Охирзамон қирғинлари (19) Охирзамон қирғинларини ўрганишда баъзи мусулмонларда юза келган зиддиятлар

0

Иккинчи бўлим: охирзамон қирғинларини ўрганишда баъзи мусулмонларда юза келган зиддиятлар

Ушбу бўлим муқаддима ва уч баҳсдан иборат.

  • Муқаддима

  • Биринчи баҳс: исботлашдаги зиддиятлар

  • Иккинчи баҳс: далил келтиришдаги зиддиятлар

  • Учинчи баҳс: охирзамон фитна ва қирғинларини воқеликка татбиқ қилишдаги зиддиятлар

Муқаддима

Ҳар бир замоннинг тушунча ва қизиқишлари бўлиб, улар ўша замонда яшаган инсонлар томонидан айтилган фикрлар ва ёзилган китобларда[1] ғайриихтиёрий равишда ўз аксини топади. Ҳозирги замонамизда фитналарнинг кўпайиши, куфр аҳлининг худди ебтўймас хўрандаларнинг идишдаги таомга ёппасига ҳужум қилганларидек, Ислом аҳлига ҳар томондан ҳужум қилишининг ортишига ҳамоҳанг қиёмат аломатлари, охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақида қўлга қалам олишга эътибор ҳам ортди. Айниқса, китоб ёзиш ва чоп этиш жуда қулайлашган бугунги кунимизда мазкур мавзуда китоб ёзишга алоҳида эътибор берила бошлади.

Охирзамон фитналари ва қирғинларига оид кўпгина ҳадисларда Ислом уммати келажакда бир қатор бало ва офатларга ҳамда мукофот ва хушхабарларга дуч келишига ишора қилинган. Булар эса, баъзи инсонларни ушбу набавий илм ва ғайбий асл ҳақида изланишга ва қўлларига қалам олишга ундади. Улардан айримлари бу ишни аъло даражада бажариб, ўзига ва бошқаларга фойда келтирган бўлсалар, баъзилари гуё сузишни яхши ўрганмасдан туриб ўзларини уммонга отдилар, натижада денгизга ғарқ бўлиш билан бирга, ўзларига эргашганларни ҳам ғарқ бўлишига сабаб бўлдилар[2].

Ушбу бўлим охирзамон фитналари ва қирғинлари мавзусида юзага келган зиддиятлар ва хато-камчиликларнинг кўзга кўринганларини уч баҳс орқали ойдинлаштиришга бағишланади.

Биринчи баҳс: исботлашдаги зиддиятлар

Исботлаш бобида ўртага чиққан зиддиятларнинг муҳимлари учтадир. Улар:

  1. Охирзамон фитна ва қирғинларининг барчасини ёки айримларини инкор этиш.

  2. Асл-асоси бўлмаган охирзамон қирғинларини тўқиб чиқариш.

  3. Охирзамон фитна ва қирғинларига оид ҳадисларнинг лафзларини тасдиқлаб, таъвил билан маъноларини инкор этиш.

Бу зиддиятлар қуйидаги уч масалада баён қилинади:

Биринчи масала: қиёмат аломатлари ва охирзамон фитналари ва қирғинларининг барчасини ёки айримларини инкор этиш

Бу зиддият ўтмишдаги ва бугунги кунимиздаги баъзи фирқаларда юзага келган. Уларнинг охирзамон фитналари ва қирғинларининг барчасини ёки айримларини инкор этиш сабаблари турличадир. Умумий қилиб айтганда, бу сабаблар хабарнинг манбаси ёки матни ёхуд хабар берилган воқеанинг ёмон оқибатига эътироз қилиш атрофида айланади.

Буларни уч нуқтада баён қиламиз:

Биринчи: хабарнинг манбасига эътироз қилиш билан охирзамон фитналари ва қирғинларидан бирон хабарни инкор этиш

Баъзиларнинг қиёмат аломатлари ва охирзамон фитналари ва қирғинларининг барчасини ёки айримларини инкор этишларига сабаб бўлган ҳужжатларидан кўзга кўринганлари хабарнинг манбасига тааллуқли тўрт нарсадир. Улар:

  1. Хабарнинг ҳадислиги. Ҳадислар эса, ақида масалаларида далил бўла олмайди. Бу фикр Хаворижлар[3], Шиалар[4], Мўътазилийлар[5]нинг ҳаддан ошганлари ва Қуръонийлар[6]нинг мазҳабидир[7].

Юқорида саҳиҳ суннатнинг Қуръоннинг йўлдоши экани ва ҳужжат келтиришда Қуръон билан бир хил даражадалигига ишора қилинган эди. Ҳақни излаган кишига ўша ўринда айтилганлар етарлидир[8].

  1. Ҳадиснинг оҳод хабарлиги. Оҳод хабар эса, ақида масалаларида далил бўла олмайди. Бу фикр барча Мўътазилийларнинг[9], Ашъарийлар[10]нинг[11] ва Ақлонийларга (ақл мадрасасига) эргашганларнинг[12] мазҳабидир[13].

Саҳиҳ ҳадисларни далил бўлиш ёки бўлмаслиги жиҳатидан бир-биридан ажратиш тўғри эмас, бунга салафи солиҳ уламолар ижмо қилишган. Салафи солиҳ уламолар ақидага оид ва ундан бошқа масалаларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ суратда келгани маълум бўлган ҳадис хоҳ мутавотир[14], хоҳ оҳад[15] ривоят бўлсин, далил бўлишини бир овоздан айтишган. Далил бўлиш ёки бўлмаслиги жиҳатидан ҳадисларнинг орасини ажратиш саодат асридан кейин пайдо бўлиш билан бирга, унинг асли йўқ ва унга эътибор ҳам берилмайди[16].

Имом Ибн Абдулбар[17] раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳақида эътиқоддаги бутун масалалар ё Аллоҳнинг китобида очиқ келган оятлар, ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар, ёки унга уммат ижмоъ қилган хусуслар билан собит бўлади. Бу ёки бунга ўхшаган эътиқодий масалалар ҳақида ворид бўлган оҳод хабарларга келсак, уни келтирган кишининг ҳужжати қабул этилиб, у билан бу ҳақида мунозара қилинмайди”[18].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Суннатнинг саҳиҳлиги (собит бўлгани) аниқ бўлса, барча мусулмонлар унга эргашишнинг вожиблигига иттифоқ қилишган”[19].

  1. Ҳадиснинг “Саҳиҳайн”да келмаганлиги.

Бу Саййид Муҳаммад Рашид Ризо[20] ва устоз Аҳмад Амин[21]нинг фикридир. Улар “Саҳиҳайн”да Маҳдий ҳақида ҳадис келмаганини ҳужжат қилиб, Маҳдий ҳақида келган ҳадислар саҳиҳ эмас, деб ҳукм чиқаришган[22].

Бу ҳужжат муҳим эслатмага муҳтож, у: имом Бухорий ва Муслим ўзларининг ҳадис китобларида барча саҳиҳ ҳадисларни жамламаганлар, буни ўзлари ҳам эътироф қилганлар. Имом Бухорий[23] раҳимаҳуллоҳ ҳадис китобини шундай номлаганлар: “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад ал-мухтасар мин умури Расулиллаҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ала олиҳи ва саллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи”, яъни “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, суннатлари ва кунлари ҳақида жомеъ, саҳиҳ, муснад ва мухтасар ҳадислар тўплами”.

Имом ибн Салоҳ[24] раҳимаҳуллоҳ имом Бухорийнинг шундай деганини ривоят қилган:

““Ал-жомеъ” китобимга фақат саҳиҳ ҳадисларни олдим. Саҳиҳ ҳадислардан бир қанчасини (китоб мухтасар бўлсин,) узун бўлиб кетмасин дея тарк қилдим”[25].

Имом ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳ имом Муслим[26] раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганини ривоят қилган:

“Бу ўринга (яъни, “ас-Саҳиҳ” китобимга) ўзим билган барча саҳиҳ ҳадисларни олмадим”[27].

Бу гапларни барча ҳадис имомлари айтишган. Жумладан, Имом Нававий[28] раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Улар (имом Бухорий ва Муслим) барча саҳиҳ ҳадисларни эмас, балки саҳиҳ ҳадислардан бир қисмини тўплашни мақсад қилишган ва китобларида бутун саҳиҳ ҳадисларни олмаганларини очиқ-ойдин айтишган”[29].

Бошқа тарафдан эса, имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳумаллоҳ ўзларининг китобларида мавжуд бўлмаган бошқа ҳадисларнинг ҳам саҳиҳлигини айтишган. Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бухорий ва Муслим “саҳиҳ” деб билган барча ҳадисларни китобларига олишни мақсад қилмаганлар. Улар ўзларининг китобларида бўлмаган бир қанча ҳадисларни ҳам “саҳиҳ” деб айтишган. Бу ҳақида Термизий ва бошқалар Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”да бўлмаган, фақат “Сунан”ларда ва бошқа ҳадис китобларида келган бир қатор ҳадисларни “саҳиҳ” деганини нақл қилишган”[30].

Имом Бухорий ва Муслимнинг “ас-Саҳиҳ” китобларида Маҳдийнинг чиқишига ишора қилинган[31], холос. “Саҳиҳ”ларда Маҳдийнинг чиқишининг очиқ-ойдин айтилмагани ҳадисларнинг саҳиҳлига путур етказмайди. Буни икки жиҳатдан изоҳлаш мумкин:

Биринчи: имом Бухорий ва Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” китобларида барча саҳиҳ ҳадисларни келтиришмагани.

Иккинчи: Маҳдийнинг чиқиши саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлгани. Баъзи уламолар Маҳдий ҳадисларини мутавотир даражасида деб ҳукм беришган. Шунингдек, муҳаддисларнинг қоидаларига кўра, “ишончли ровийнинг зиёдаси мақбулдир”[32].

  1. Мусулмонларга аҳли китоблар ва шиалардан ҳадислар сизиб кирганлиги даъвоси.

Баъзи ёзувчилар ва муаллифлар ҳадис китобларига охирзамон фитналари ва қирғинларига оид хабарларни аҳли китобларнинг китобларидан[33] ва шиаларнинг ривоятларидан[34] сизиб кирган деган даъвони ушлаб олишган. Улар бирон саҳиҳ далилга таянмаган бу даъволарини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ суратда ривоят қилинган ҳадисларни инкор этишга ҳужжат қиладилар.

Бу даъво уч жиҳатдан ботилдир[35]:

Биринчи: охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги маълумотлар мусулмонларга ишончли ҳадис имомларининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилган ривоятлари асосида етиб келган. Ҳадис имомлари охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларни ўзларининг ҳадис китобларида ривоят қилишган ва охирзамон қирғинларига оид баъзи ҳадислар “Саҳиҳайн”да ҳам келган. Ҳадис имомларининг китобларини мутолаа қилган, уларнинг ҳадисларни ривоят қилишга, ҳадис ровийларини саралашга ва ҳадисларнинг барча лафзларини ёзиб қолдиришга қаратган эътиборларини билган кишининг мазкур хабарлар аҳли китобдан ва шиалардан сизиб кирган деган даъвонинг ботиллигига ишончи комил бўлади. Бу даъво ҳадис имомлари ва уламоларга таъна қилишдан бошқа нарса эмас ва бу салафи солиҳнинг суннатни мудофаа қилиш ва уни ёзиб қолдиришдаги меҳнатини билган кишидан содир бўлмайди.

Иккинчи: Исроилиёт хабарларида охирзамон фитналари ва қирғинларидан бирон хабарнинг келгани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан у ҳақида бирон нарса ривоят қилинмаган дегани ҳам, бу мавзу бекор бўлган дегани ҳам эмас. Балки бу нарса, саҳиҳ хабарнинг исботи ва ботилининг инкори аниқ бўлганини кўрсатади. Ҳадис имомлари раҳимаҳумуллоҳ амалга оширган нарса ҳам шудир.

Учинчи: Маҳдий ҳақидаги хабарларни аҳли суннатга шиалар томонида сизиб кирган деган гапга келсак, бу даъвонинг тахмин ва гумондан бошқа далили йўқ. Йўқса, аҳли суннат имомлари, яъни саҳобалар охирзамон фитналари ва қирғинларига оид хабарларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳали шиалар пайдо бўлишларидан олдин ривоят қилганларини билган ҳолда, бу хабарларни аҳли суннатга шиалардан кириб келганини қандай айтиш мумкин!

 

[1] Ақида илмида ёзилган китобларда, улар хоҳ ақиданинг асосларига, хоҳ тавҳидни ҳимоя қилишга, хоҳ мухолиф фикрдагиларга раддия беришга оид китоблар бўлсин, бу мулоҳазаларни очиқ-ойдин кўриш мумкин. Бу билан ақида асослари замонга қараб ўзгаради, демоқчи эмасмиз, ҳаргиз ундай эмас. Нубувват манҳажидан олинган ақида асослари битта ва ўзгармасдир. Фақат, замонга қараб, ўша даврда яшаётган инсонлар ёки бирон халқнинг эҳтиёжини назар тутган ҳолда баён қилиш услуби, ёки муайян масалаларга алоҳида эътибор қаратиш жиҳатидан фарқ қилиши мумкин. Бу ўз навбатида, ўтган авлодда йўл қўйилган хатоларни янги авлодда ҳам такрорламасликка эътиборни қаратади. Шу ўринда ўз замонаси авлодларининг эҳтиёжларини ўрганиб, уларга эътибор қаратган мужаддидларнинг аҳамияти намоён бўлади. Шунингдек, бу муҳим йўналишда фаолият кўрсатувчи илмий кенгашлар, шаръий уюшмалар ва ихтисослашган қўмиталарнинг аҳамияти маълум бўлади (Қаранг: Усмон Зумарийя, “Мадхал ли дироса ал-ақида ал-исломийя”, 73-135).
[2] Ҳар ким истаган нарсани ёзишга ҳаққи бор, “Ижод қилиш ва ёзиш ҳаққи сув ва ҳаводан фойдаланиш ҳаққи кабидир”, деган тушунчани ҳужжат қилиб, китоблар ёздилар (Авволо ўзларини, сўнгра эргашганларни заҳарладилар). (Қаранг: Мансур Абдулҳаким, “Ас-сийнорю ал-қодим лиаҳдос охир аз-замон”, 13).
[3] Хаворижлар Али разияллоҳу анҳу халифалик даврида пайдо бўлган бўлиб, куфр бўлмаган катта гуноҳлар сабабли мусулмонларни кофирга чиқарадиган, мусулмон раҳбарларга ва омма мусулмонларга қарши чиқиш, уруш қилишни жоиз санайдиган фирқадир. Улар бир қанча саҳобаларни кофирга чиқарганлари сабабли ҳадисларни далил бўлишини инкор қилишади (Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 3/349, 13/32, 208, 19/89-92; Носир ал-Ақл, “Ал-хавориж аввал ал-фирақ фи тарих ал-муслимин”, 28-35; “Ас-сунна ва маконатуҳо фи ат-ташриъ ал-исломий”, 127-133; “Ал-мавсуат ал-муяссара фил-адён вал-мазоҳиб вал-аҳзоб ал-муосира”, 2/1063, 1064).
[4] Шиалар Али разияллоҳу анҳу халифалик даврида пайдо бўлган бўлиб, Алини Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳумдан афзал, деб биладиган ва аҳли байтдан ўн икки имомни маъсум, деб эътиқод қиладиган фирқадир. Салаф уламолар бу фирқага дастлабки шиалардан ажратиш учун “Рофиза”, деб ном қўйишган. Улар бир қанча саҳобаларни кофирга чиқарганлари сабабли ҳадисларни далил бўлишини инкор қилишади (Қаранг: “Ал-милал ван-ниҳал”, 1/190 ва ундан кейинги бетлар; “Ас-сунна ва маконатуҳо фи ат-ташриъ ал-исломий”, 127-133; “Ал-мавсуат ал-муяссара фил-адён вал-мазоҳиб вал-аҳзоб ал-муосира”, 2/1094, 1095).
[5] Мўътазилийлар Умавийлар хилофати даврининг охирларида пайдо бўлган бўлиб, Аббосийлар хилофати даврида ҳукмрон бўлганлар. Ақидани тушунишда фақат ақлгагина суяниб, Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этадилар ва инсон амалларини ўзи яратади, катта гуноҳ қилган киши иймон билан куфр орасидаги бир ўринда бўлади, деб эътиқод қиладилар. Ҳадисларга ёлғон аралашишини жоиз деб билганлари сабабли ҳадисларни далил бўлишини инкор этадилар (Қаранг: Ибн Қутайба, “Таъвил мухталиф ал-ҳадис”, 10-61; “Ал-фарқ байнал-фирақ”, 143; “Ал-милал ван-ниҳал”, 1/67, 72, 73; “Ас-сунна ва маконатуҳо фи ат-ташриъ ал-исломий”, 134-142; “Ал-мавсуат ал-муяссара фил-адён вал-мазоҳиб вал-аҳзоб ал-муосира”, 1/69-79).
[6] Қуръонийлар фирқаси милодий 19-асрнинг охирларида Ҳиндистонда ўртага чиққан. Улар шариатнинг далил олиш манбасини фақат Қуръонга чегараладилар ва набавий ҳадисларнинг далил бўлишини инкор этдилар. Суннатга бир қатор эътирозлар билдирдилар, жумладан: суннатнинг Аллоҳ томонидан ваҳий эмаслиги, суннатга мувофиқ ҳукм қилишнинг ширкка олиб бориши, суннатнинг мусулмонлар орасида тафриқа, бўлинишга сабаб бўлиши каби хунук даъволар билан суннатнинг ҳужжат бўлишига эътироз қилганлар (Қаранг: “Ал-қуронийюн ва шубуҳотиҳим ҳавла ас-сунна”, 19, 99-111, 209-256).
[7] Қаранг: “Ан-ниҳоя фи ал-фитан вал-малоҳим”, 1/127; “Саҳиҳи Муслим”нинг имом Нававий шарҳи, 18/79, 80; Маҳмуд Шалтут, “ал-Ислом ақидатун ва шариатун”, 43, 524; Тувайжирий, “Иқомат ал-бурҳон”, 7.
[8] Мазкур китобнинг 55-бетига қаранг (арабча матни назарда тутилган).
[9] Қаранг: Қози Абдулжаббор, “Шарҳ ал-усул ал-хомса”, 769, 770; Абулқаҳҳор Бағдодий, “Ал-фарқ байнал-фирақ”, 144, 180; Абул Ҳусайн Басрий, “Ал-интисор”, 55; Абул Ҳусайн Басрий, “Ал-мўътамад фи усул ал-фиқҳ”, 2/549, 566; “Ал-эътисом”, 1/232.
[10] Улар Абул Ҳасан Ашъарийнинг издошлари бўлиб, унинг Мўътазилийликдан салаф мазҳабига ўтиш давридаги фикрларига эргашганлар. Улар Аллоҳ таолонинг исмлари ва аҳкомлар бобида муржиаларнинг, қадар масаласида эса, жабарийларнинг эътиқодидадирлар (Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 6/55; “Шарҳ ал-ақида ал-воситийя” ҳошияси, 98).
[11] Қаранг: Абулқаҳҳор Бағдодий, “Ал-фарқ байнал-фирақ”, 325, 326; Абулқаҳҳор Бағдодий, “Усул ад-дин”, 12; Жувайний, “Ал-бурҳон фи усул ал-фиқҳ”, 1/559; Жувайний, “Аш-шомил”, 557, 558; Ғаззолий, “Ал-мустафо”, 1/145; Ибн Боқилоний, “Тамҳид ал-авоил”, 441.
[12] Ақл мактаби ёки ақлонийлик оят-ҳадислар билан моддий ғарб маданияти ва ҳамаср ғарб тушунчаси орасини мослашга ҳаракат қиладиган фикрий йўналишнинг номидир. Улар оят-ҳадисларни яхши эгаллаб, уларни ғарбликларнинг фикр ва дунёқарашларига мослаб, янгича таъвил қилишга уринадилар (Қаранг: Салмон Авда, “Ҳивор ҳодиъ маъа Муҳаммад Ғаззолий”, 9).
[13] Қаранг: Муҳаммад Абдуҳу, “Рисола ат-тавҳид, 157, 158; Маҳмуд Шалтут, “Ал-фатово”, 62, 77; Абдулкарим Хатиб, “Ал-масиҳ фи ал-Қуръон ват-Таврот вал-Инжил”, 539; Абдулваҳҳоб Нажжор, “Қисос ал-анбиё”, 424; “Мавқиф ал-мадраса ал-ақлийя мин ас-сунна ан-набавийя”, 1/126-131, 2/201, 202, 214-230; Аҳмад Шиблий, “Ал-масиҳийя”, 59; “Тафсир ал-манор”, 12/166; Аҳмад Ҳижозий, “Маърака ҳармжидун”, 14.
[14] Ҳадис ривоят санадининг охиригача одатда ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган кўп ровийларнинг худди ўзлари каби бошқа ровийлардан ривоят қилган, асоси ҳис қилиш аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабарга мутавотир ҳадис, дейилади. (Яъни: мутавотир ҳадис шундай ҳадиски, унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлиги амри маҳол бўлган ривоятдир) (Қаранг: “Ан-нукат ала нузҳат ан-назар”, 56; Омидий, “Ал-иҳком”, 2/25; Жибрийн, “Ахбор ал-оҳод”, 40).
[15] Оҳод ҳадис деб, мутавотир ҳадиснинг шартларини ўзида мужассам этмаган хабарларга айтилади (Қаранг: “Шарҳ шарҳи нухбат ал-фикр”, 209; “Тавжиҳ ан-назар ила усул ал-асар”, 33).
[16] Қаранг: Ибн Ҳазм, “Ал-иҳком фи усул ал-аҳком”, 1/108; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/351, 18/41, 20/259-261; “Эълом ал-муваққиъин”, 2/307, 308; “Мухтасар ас-савоиқ”, 559, 563-569, 577, 578; “Фатҳ ал-борий”, 13/246; “Ҳужжият аҳодийс ал-оҳод фил-аҳком вал-ақоид”, 49-72.
[17] У имом, аллома Юсуф ибн Абдуллоҳ Қуртубий Моликий бўлиб, ҳадис ҳофизларининг буюкларидан, тарихчи ва адибдир. Уни “Мағрибнинг ҳофизи”, деб аташар эди. Кўп китоб ва асарлар муаллифидир, жумладан: “Ат-тамҳид”, “Ал-истизкор” ва “Ал-истийъоб”. Ҳижрий 463 йилда вафот этган (Қаранг: “Ал-ансоб”, 4/472; “Тартиб ал-мадорик ва тақриб ал-масолик”, 4/808-810; “Сияру аълом ан-нубало”, 18/153-163).
[18] “Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи”, 2/96, қисқартириб олинди (Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 3/41, 16/410).
[19] “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 19/85, 86.
[20] У Саййид Муҳаммад Рашид Али Ризо бўлиб, асли бағдодлик, ҳусайнийдир. “Ал-манор” журналининг раҳбари ва “Ал-ислоҳ ал-исломий” (Исломий ислоҳот) ҳаракатининг аъзоларидан бири бўлган. Ҳадис, адабиёт, тарих ва тафсир билан шуғулланган. Ҳижрий 1354 йил Мисрда вафот этган (Қаранг: “ал-Аълом”, 6/126).
[21] У Шайх Иброҳим Таббохнинг ўғли Аҳмад Амин бўлиб, адабиёт олимларидан биридир. Баъзи шаръий маҳкамаларда қозилик қилган, 1939 йил Миср университетининг адабиёт факултетига декан қилиб сайланган. Ҳижрий 1373 йил Қоҳирада вафот этган (Қаранг: “ал-Аълом”, 1/101).
[22] Қаранг: “Тафсир ал-манор”, 9/499; “Зуҳо ал-Ислом”, 3/237.
[23] У ҳадис илмида мўминлар амири Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий бўлиб, Ислом олими, саҳиҳлик жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобининг муаллифидир. Ҳижрий 256 йилда вафот этган (Қаранг: Таҳзиб ал-камол, 24/430; “Сияру аълом ан-нубало”, 12/391-471).
[24] У Шайх Тақиюддин Усмон ибн Адурраҳмон Курдий Шаҳразурийдир. У фиқҳ ва ҳадис илмида имом, тафсир, усул ва наҳв билимдони, зоҳид ва тақводор бўлган. Ҳижрий 643 йилда вафот этган (Қаранг: “Табақот ал-фуқаҳо”, 1/264, 265; Ибн Халликон, “Вафаёт ал-аъён ва анбоу абнои аз-замон”, 3/243, 244; “Тазкирату ал-ҳуффоз”, 4/1430).
[25] “Муқаддима ибн Салоҳ”, 19 (Қаранг: “Тадриб ар-ровий”, 1/98).
[26] У Имом, буюк ҳадис ҳофизи Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож Қушайрий Нисопурий бўлиб, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобининг муаллифидир. Ҳижрий 261 йилда вафот этган (Қаранг: “Сияру аълом ан-нубало”, 12/557-580; “Тақриб ат-таҳзиб”, 462).
[27] “Муқаддима ибн Салоҳ”, 20 (Қаранг: “Тадриб ар-ровий”, 1/98).
[28] У Имом Яҳё ибн Шараф Нававий Ҳавроний Шофеийдир. У фиқҳ ва ҳадис илмида аллома бўлган, ёзган китоблари Ислом оламида машҳурдир. Улардан “Риёз ас-солиҳин” ва “Ал-азкор” китобларини мисол келтириш мумкин. Ҳижрий 676 йилда вафот этган (Қаранг: “Тарих ал-Ислом”, 15/324-332; “Табақот аш-шофеийя ал-кубро”, 8/390-400).
[29] “Саҳиҳи Муслим”нинг Нававий шарҳи, 1/46 (Қаранг: Ҳоким, “Ал-мустадрак ала ас-саҳиҳайн”, 1/2, 3; “Жомеъ ал-усул”, 1/172; “Муқаддима Ибн Салоҳ”, 19; Ибн Касир, “Ал-Боъис ал-ҳасис шарҳ ихтисор улум ал-ҳадис”, 25; “Ас-сунна ва маконатуҳо фи ат-ташриъ ал-исломий”, 248, 249).
[30] “Ал-боъис ал-ҳасис”, 25.
[31] Мисол тариқасида ушбу китобнинг 167 ва 168-бетларига қаранг.
[32] Қаранг: “Муқаддима саҳиҳ ибн Ҳиббон”, 1/120; “Жомеъ ал-усул”, 1/103-105; “Шарҳ шарҳи нухбат ал-фикр”, 37; Каттоний, “Назм ал-мутаносир фил-ҳадис ал-мутавотир”, 146; “Тахриж ал-Албоний ли аҳодийс фазоил аш-шом”, 44; “Таълиқ Аҳмад Шокир ала ал-муснад”, 5/196-198; Абдулалим Баставий, “Ал-Маҳдий ал-мунтазар фи зовъи ал-аҳодийс вал-осор ас-саҳиҳа”, 364-366.
[33] Қаранг: “Тафсир ал-манор”, 9/503, 504, 507; Ҳишом Муҳаммад, “Ҳақиқат ал-хабар фил-Маҳдий ал-мунтазар”, 124-134; “Зуҳо ал-Ислом”, 3/243, 244; Таълиқ Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид ало “Ал-урф ал-вадий ахбор ал-маҳдий” зимни “ал-ҳовий лил-фатво”, 2/166; Мажаллат “Ал-манор”, 28/10/755, 756; Аҳмад Шиблий, “Ал-масиҳийя”, 69, 65; Аҳмад Ҳижозий “Маърака ҳармжидун”, 17, 21, 59; Саъд Муҳаммад Ҳасан, “Ал-Маҳдий фил-Ислом”, 43, 44.
[34] “Тафсир ал-манор”, 9/503; Муҳаммад Фарид Вуждий, “Доира маориф ал-қарн ал-ъишрийн”, 10/480; “Зуҳо ал-Ислом”, 3/241; Мажаллат “Ал-манор”, 7/4/146; Саъд Муҳаммад Ҳасан, “Ал-Маҳдий фил-Ислом”, 174, 175.
[35] Қаранг: Ибн Таймия, “Минҳож ас-сунна”, 4/87, 88, 95; Юсуф ал-Вобил, “Ашрот ас-соаҳ”, 269, 270; Тувайжирий, “Иқомат ал-бурҳон фи ар-радди ман анкара хуруж ал-маҳдий вад-дажжол ва нузул ал-масиҳ охир аз-замон”, 23; “Муқаддима таҳқиқ ас-сунан ал-ворида фил-фитан ва ғавоилиҳо”, 1/57-59; ал-Муқаддим, “Ал-Маҳдий”, 175-177; Баставий, “Ал-Маҳдий ал-мунтазар”, 367, 375, 377, 387.

Изоҳ қолдиринг