Дард ва даво (88): Катта ва кичик гуноҳлар

0

Бўлим

Гуноҳлар катта ва кичик гуноҳларга бўлиниши Қуръон ва суннатда айтилган, саҳобалар, тобеинлар ва кейинги олимлар шунга ижмо қилишган.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритурмиз” (Нисо, 31).

Бошқа оятда: “Улар (яъни жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатга, Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир” (Нажм, 32).

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобида келган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Беш вақт намоз, жума келгуси жумагача, рамазон келаси рамазонгача, модомики катта гуноҳларга қўл урилмас экан,  ўрталарида содир этилган кичик гуноҳлар учун каффоратдир[1].

Гуноҳларга каффорат бўладиган мазкур амаллар уч даражада бўлади:

Биринчиси: кичик гуноҳларга каффорат бўлишга, уларни ўчириб юборишга қосирлик қиладиган амаллар. Сабаби, бундай амаллар заиф бўлади, тўлиқ ихлос билан мукаммал даражада адо этилмаган бўлади. Бу каби амалларни миқдор ва сифат жиҳатидан касалликни енгишга кучи етмайдиган заиф дориларга ўхшатиш мумкин.

Иккинчиси: кичик гуноҳларга каффорат бўлишга кучи етадиган, лекин катта гуноҳлардан биронтасини ўчириб юбориш даражасига кўтарилмаган амаллар.

Учинчиси: кичик гуноҳларга каффорат бўлишга кучи етадиган ва айрим катта гуноҳларни ҳам ўчириб юборишга қодир амаллар.

Шу масалани яхшилаб мушоҳада этинг. Зеро, у сиздаги кўп тушунмовчиликларни кетказади.

«Икки саҳиҳ тўплам»да нақл қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига айтадилар: “Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?” Биз: “Ҳа, Расулуллоҳ”, дедик. “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, дедилар[2].

«Икки саҳиҳ тўплам»да нақл қилинган бошқа ҳадисда айтадилар: «Ҳалок қилувчи етти гуноҳдан четланинглар”. “Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?” деб сўрашди. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етимнинг молини ейиш, рибодан мол топиш, душманга йўлиққан пайтда қочиш, беайб иффатли мўмина аёлларни зинода айблаш”, дея жавоб бердилар[3].

«Икки саҳиҳ тўплам»да нақл қилинган бошқа ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳ қайси?” деб сўралди. Шунда у зот: «Аллоҳ сени яратган бўла туриб, бировни Унга шерик қилишинг», дедилар. «Сўнг қайси?» дейишди. «Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб, ўз фарзандингни ўлдиришинг», дедилар. «Сўнг қайси?» дейишди. «Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг», деб жавоб бердилар». Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу сўзларни тасдиқлаб қуйидаги оятни нозил қилди:  «Улар Аллоҳга қўшиб бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу гуноҳлардан биронтасини қилса, уқубатга дучор бўлур» (Фурқон, 68)[4].

 

[1] Муслим (233) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[2] Бухорий (2653) ва Муслим (87) Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[3] Бухорий (2766) ва Муслим (89) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[4] Бухорий (4477) ва Муслим (86) Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг