Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валиднинг Ҳийра фатҳидаги каромати

0

Имом Табарий санадлари билан ривоят қилади: Ҳийра мансабдорларидан Ибн Буқайланинг (Амр ибн Абду Масиҳнинг) ёнида юрадиган хизматчиси белига бир халтача осиб олган экан. Холид уни олиб, ичидаги нарсани кафтига тўкди ва: «Нима бу, эй Амр?» деб сўради. «Бир зумда таъсир қиладиган заҳар», деб жавоб берди у. «Нега ёнингда заҳар олиб юрибсан?» деди. «Мен сизларни бундан бошқача тасаввур қилиб, қўрққан эдим. Агар қавмимнинг бошига ёмон ҳолат тушгудек бўлса, заҳар ичиб ўлмоқчи эдим. Мен учун қавмимни ёмон аҳволда кўргандан кўра ўлим афзал», деди. «Ҳеч бир инсон ажали етмаса ўлмайди», деди Холид.  Сўнг: «Исмларнинг энг яхшиси бўлган Аллоҳнинг исми билан, еру кўкнинг парвардигори, Унинг номи айтилганда ҳеч нарса зарар етказолмайдиган Раҳмон ва Раҳим зотнинг исми билан» деб заҳарни оғзига олиб борди. Атрофдагилар ҳой-ҳойлашиб, унинг қўлига ёпишмоқчи бўлган эди, у уларга қулоқ солмай заҳарни ичиб юборди. Холидга заҳар таъсир қилмаганини кўрган Амр ҳайратдан ёқа ушлаб: «Эй араблар, Аллоҳга қасамки, ичингизда биргина киши тирик турса ҳам сизлар истаган ерингизни қўлга киритасиз!» деб хитоб қилди. Сўнг ҳийраликларга юзланиб: «Бугунгидек очиқ-ойдин келган омадни умрим бино бўлиб кўрмагандим», деди[1].

Бу ривоятни ҳофиз Ибн Касир келтирган ва заиф санамаган[2]. Ҳофиз Ибн Ҳажар зикр қилиб: «Абу Яъло ва Ибн Саъд алоҳида икки йўл орқали ривоят қилганлар ва заиф деб айтмаганлар», деди[3]. Ибн Таймия уни кароматларга бир мисол сифатида келтирган[4].

Баъзи замондош ёзувчилар бу ривоятни инкор этишади ва уни айрим ровийлар томонидан Холиднинг шахсиятини улуғлаш мақсадида уйдирилган афсона деб айтишади. Ҳолбуки, бу ривоятнинг санадлари саҳиҳдир. Табарий, Ибн Саъд, ибн Касир ва Ибн Таймия каби буюк олимлар унинг санадини заиф деб айтмаганлар, ваҳоланки улар ислом тарихи борасида замондош тарихчилардан инсофлироқ ва билимдонроқ зотлар эди.

Холид разияллоҳу анҳу заҳарни оғзига олиб борар экан, ҳар нарсани яратган ва ҳар нарсага ўзига хос хусусият берган Аллоҳ таоло заҳарга ҳалок этиш хусусиятини жойлаганига ҳам аниқ ишонарди. Аммо у шу билан бирга, Аллоҳ таоло ўзи истаган пайтда нарсаларнинг хусусиятини бекор қилиб қўйишга ҳам қодир зот деб биларди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссалом ўтга отилганда олов куйдириш хусусиятини йўқотиб, Иброҳимга нисбатан омонлик ва салқинликка айланган эди. Бу ҳолат пайғамбарлардан бошқаларда ҳам зоҳир бўлган. Масалан, Абу Муслим Хавлоний раҳимаҳуллоҳ пайғамбарлик даъво қилган каззоб Асвад ал-Ансийнинг пайғамбарлигини эътироф этмагач, Асвад уни оловга ташлаган, аммо олов унга ҳеч қандай зарар етказмаган, одамлар унинг гулхан ичида намоз ўқиб турганини кўргандилар[5]. Худди шунга ўхшаш, Холид ибн Валид ҳам заҳарни ичар экан, ўзини кўрсатиб қўйиш ва шуҳратталаблик фикри қалбига заррача ҳам аралашмаган эди. Чунки у кўнглига заррача шундай фикр келса, Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўйишини, ҳар бир иш ва ҳолат фақат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан содир бўлишини, заҳарнинг зарарли таъсирини олиб қўйишга фақат Аллоҳ қодир эканини аниқ биларди. Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, бу ҳар бир мусулмон киши гарчи, мақсади Холиднинг мақсади билан айни бўлса ҳам, ўзида синаб кўриши тавсия этилмайдиган нодир ҳолатлардан саналади. Чунки иймони ва Аллоҳга суяниши Холид разияллоҳу анҳу даражасига етадиган киши топилиши нодирдир [6].

[1] «Тарих ат-Табарий», 4/180.
[2] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/251.
[3] Ибн Ҳажар, «Ал-исоба», 2/218.
[4] Ибн Таймия, «Ал-фатово», 11/154.
[5] «Ат-тарих ал-исломий», 9/153.
[6] «Ат-тарих ал-исломий», 9/154.

Изоҳ қолдиринг