Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (6)

0

118 – Аёл ва эркакни бир қабрга дафн этиш

Уламолар қатъий зарурат тақозо қилганда аёл билан эркакни бир қабрда жамлаш жоиз эканини айтиб ўтганлар[1].

«Шунда эркак худди намоздагидек, аёлдан олдинга – қибла тарафга қўйилади»[2].

119 – Сиам эгизакларини дафн этиш[3]

Аш-шаравоний аш-Шофеий айтади: «Агар эгизаклар бир-бирларига ёпишган ҳолатда вафот этишса, қандай йўл тутилади? Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин: Улар бир-бирларидан ажратилиб, ҳар бирини қиблага қаратиб дафн этиш тўғридек кўринади. Чунки вафотларидан сўнг ёпишиб туришлари шарт эмас. Бу масала ўрганишга муҳтож. Агар (уларни ажратмасдан) қуръа ташланади, дейилса ҳам хато бўлмайди»[4].

«Ҳошият аш-Шубромлисий»да келади: «“Баст ал-анвор” китоби муаллифи айтади: “Агар бир-бирига ёпишиб туғилган икки кишидан бири вафот этса, тирик қолганига зиён етказмаган ҳолатда ўликни ажратиб олиш имкони бўлса, шундай қилиш вожиб бўлади. Агар бунинг иложи бўлмаса, маййит ҳаққида қилиниши керак бўлган вазифалар адо этилади. Яъни, уни ювилади, кафанланади ва жанозаси ўқилади. Дафн этиш имкони бўлмагани учун жасад ўзи тушиб кетиши кутилади. Агар жасад қуриб тушса, тушган қисмини кўмиш вожиб бўлади. Агар иккалалари биргаликда вафот этса ва икки эркак ёки икки аёлдан иборат эгизлар бўлса, биргаликда ювилади, кафанланади, жанозалари ўқилади ва дафн этилади. Зоҳир фикр шудир.

Эҳтимол, бундай десак тўғри бўлар: имкон бўлса эгизаклар бир-бирларидан ажратилади. Агар улар эркак ҳамда аёлдан иборат эгизаклар бўлишса ва уларни бир-бирларидан ажратиш имкони бўлса, афтидан шундай қилиш вожиб бўлади. Агар имкони бўлмаса, қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак. Қиблага қаратиш ва бошқа шу каби ишларда эркак афзал кўрилади, валлоҳу аълам”. Иқтибос тугади»[5].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Агар бир аёл эгизак фарзанд туғса ва улар орқа тарафдан бир-бирларига ёпишган бўлса, яъни юзлари алоҳида бўлса, кун келиб улардан бирлари ёки иккалалари бир вақтда вафот этса, улар қандай дафн этилади? Уларни ажратиш вожиб бўладими? Уларнинг аҳли-оилалари қандай йўл тутиши керак? Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.

Жавоб: Агар шундай ҳолат юзага келса, мутахассис табибларга кўрсатилади. Улар болаларни ажратиш чорасини топишса, шундай қилишади. Агар иложи бўлмаса ва болалар вафот этса, биргаликда дафн этилади. Агар бирлари вафот этиб, иккинчилари тирик қолса, табиблар ўлган жасадни тиригидан ажратиб олишади. Агар маййит мусулмон бўлса, ювилади, жанозаси ўқилади ва якка ўзи дафн этилади. Тириги ўз ҳолича қолади. Тирик қолгани маййит сабабли озорланмаслиги керак. Балки табиблар ўзларига маълум услублар билан маййитни ажратиб олишга ҳаракат қилишлари керак бўлади»[6].

[1] Қаранг: «Мухтасар ал-Хирақий», 43-бет; «Аш-шарҳ ал-кабир» (муаллиф: ар-Рофеий), 2/455; «Ат-тож вал-иклил», 2/236; «Ал-баҳр ар-роиқ шарҳ канз ад-дақоиқ», 2/341.

[2] Ибн Абдулбар. «Ал-кофий фий фиқҳ аҳлил-Мадина», 87-бет. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, учинчи нашр, 1427 ҳ.й.

[3] «Сиам эгизаклари»нинг таърифи қуйидагича: «Бир қоринда бирдан ортиқ болалар бўлади. Она уларни баданлари бир-бирларига ёпишган ҳолатда туғади. Бу ёпишиш баданнинг тўғри келган жойидан бўлиши мумкин» (Доктор Файсал Балъамаш. «Аҳком ат-тавоим ал-мултасиқа фил-фиқҳ ал-исломий», 195-бет. Қирол Абдулазиз университетига қарашли «Ал-одоб вал-улум ал-инсонийя» журнали, 16-жилд, 2-адад, 1429 ҳ.й.)

[4] «Ҳавоший туҳфат ал-муҳтож би-шарҳ ал-минҳож», 3/171. Муаллифлар: Абдулҳамид аш-Шаравоний ва Аҳмад ал-Убодий. «Ал-мактаба ат-тижория» нашри, Миср.

[5] Шубромлисий ал-Ақҳарийнинг «Ниҳоят ал-муҳтож ила шарҳ ал-минҳож»га ёзган ҳошияси, 2/474.

[6] Шайх Ибн Боз. «Фатово нурун ала ад-дарб», 14/117. Тўпловчи: Муҳаммад аш-Шувайъир.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг