Эй иймон келтирганлар (45): Аллоҳ йўлидаги жангдан қочиш ҳаромлиги ва бу Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган катта гуноҳлиги

0

Эй иймон келтирганлар, кофирларга тўқнаш келганингизда уларга орқа ўгириб жанг майдонидан қочманг. Кофирларга ҳийла ишлатиш ёки бошқа бир мусулмон гуруҳга қўшилиш учун ортга чекинган кишидан ташқари, кимда ким душманга тўқнаш келган вақтда уларга орқа ўгириб қочса, у Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Бу нақадар ёмон оқибат” (Анфол, 15-16).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, аввалги нидолар шарҳида такрор-такрор билдикки, мўмин киши иймони билан тирик, Парвардигорининг дўстлиги билан қувватлидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилиб айтмоқда: “Эй иймон келтирганлар, кофирларга тўқнаш келганингизда”, яъни Аллоҳ йўлида уларга қарши жанг қилиш учун ҳужумга ўтганингизда, “уларга орқа ўгириб жанг майдонидан қочманг”, кофирлар кўз ўнгида иродасизлик қилиб, уларга орқа ўгириб тум-тарақай қочманг. Бу катта айб, ор ва шармандалик бўлиб, Аллоҳнинг дўсти бўлган мўмин кишига бундай сифат билан сифатланиб қолиш асло муносиб эмас. Оятдаги қайтариқ бу ишнинг ҳаромлигини ифода қилади. Яъни кофирларга орқа ўгириб қочиш ҳаромдир. Бу билан Аллоҳ мўминларни мушрик ва кофирларга қарши жангга ярамай қолмасликлари учун шижоат ва жасурликка тайёрламоқда.

Душмандан қочиш ёмон оқибатларга олиб келади, хоссатан жанг майдонида душман билан тўқнаш келганда қочишнинг жуда ёмон оқибатлари бор. Шулардан: мўминлар зарарига кофир душманга ёрдам бериш, жанг майдонида урушаётган мўминларга жароҳат етиши ва қатл қилинишини келтириб чиқариш, душман мўминларнинг қурол-аслаҳа ва бошқа жанг учун тайёрлаган буюмларини эгаллаб олиши ва Ислом даъватини тўхтаб қолиши, унинг ёйилиши ва нусратига путур етиши. Шу ва бошқа сабабларга кўра жанг майдонидан қочиш гуноҳи кабиралар қаторига киритилган. Катта гуноҳ эканига оятдаги Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи етарлидир: “кимда ким душманга тўқнаш келган вақтда уларга орқа ўгириб қочса, у Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Бу нақадар ёмон оқибат”.

Саҳиҳ ҳадисда келган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Етти ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинг”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, улар қайсилар?” деб сўрадилар. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳмат қилиш”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Жанг майдонидан қочишнинг Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳмат қилиш каби энг катта гуноҳлар қаторида зикр қилинишини ўзиёқ унинг нақадар катта гуноҳ эканига етарлидир.

Бу илоҳий нидодаги иккинчи оят баёни: “Кимда ким душманга тўқнаш келган вақтда уларга орқа ўгириб қочса”, яъни, жанг майдонида душманга юзма-юз тўқнашган мўмин мужоҳидлар ва кофир душмандан иборат икки тоифа бир-бирига ҳужум қилган пайт душманга орқа ўгириб қочса, ким шундай қилса қандай жазо берилишини зикр қилишдан олдин Аллоҳ таоло икки ҳолатни истисно қилди. Шу икки ҳолат сабаб чекинган кишига гуноҳ йўқ. Чунки бу чекиниш Ислом ва мусулмонларнинг нусрати учундир, ўлимдан қўрққани учун эмас. Зотан қочиш ўлимни қайтара олармиди?

Биринчи ҳолат: Мўмин киши қаршисида урушаётган кофирдан қочиши ва чекиниши ҳийла учун бўлса жоиз. Негаки у орқага чекиниши билан кофир душман унинг кетидан қувиб келса ва сафдошларидан узоқлашса, бир ҳамла билан уни қатл қилиш имкони туғилади. Мужоҳид қочиши, чекиниши мумкин бўлган ва унга ҳеч бир гуноҳ бўлмайдиган икки кўринишнинг бири шудир.

Иккинчи ҳолат: “бошқа бир мусулмон гуруҳга қўшилиш учун” чекиниш ҳам жоиз. Бу шундай ҳолатки, мужоҳид душманнинг қаттиқ босимига дуч келиб қолса, ҳарбий манфаатни кўзлаб, душманга қарши урушаётган бошқа жамоага ё қўмондонга қўшилиб, уларга мадад бериш, ўзи ҳам улардан мадад олиш мақсадида чекиниши жоиз. Ушбу икки ҳолатга: “Кофирларга ҳийла ишлатиш ёки бошқа бир мусулмон гуруҳга қўшилиш учун ортга чекинган кишидан ташқари”,  деган сўзлар далолат қилади. Мана шу икки ҳолатдан ташқари кимда-ким душманга орқасини ўгириб жанг майдонидан қочса, катта гуноҳга қўл урган бўлади ва агар тавба қилмай шу ҳолида вафот этса,  Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлибди ва унинг жойи жаҳаннамдир” деган сўзларига кўра, дўзахга киришга ҳақли бўлади, Аллоҳ сақласин. Яъни, жанг майдонидан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва дўзахга равона бўлган ҳолда қайтади. Борар ери дўзах бўлиши нақадар ёмон оқибат, ёмон қайтишдир.

Ортга қочганлар дўзахга кириши ҳақида таҳдид қилинган бу оят Бадр ғазотига хос деб айтган уламолар ҳам бор, бироқ жумҳур уламолар оят гарчи Бадр ғазоти ҳақида нозил бўлган бўлса ҳам, ҳукми умумийдир, деб айтишган. Юқорида ўтган ҳадис бунга далил бўлади, тўғриси ҳам шудир.

Аллоҳ тавба қилиб, Унга тоат билан қайтган кишилар тавбасини қабул қилувчи зот. Жанг майдонидан қочган ва тавба қилмай вафот этган киши ўзини дўзахга лойиқ этган бўлади. Аммо қилмишидан пушаймон бўлиб тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади ва қилмиши гуноҳи кабира бўлса ҳам гуноҳини кечиради.

Тавбаларни қабул қилиб, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унинг барча пайғамбарларига давомли саловот ва саломлар бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг