Эй иймон келтирганлар (44): Васиятга гувоҳ ҳозир қилиш вожиблиги ва мусулмон топилмаса мусулмон бўлмаган кишини гувоҳ қилиш жоизлиги

0

Эй иймон келтирганлар, сизлардан бирингизга ўлим соати келганда, мусулмонлардан икки омонатдор кишини ўз васиятига гувоҳ қилсин, ёки сафарда эканингизда ўлим келса ва мусулмон киши топилмаса, мусулмон бўлмаганлардан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар гувоҳлар тўғри гувоҳлик беришларига шубҳалансангиз, намоздан кейин уларни тургизинг, улар Аллоҳ номига қасам ичиб: “Бу қасамимиз эвазига дунё матосидан бирор нарса олмаймиз, гарчи қариндошимиз бўлса-да, тарафкашлик қилмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Агар шундай қилсак, биз гуноҳкорлардан бўламиз”, деб айтсинлар. Агар гувоҳларнинг гуноҳ қилишгани яъни ёлғон гувоҳлик берганларини маълум бўлса, у ҳолда у иккиси ўрнига майитнинг эгаларидан икки киши гувоҳликка туриб, Аллоҳ номига қасам ичадилар ва: “Бизнинг рост гувоҳлигимиз буларнинг ёлғон гувоҳлигидан кўра қабул қилинишга лойиқроқ. Биз ҳаққа тажовуз қилмадик. Акс ҳолда шубҳасиз золимлардан бўлиб қоламиз“, деб айтадилар. Бу ҳукм улар охират азобидан қўрқиб ёки ёлғон гувоҳлик ҳақ эгаларининг қасамёди билан рад қилинишидан ва шарманда бўлишдан қўрқиб, гувоҳликни ҳаққи-рост адо этишларига яқинроқдир. Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинг ва насиҳатларга қулоқ тутинг. Аллоҳ фосиқ кимсаларни тўғри йўлга йўлламайди” (Моида, 106-108).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо ҳар бир мўмин ҳаётида тўқнаш келиши мумкин бўлган қийин бир муаммони ҳал қилиб, мўминларга ҳидоят ва тўғри йўлга йўлловчи бўлиб келди. Қуръондаги уч оят ўз ичига олган бу нидони қуйида бирма-бир баён қилиб берамиз:

Биринчиси: “Эй иймон келтирганлар”. Яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчи деб иймон келтирган мўминлар.

Сизлардан бирингизга ўлим соати келганда мусулмонлардан икки омонатдор кишини ўз васиятига гувоҳ қилсин”. Бирортангиз ўлим соати яқинлашганини сезиб, мол-дунё ва бошқа ҳақ-ҳуқуқлар бўйича васият қилмоқчи бўлса, мусулмонлардан бўлган икки адолатли киши унинг васиятига гувоҳ бўлсин. Бу муқимлик ҳолатидаги гап. Аммо бирингизга мусофир бўлган ҳолида ўлим етса ва атрофида мусулмон ҳамроҳи бўлмаса, бундай ҳолда зарурат юзасидан кофир кишини бўлса ҳам васиятига гувоҳ қилсин. Агар хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, бу икки гувоҳнинг гувоҳлиги борасида шак-гумон қилсангиз, сўзлари ҳаққоний ё уйдирма эканидан шубҳалансангиз, аср намозидан сўнг уларни тургизинг ва улар сизга Аллоҳ номи билан қасам ичсинлар. Қасамларида: “Аллоҳга қасамки, биз бу гувоҳлигимизни арзимас дунё матосига алмаштириб юбормаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Акс ҳолда гуноҳкор бўлиб қоламиз, ҳолбуки биз гуноҳга асло рози бўлмаймиз”, деб айтсинлар. Агар сиз уларнинг гувоҳлигига шубҳада бўлсангизгина бундай чора қўлланилади, бунда гувоҳлик муқимликда бўлганми, мусофирликдами баробардир, фақат сафардаги гувоҳликдан шак-шубҳа қилиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.

Икки гувоҳ гувоҳлик бергач ва гувоҳлигининг чин эканига қасам ичгач, уларнинг хиёнат қилгани ва ёлғон гапиргани ошкор бўлиб қолса, ичингиздан бошқа икки киши туриб, у иккисининг гувоҳлиги ва қасамини рад этсин. Аллоҳ таоло деди: “Агар гувоҳларнинг гуноҳ қилишгани, яъни ёлғон гувоҳлик берганлари маълум бўлса, у ҳолда у иккиси ўрнига майитнинг эгаларидан икки киши гувоҳликка туриб, Аллоҳ номига қасам ичадилар”, яъни гувоҳликка лойиқроқ бўлган икки киши туриб, қасам ичиб, айтадилар: “Бизнинг гувоҳлигимиз у иккисининг гувоҳлигидан кўра қабул қилинишга лойиқроқдир. Яъни биз ичган қасам рост ва тўғрироқдир. Биз у иккисига туҳмат қилиб ёки ёлғон сўзлаб, улар ҳақига тажовуз қилмаймиз, акс ҳолда золимлардан бўлиб қоламиз”. “Биз ҳаққа тажовуз қилмадик”, яъни ичган қасамимизда ҳақдан бошқасини айтмадик, чунки у ҳолда золимлардан бўлиб қолардик.

Иккинчиси: “Бу ҳукм улар охират азобидан қўрқиб ёки ёлғон гувоҳлик ҳақ эгаларининг қасамёди билан рад қилинишидан ва шарманда бўлишдан қўрқиб, гувоҳликни ҳаққи-рост адо этишларига яқинроқдир”. Аллоҳ сизга жорий қилган бу қонунлар, яъни берилган гувоҳликка қарши гувоҳлар келтирилиши, қасамлар ичилиши ва гувоҳлигига шубҳа қилинган икки гувоҳнинг, хусусан у иккисининг рост сўзламаганига далиллар ошкор бўлганда, гувоҳлигини рад қилиш учун бошқа икки гувоҳнинг келтирилиши гувоҳларнинг гувоҳлик ва қасамни ҳаққоний бажаришларига яқинроқдир.

Учинчиси: “Ёки ёлғон гувоҳлик ҳақ эгаларининг қасамёди билан рад қилинишидан қўрқиб”, деган сўзлар ҳам гувоҳлар ичган қасамлари рад этилиб шарманда бўлишдан қўрққанидан ёлғон гапирмаслигига яқинроқдир.

Тўртинчиси: “Аллоҳдан қўрқинг”. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинг, тақводорлардан бўлинг. Аллоҳ амрини тарк этиш ва маъсият домида қолиш билан Унинг тоатидан чиқманг ва: “қулоқ тутинг”, яъни нимага буюрилган бўлсангиз шунга қулоқ солиб, итоат қилинг. Бу илоҳий нидо кўрсатмаси бўлган ўлим соати яқинлашганда васиятга гувоҳ ҳозир қилиш вожиб экани ва сафарда мусулмон одам топилмаса мусулмон бўлмаган кишини гувоҳ қилиш жоиз экани ҳақидаги ҳукмга қулоқ солиб, амал қилиш ҳам шу жумладандир. Сўнг гувоҳларнинг гувоҳлиги тўғрилигига гумон пайдо бўлса, улардан бошқа икки адолатли мусулмон қасам ичиб, аввалги икки гувоҳнинг гувоҳлигини рад қилади. Гувоҳлик ва қасам ичишдан сўнг хиёнат ва ёлғон аломатлари кўриниб қолса, яна бошқа икки киши гувоҳликка туриб, гувоҳликни рад қилади ва талаб қилинган ҳақни адо этади.

Бешинчиси: “Аллоҳ фосиқ кимсаларни тўғри йўлга йўлламайди”. Яъни улар учун яхши бўлган ҳолатга, саломатли, саодатли, комил йўлга йўлламайди. Чунки фосиқ кимсалар ўзларини гуноҳ ва маъсиятлар билан булғадилар. Хиёнат ва ёлғон билан Аллоҳ ва Расулининг тоатидан чиқиб қолишдан ҳазир бўлайлик.

Фосиқликнинг куфр бўлгани бор, гуноҳи кабира ва бузуқлик бўлгани бор. Биз буларнинг ҳар биридан сақланайлик. Чунки буларнинг ҳар бири Аллоҳнинг ҳидоятидан тўсувчи иллатдир. Банда агар ёмонлик ва фасодга ботса, тавба қилиш ва тузалиш орқали ҳидоят топишга лойиқ бўлмай қолади ва натижада Аллоҳнинг ҳидоятидан маҳрум бўлади.

Ҳурматли ўқувчи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида содир бўлган бир воқеа билан сўзимни тугатаман. Ушбу илоҳий нидо ўз ичига олган уч оят ҳам шу ҳодиса сабабли нозил бўлган. Ўқиб фикр юритинг, зеро бу сизга билим ва маърифатингизни зиёда қилади.

Тамим Дорий деди: “Васиятга гувоҳ қилиш оятидан мен ва Адий ибн Баддодан бошқа кишилар дахлсиз бўлдилар (яъни шу иккисидан бошқа инсонларда бундай ҳолат бўлмаган). Бу иккиси насроний бўлиб, Ислом келишидан олдин тижорат учун Шом диёрига қатнар эдилар. Кунларнинг бирида улар олдига Бани Саҳмнинг озод қилинган қули Будайл ибн Абу Марям тижорат моллари билан келиб қолди. Моллари ичида энг қимматбаҳо бўлгани кумушдан ясалган бир идиш бўлиб, уни подшоҳга совға қилмоқчи эди. Бироқ Будайл кутилмаганда касал бўлиб қолди ва ўлим соати келганини сезгач, у иккисига тижорат молларини оиласига элтиб беришларини васият қилди. Тамим айтади: “У вафот этгач, биз ҳалиги кумуш идишни минг дирҳамга сотиб, пулини Адий билан бўлишиб олдик ва қолган молларни оиласига топширдик. Улар моллар ичидан кумуш идишни топмагач, у ҳақда биздан сўрадилар. Шулардан бошқасини билмаймиз, бизга бергани шулар дедик”. Тамим деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан кейин мен Исломни қабул қилдим ва қилган ишимдан пушаймон бўлиб, Будайлнинг оиласига бордим. Бўлган иш ҳақида уларга хабар бериб, беш юз дирҳам пулни бердим ва шеригимда ҳам шунча ҳақлари борлигини айтдим. Улар шеригимнинг ёқасидан тутиб ҳақларини талаб қилган эдилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз динидаги муқаддас санаган нарса билан қасам ичишини талаб қилинглар, деб буюрдилар. У қасам ичди. Шунда: “Эй иймон келтирганлар, сизлардан бирингизга ўлим соати келганда, мусулмонлардан икки омонатдор кишини ўз васиятига гувоҳ қилсин” ояти “Агар гувоҳларнинг гуноҳ қилишгани яъни ёлғон гувоҳлик берганларини маълум бўлса, у ҳолда у иккиси ўрнига майитнинг эгаларидан икки киши гувоҳликка туриб, Аллоҳ номига қасам ичадилар ва: “Бизнинг рост гувоҳлигимиз буларнинг ёлғон гувоҳлигидан кўра қабул қилинишга лойиқроқ”, сўзигача нозил бўлди. Шунда Амр ибн Ос ва улардан яна бир киши туриб қасам ичдилар ва беш юз дирҳам Адий ибн Баддодан тортиб олинди” (Термизий ва Ибн Жарир ривояти. Термизий заиф деган. Бу ҳадис бошқалардан ҳам ривоят қилинган ва оят мазмунига мувофиқдир).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг