Фарзанд тарбиясидаги хатолар (2): Болаларни ўзингиздан совутиш йўллари

0

Фарзандларингиз олдида ҳар доим қовоғингиз солинган ва жиддий бўлинг. Арзимаган бебошликлари учун уларни жазоланг, ўзларини оқлашларига йўл қўйманг, изн берманг. Қувончларига шерик бўлманг, жонлари ачиганда устларидан кулинг. Яхши хулқларини, қилиқларини кўрмаганга олинг. Хатоларини юзларига солинг, қилиқларини майна қилинг.

Жажжи Ойша уйлари олдидаги турфа гулларга тўла боғчага кирди. Юраги севинч билан урарди. “Онам бинафшани яхши кўради”, деди ичида ўзига-ўзи. Бир даста териб онамга олиб борсам, ким билсин, қанчалар севинса! Мени ўйлаган қизимдан ўргилай, деб ёноғимдан ўпиб қўйса!

Шундай ширин хаёллар оғушида юлиб олган гуллар билан этагини тўлдирди. Остонада ўтириб олиб, митти қўлчалари билан гулларни битта-битта тахлаб, гулдаста қилди. Онасини янада хурсанд қилишни ўйлаб, гулларни бир вазага солмоқчи бўлди. Бироқ уйда ваза йўқ эди, ошхонага чопди. Битта стакан олиб, гулларни унинг ичига солди ва сув тўлдирди.

Юраги севинчга тўла чопиб ошхонадан чиқаркан оёғи қоқилиб, қўлидаги стакан қўлидан сирғаниб, ерга тушди ва чил-парчин бўлди. Гуллар атрофга сочилди. Ён томондаги хонадан синган идиш товушини эшитган онаси югуриб чиқди. Қизалоқ қўрқувдан нима дейишини билмасди. Онаси ердаги стакан синиқларини кўриб, қаттиқ жаҳли чиқди. “Ҳозир сенинг кўзингга кўрсатаман!”, деб ошхонага кирди ва ўқлов кўтариб чиқди. Кичкина қизидан нимага ва қандай синдириб қўйганини сўрамасдан ўқлов билан ура кетди. Жажжи қизалоқ нима бўлаётганига ақли етмас, жон аччиғида “Онажон, урманг, бошқа қилмайман”, деб ялинарди. Жаҳл отига минган бемеҳр она ҳам урар, ҳам бақирарди:

“Яшшамагур, ҳайвон! Яхши кўрган стаканимни синдирасанми! Таёқни еб, ақлинг жойига келсин!”

Раҳмат эшитишни ва юзидан ўпилишини кутган жойда ноҳақ калтак еган ва қарғиш эшитган кичик Ойша онасига нисбатан ичида кин сақлай бошлади ва одамови бир қиз бўлиб улғайди. Бу воқедан сўнг унинг онасига гул берганини ҳеч ким кўрмади…

***

Болаларига гапини ўтказолмайдиган бир хотинни танирдим. Бу хотин чорасиз қолганда болаларини учта нарса билан қўрқитарди: ота, бўжи ва Аллоҳ билан.

Болалар тўполон қилиб, гапга қулоқ солишмаса дарҳол биринчи қуролни қўлларди:

“Оқшом дадаларинг келсин, кўрасанлар! Яхшилаб калтакни енглар-да, ақлларинг жойига келсин!”

Кенжатой жойига ётмай, ҳунар кўрсатяптими? Дарҳол иккинчи қурол ишга тушарди:

“Тезда жойингга ёт, бўлмаса бўжилар келиб, сени ейди!”

Бехосдан оғзиларидан ёмон гап ёки уятсиз сўз чиқиб кетдими, учинчи қурол тайёр:

“Аллоҳ ёмон сўзларни гапирадиган, оғзибузуқ болаларни дўзахда куйдиради!”

