Дард ва даво (89): Гуноҳи кабиралар сони чекланганми?

0

Уламолар катта гуноҳлар тўғрисида, уларнинг сони чекланган ёки йўқлиги хусусида икки хил фикр билдиришган. Айримлар чекланган деса, бошқалари чекланмаган дейишган. Чекланган деган уламолар уларнинг сони нечта экани борасида турлича фикр айтишган.

Масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Катта гуноҳлар сони тўртта”, деса, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо: “Еттита”, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос: “Тўққизта”, деган. Бошқа бир олимнинг фикрича, катта гуноҳлар сони ўн битта[1], яна бирининг айтишича, етмиштадан иборат[2].

Абу Толиб Маккий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен саҳобалар айтган катта гуноҳларни жамлаб, қуйидаги натижага эришдим:

Уларнинг тўрттаси қалбда бўлади. Улар ширк, гуноҳда бардавом бўлиш, Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш ва Аллоҳнинг макридан қўрқмаслик.

Тўрттаси тилда бўлади. Улар ёлғон гувоҳлик бериш, беайб (иффатли) аёлларни зинода айблаш, “ғамус” қасам[3] ичиш ва сеҳр.

Учтаси қоринда бўлади. Улар маст қилувчи ичимлик ичиш, етимнинг молини ейиш ва рибодан мол-дунё орттириш.

Иккитаси жинсий аъзода бўлади. Улар зино ва бачабозлик.

Иккитаси қўлда бўлади. Улар одам ўлдириш ва ўғирлик.

Биттаси оёқда бўлади. У мусулмонлар қўшини душман қўшинига йўлиққан пайтда қочиш.

Биттаси бутун баданда бўлади. У ота-онага оқ бўлиш”[4].

Катта гуноҳлар сони чекланмаган деган уламолардан баъзиларининг айтишича, Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайтарган ҳар бир гуноҳ катта, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ҳар бир гуноҳ кичик саналади.

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, қайтариқ билан бирга шу гуноҳни қилган кишига Аллоҳнинг лаънати, ғазаби ёки жазоси бўлиши айтилса, катта гуноҳ, булардан ҳеч бири айтилмаса, кичик гуноҳ бўлади[5].

Айрим олимлар бундай фикрни айтишган: “Дунёда шаръий жазо белгиланган ёки охиратда жазо берилиши билан таҳдид этилган ҳар бир иш катта гуноҳ ҳисобланади.  Аммо шу иккисидан бири бўлмаса, кичик гуноҳ саналади”[6].

Бир фикрга кўра, барча самовий динларда ҳаром экани айтилган ишлар катта гуноҳ, бир динда айтилиб, бошқа динда айтилмагани эса кичик гуноҳ саналади.

Бошқа фикрга кўра, бажарувчисини Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаган ҳар бир иш катта гуноҳдир.

Баъзи олимларнинг айтишича[7], Нисо сурасининг аввалидан бошлаб, то “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритурмиз[8] оятигача айтилган гуноҳларнинг барчаси катта гуноҳ саналади.

Гуноҳларни катта ёки кичик деб ажратмаган уламолар[9] ўз фикрларини қуйидагича изоҳлашган: “Ҳар бир гуноҳ Аллоҳ таолога, Унинг айтган ишига қулоқ тутмасликка ва буйруғига қарши чиқишга журъат этиш жиҳатидан катта гуноҳ саналади. Банда кимнинг сўзига хилоф иш тутаётганига, ким ҳаром қилган ишларни оёғости қилаётганига назар солинса, ҳар бир гуноҳ катта гуноҳ экани маълум бўлади. Бу жиҳатдан ҳар қандай гуноҳнинг зарари тенгдир”.

Уларнинг айтишича, гуноҳларнинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога зиёни ҳам, таъсири ҳам йўқлиги ушбу фикрни янада ойдинлаштириб беради. Бинобарин, гуноҳлар Аллоҳ таолога нисбатан бири катта, бири кичик бўлмайди. Демак, гуноҳларнинг Аллоҳнинг сўзига қулоқ тутмасликдан, Унга қарши иш тутишдан бошқа сабаби қолмайди. Бу борада эса бир гуноҳ билан бошқа гуноҳ ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ.

Гуноҳнинг зарари гуноҳда Аллоҳ таолонинг ҳаққига қанчалар журъат ва тажовуз қилиш борлигига боғлиқлиги ҳам юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун, бир киши ҳаромлигини билмасдан ароқ ичса ёки зино қилса, жоҳиллик ҳамда ҳаром амалга қўл уриш зарари ўртасини жамлаган бўлади. Аммо ҳаромлигини била туриб шу ишга қўл урса, мазкур икки зарарнинг бирини қилган бўлади. Мана шу зарар сабабли жазога ҳақли бўлади. Биринчиси эса ундай эмас. Бу эса гуноҳнинг зарари ундаги журъат ва тажовузга боғлиқлигини кўрсатади.

Гуноҳ итоат этилиши керак бўлган Зот Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариғини менсимасликни ва ҳурматини поймол қилишни ўзида мужассам этади. Бу икки иллат ҳар қандай гуноҳда бор бўлиб, бу жиҳатдан гуноҳлар ўртасида тафовут йўқдир. Бу ҳам айтилган фикрнинг тўғрилигига далолат қилади.

Банда гуноҳнинг катта ё кичиклигига эмас, балки ўзи осийлик қилган Зотнинг қадри ва буюклигига, гуноҳ билан кимнинг ҳурматини оёғости қилганига қараши керак. Бу ҳолат барча гуноҳларга тегишлидир. Масалан, бир буюк подшоҳ хизматкорларидан бирини муҳим иш билан узоқ шаҳарга боришга буюрса, бошқа бир хизматкорини эса бир иш билан қасрнинг ёнига бориб келишни буюрса, иккиси ҳам подшоҳнинг айтганини қилмаса, буйруғига хилоф иш тутишса, ҳар иккиси бирдек подшоҳнинг ғазабига дучор бўлади ва назаридан қолади.

Шу сабабли Маккада яшаб туриб ҳаж қилмаган ёки масжидга қўшни бўлатуриб жума намозига чиқмаган кишининг гуноҳи улардан узоқ ерда яшовчи одамнинг бу амалларни тарк қилишининг гуноҳига қараганда Аллоҳнинг ҳузурида ёмонроқ ҳисобланади. Каъба ёки масжидга яқин киши зиммасидаги вожиб иккисидан узоқ инсон зиммасидаги вожибдан каттароқдир. Яна бир мисол, бир кишининг икки юз дирҳами бўла туриб, закот бермаса, бошқа бир инсоннинг икки юз миллион дирҳами бўла туриб закот бермаса, иккиси ҳам беришлари лозим бўлган нарсани бермасликда бирдек бўлади. Жазода ҳам бирдек бўлишлари эҳтимолдан узоқ эмас. Чунки ҳар иккиси озми-кўпми мол-мулкининг закотини бермасликка қарори қатъий эди.

[1] Бу фикр Ибн Масъуд ва Али разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Қаранг: “Зод ал-масийр”, 2\66; “Тафсири Ибн Касир”, 1\460.
[2] Товус ва бошқалар Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан «Катта гуноҳлар сони етмишга яқин» деган сўзини ривоят қилишган. Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан нақл қилган ривоятда уларнинг етти юзга яқинлиги айтилган. Қаранг: “Тафсири Табари”, 8\245.
[3] «Ғамус» қасам – ўтмишда юз берган ишга ёлғондан қасам ичиш. Арабча “ғамус” сўзи ўзбек тилида “ҳалокатли, оғир, қийин, ботирувчи, туширувчи” каби маъноларни ифодалайди. Бундай ёлғон қасам кишини жаҳаннамга ботиргани, ҳалокатга дучор қилгани учун шундай номланган.
[4] Қаранг: «Қувт ал-қулуб», 2\288; «Фатҳ ал-Борий», 12\183.
[5] Шунга ўхшаш фикр Ибн Аббос ва Ҳасан Басрийдан нақл қилинган. Қаранг: Нававий. “Шарҳ саҳиҳи Муслим”, 2\444.
[6] Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қози Абу Яъло Имом Аҳмад шу фикрни айтганини нақл қилган. Шофеий мазҳаби олимларидан Мовардий ҳам шу фикрда бўлган». Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», (10\410); «Тафсири Табарий», (22\68).
[7] Масруқ, Алқама ва Иброҳим Нахаий бу фикрни Ибн Масъуддан нақл қилишган. Қаранг: «Тафсири Табарий», 8\233. Шунингдек, Ибн Аббосдан нақл қилинган. Қаранг: «Зод ал-масир», 2\66.
[8] Нисо, 31.
[9] Абу Исҳоқ Исфироиний ва Абу Бакр Боқиллоний шулар жумласидан. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ муҳаққиқ олимлардан шу фикрни нақл қилган. Имомул-ҳарамайн ҳам шу фикрни ихтиёр этиб, бу фикр жумҳур уламоларнинг фикрига тескари эмаслигини баён қилган. Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 10\409; «Мадориж ас-соликийн».

Изоҳ қолдиринг