабланиб, шундай дейдилар: “Эй Ибн Хаттоб, шу китобларга маҳлиё бўляпсизларми?![27] Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга динни очиқ-ойдин, соф ҳолда келтирдим. Сизлар аҳли китоблардан (динингизга тааллуқли) бирон нарса ҳақида сўраманглар. Чунки улар сизларга рост хабарни берсалар, сизлар уни ёлғонга чиқариб қўйишларингиз ёки аксинча, ёлғон хабар берсалар, рост деб тасдиқлаб қўйишларингиз мумкин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо алайҳиссалом тирик бўлганда, менга эргашишдан бошқа йўл топа олмас эди”[28].

Аҳли суннат ва жамоат имомлари мазкур икки ҳадис орасини жамлашга ҳаракат қилиб, бир қатор фикрларни билдирганлар. Улардан энг муҳимлари қуйидагилардир:

Биринчи фикр: Бани Исроилдан келган хабарларни ривоят қилиш Исломнинг дастлабки йилларида фитнага сабаб бўлишидан қўрқилгани боис тақиқланган эди, сўнгра фитнага сабаб бўлмаслигидан хотиржам бўлингач, уларни ривоят қилишга рухсат берилган.

Иккинчи фикр: бу ўриндаги тақиқлаш улар ҳақида оят-ҳадис мавжуд бўлмаган нарсалар ҳақида савол сўраш масаласига тааллуқлидир.

Учинчи фикр: бу борадаги таъқиқлаш аҳли илмлардан бошқаларга мурожаат қилишга тегишли, аҳли илмлар бунга кирмайди[29].

 Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бу масалада иймонда мустаҳкам бўлган билан бўлмаганнинг орасини ажратиш афзалдир. Иймонда мустаҳкам бўлмаган киши аҳли китобларнинг китобларига қараши жоиз эмас. Бунинг акси ўлароқ, иймонда мустаҳкам бўлган кишига бу иш жоиздир. Айниқса, мухолифларга раддия беришга эҳтиёж туғилганда бу китобларга қараш зарурати янада ортади. Бунга ўтмишда ва ҳозирда аҳли суннат имомларининг Тавротдан нақл қилганлари ва яҳудийларга ўзларининг китобларидан фойдаланган ҳолда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлашга мажбур қилганлари далил бўлади. Уларнинг эътиқодларида аҳли китобларнинг китобларига назар солиш жоизлиги бўлмаганда эди, бу ишни қилмаган ва улардан шариатимизга мос келганларини билмаган бўлардилар”[30].

 

[1] Қаранг: Ибн Ҳазм. “Ал-фисал фил милал вал-аҳвои ван-ниҳал”, 1/318-321; “Ал-жавоб ас-саҳиҳ”, 6/461, 462; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 12/58, 13/345, 24/258; “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 2/31-39, 6/283-285; “Шарҳу ал-ақида ат-таҳовийя”, 1/230; “Фатҳ ал-Борий”, 6/575, 576, 13/340; “Усул фит-тафсир”, 53; “Ат-тафсир вал-муфассирун”, 1/62, 71, 169-177, 179, 180; “Маноҳил ал-ирфон фи улум ал-Қуръон”, 2/22; “Явм ал-ғазаб”, 7-9.
[2] Исроилиёт – яҳудий ва насронийлардан иборат Бани Исроилдан нақл қилинган хабарлардир. Исроилиёт хабарларнинг кўпини яҳудийлардан келган хабарлар ташкил қилади (Қаранг: Муҳаммад Усаймин. “Усул фит-тафсир”, 53, 54; “Ат-тафсир вал-муфассирун”, 1/165).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/77.
[4] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 1/251, 19/6, 7.
[5] Қаранг: Ибн Касир. “Тафсир ал-Қуръон ал-азийм”, 7/394.
[6] У Муҳаммад ибн Идрис Қураший Ҳошимий бўлиб, тўрт мазҳаб имомларидан биридир. Ғазода таваллуд топган, кейинчалик Мисрга кўчиб борган ва ҳижрий 204 йил ўша ерда вафот этган (Қаранг: “Тазкират ал-ҳуффоз”, 1/361-363; “Сияру аълом ан-нубало”, 10/5-99; “Тақриб ат-таҳзиб”, 403).
[7] Қаранг: “Ар-рисола”, 265 (қисқартириб олинган).
[8] Мазкур китобнинг 377-бетига қаранг (арабча матни назарда тутилган).
[9] “Саҳиҳи Бухорий”: “Пайғамбарлар ҳақидаги бўлим”, “Бани Исроил ҳақида зикр қилинган ҳадислар боби”, 3461-ҳадис.
[10] Аҳли китоблардан келган хабарларни тасдиқлаш ёки инкор қилишда қатъий гапирмасликка сабаб уларни тасдиқлайдиган ёки рад қиладиган оят ва ҳадиснинг йўқлигидир. Аниқ далил бўлмаган ҳолда уларнинг хабарларини тасдиқласак, ботилни тасдиқлаб қўйишимиз ёки уларни ёлғонга чиқарсак, тўғри хабарни инкор қилиб қўйишимиз мумкин.
[11] Бақара сураси, 136-оят.
[12] “Саҳиҳи Бухорий”: “Тафсир бўлими”, “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирдик, денглар” ояти ҳақидаги боб”, 5124-ҳадис.
[13] У Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий бўлиб, ҳадисларни, ҳадислардаги иллатлар ва ҳолатларни, ҳадис ровийларини, ровийлар ва тарихдаги буюк шахсларнинг таржимаи ҳолларини жуда яхши ва пухта билган атоқли олимлардандир. Ҳижрий 748 йилда вафот этган (Қаранг: “Фавот ал-вафаёт”, 2/315-317; “Ад-дурар ал-комина”, 3/426, 427).
[14] “Мейзон ал-эътидол фи нақд ар-рижол”, 3/470.
[15] Мазкур китобнинг 308 ва 357-бетларига қаранг (арабча матни назарда тутилган).
[16] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/345, 8/322, 18/67, 19/63; “Тафсир ал-Қуръон ал-азийм”, 5/347, 348, 6/284; “Мирқот ал-мафотийҳ”, 1/391, 392; “Ҳужжатуллоҳ ал-болиға”, 1/348-351.
[17] У Мўминлар амири Муовия ибн Абу Суфён, умавийлар давлатининг асосчиси бўлиб, Макка фатҳи куни Исломни қабул қилган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиби бўлган, фатҳ қилган ерлари Атлантика океанига қадар етган. Ҳижрий 60 йилда вафот этган (Қаранг: “Ал-истийъоб”, 3/470-475; “Сияру аълом ан-нубало”, 35/119-126; “Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба”, 6/120-122).
[18] У Абу Исҳоқ Каъб ибн Мотеъ Ҳимярий Ямоний, асли яҳудий бўлган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган ва у зот вафот этгандан сўнг Исломни қабул қилган ва мусулмонлиги чиройли бўлган. Яҳудийларнинг китобларини яхши билар, умумий суратда улардаги маълумотларнинг тўғрисини ботилидан ажратиш қобилиятига эга эди. Ҳижрий 32 йилда вафот этган (Қаранг: “Табақоту Ибн Саъд”, 7/309; “Иқтизо ас-сирот ал-мустақим”, 1/375; “Таҳзиб ал-камол”, 24/189-194; “Тазкират ал-ҳуффоз”, 1/52; “Сияру аълом ан-нубало”, 3/489-494).
[19] “Саҳиҳи Бухорий”: муаллақ тарзда, “Китоб ал-эътисом бил-китоби вас-сунна”, “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аҳли китобдан (шариатга тааллуқли) бирор нарса ҳақида сўрамангиз”, деган сўзлари ҳақидаги деган боб”, 7361-ҳадис. Лекин “Ат-тарих ал-авсат”да ҳадиснинг муттасил шаклини келтирган, 209-ҳадис (Қаранг: Ҳумайдий. “Ал-жамъу байна ас-саҳиҳайн”, 2899-ҳадис; Ибн Ҳажар. “Тағлиқ ат-таълиқ”, 7361-ҳадис; “Фатҳ ал-Борий”, 13/346).
[20] Қаранг: “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/37; “Тафсир ал-Қуръон ал-азийм”, 6/285; “Фатҳ ал-Борий”, 13/346.
[21] Мисол тариқасида қаранг: “Ал-жавоб ас-саҳиҳ”, 5/237-318; “Ҳидоят ал-ҳаёро фи ажвибат ал-яҳуд ван-насоро”, 107-172.
[22] “Явм ал-ғазаб”, 9.
[23] Қаранг: “Фатҳ ал-Борий”, 13/527.
[24] “Саҳиҳи Бухорий”: “Пайғамбарлар ҳақидаги бўлим”, “Бани Исроил ҳақида зикр қилинган ҳадислар боби”, 3461-ҳадис.
[25] У Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий бўлиб, кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бири, 2540 та ҳадис ривоят қилган, 19 та ғазотда иштирок этган, отаси ҳам саҳоба бўлган. Ҳижрий 78 йилда вафот этган.
(Қаранг: “Ал-истийъоб”, 1/292, 293; “Сияру аълом ан-нубало”, 3/189-194; “Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба”, 1/546, 547).
[26] У мўминлар амири, хулафои рошидинларнинг иккинчиси Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл Қураший Адавий бўлиб, ҳижратдан олдин – пайғамбарликнинг бешинчи йили мусулмон бўлди. Унинг халифалик йилларида Исломда 12 мингта минбар ўрнатилди, ҳижрий тақвим жорий қилинди. 537 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 23 йилда Абу Луълуа Мажусий томонидан қатл қилинган.
Қаранг: “Ал-истийъоб”, 3/135; “Сияру ал-хулафо ар-рошидин”, 71-96; “Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба”, 4/588.
[27] Яъни Исломда бўлатуриб, динларингизни билолмай ҳайрон қолиб, уни яҳудий ва насронийлардан ўрганмоқчимисизлар?! (Қаранг: Бағавий. “Шарҳ ас-сунна”, 1/271; “Ан-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис вал-асар”, 5/285; “Лисон ал-араб”, 9/162).
[28] “Муснади Аҳмад”, 15156-ҳадис. Ибн Касир айтади: “Бу ҳадисни имом Аҳмад бир ўзи ривоят қилган, ҳадиснинг санади Муслимнинг шартига тўғри келади” (“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/35. Қаранг: 2/35-бет). Ибн Ҳажар ва Айний Мужолиддан бошқа ҳадис ровийларининг ишончли эканини айтишган. Мужолидда эса заифлик бор. Ибн Ҳажар ҳадис ривоятларини жамлагач, бундай дейди: “Булар ушбу ҳадиснинг барча ривоятларидир. Уларда ҳужжатликка яроқли бирон нарса йўқ, лекин ривоятлар йиғиндиси ҳадиснинг асли бор эканини тақозо этади” (“Фатҳ ал-Борий”, 13/535 ва 13/345; “Умдат ал-қорий”, 25/74; Шайх Албоний “Мишкот ал-масобийҳ”да ҳадисни “ҳасан” даражасида эканини айтган, 177-ҳадис).
[29] Қаранг: Ибн Баттол. “Шарҳу саҳиҳ ал-Бухорий”, 10/389, 391; Хатиб Бағдодий. “Тақйид ал-илм”, 51, 57; Хатиб Бағдодий. “Ал-жомеъ ли ахлоқ ар-ровий”, 2/162; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 15/154, 17/463; Заркаший. “Ат-тазкирату фил-аҳодийс ал-муштаҳара”, 1/27; “Фатҳ ал-Борий”, 6/575, 13/345; Ажлуний. “Кашф ал-хафо”, 1/421, 422.
[30] Қаранг: “Фатҳ ал-Борий”, 13/535; Руҳайбоний. “Матолибу улий ан-нуҳо”, 1/603; “Фатово ал-лажнат ад-доима лил буҳус ал-илмийя вал-ифто”, 3/311.

Изоҳ қолдиринг