Натижа нима бўлди, биласизми? Болалар Аллоҳдан, отадан ва бўжилардан нафрат этадиган бўлдилар…

***

Кичик Хадича ножўя иш қилиб қўйганида дадаси унга танбеҳ берса ёки жазоламоқчи бўлса, шу заҳоти онаси ўртага тушиб, уни жазодан қутқариб қолар, “Сиз қандай золим отасиз, мушдеккина болани жазолашдан уялмайсизми? Менга қилганларингиз етмайдими? Уни ўз ҳолига қўйинг, ҳеч бўлмаса бола бемалол катта бўлсин”, дер, орқасидан қизини ёнига чақириб, қўлига пул тутқазар ва “Бор, магазиндан ўзингга конфет ол”, дерди.

Онаси ўртага тушиб тарафи олинган ва эркалатилган Хадича, отам мени яхши кўрмайди, деб ўйлар ва ундан нафратланарди…

***

Дунё ишларига шўнғиган, фарзандларига беэътибор, ота-она бўлиш бахтига лойиқ бўлмаган бир эр-хотинни танир эдим. Ота кун бўйи тижорат билан машғул, тижоратини қандай қилиб кенгайтириш ва ривожлантириш дардида у ёқдан бу ёққа югурган, кечқурунлари эса, олажак ва беражак ҳисоб-китоблари билан овора бўлар эди. Она эса ойна қаршисида соатларча пардоз-андоз қилар, тақинчоқлар тақиб ўзига оро берар, кийиниб ясан-тусан қилар, янги олган кийимларини қўшни хотинларга кўз-кўз қилиш учун дастурхон тайёрлаб, қўшниларни чойга чақирар эди. Энг севимли машғулоти ўзига ўхшаб олдин камбағал бўлган-у, кейинчалик бойлик кўрган хотинлар билан кўришиб, бозор ва дўконларга бориш ва эрининг топганини кийим-кечакка, олди-бердига сарфлаш эди.

Бир куни оқшом оиланинг кенжатойи Фотима қўлида расмли китоб билан отасининг хонасига кирди. “Дадажон, банан еётган мана бу маймунга қаранг, жуда кулгули турибди-я”, деди.

Олдидаги ҳисоб-китоб дафтаридан кўзини узмаган ота, жаҳлдор овозда жавоб берди: “Банан еётган маймун билан нима ишим бор! Кўрмаяпсанми, иш қилаяпман, бор кет ёнимдан, мени тинч қўй!”

Отасидан эътибор кўрмаган Фотима онасининг ёнига борди. “Онажон, сизга бир нарсани кўрсатмоқчи эдим”, деди. Ойна қаршисида ўтириб олиб, сочига оро бериш билан овора бўлган она эътиборсиз товушда: “Ҳозир сен билан шуғулланадиган ҳолатда эмасман, бор, нимани кўрсатмоқчи бўлсанг, хизматкор қизга кўрсат”, деди.

Кичик Фотима бошини эгиб, маҳзун ҳолда хизматкор қизнинг олдига кетди. Хизматкор қиз болалар тилини тушунадиган, софдил инсон эди. Фотима қўлида очиқ турган китоб билан унинг олдида турар, бироқ хафалигидан нима дейишини билмас эди. Хизматкор қиз китобдаги расмга қаради ва ҳаяжонли бир овозда: “Вой-вой, ё Аллоҳ! Мана бунга қаранглар! Бунчалар кулгули бўлмаса?!” деди ва кула бошлади. Сўнгра болани қучоғига олди, бошини силади ва унга “Бўри билан қўзичоқ” масалини айтиб берди. Фотима бошини хизматкорнинг кўксига қўйганча мароқ билан ҳикояни тингларди.

Фотима ўша кундан бошлаб туйғуларини, хурсандчилиги ва қайғусини хизматкор қизга айтадиган бўлди. Уни ота-онасидан кўпроқ яхши кўрарди. Ота-онаси икки ойлик саёҳатга кетганларида бирор марта ҳам уларни эсламади. Хизматкор қиз атиги бир кун дам олишга чиқса, уни соғинар, қайтиши билан югуриб бориб уни қучоқлар, соғинчини кетказар эди…

Изоҳ қолдиринг