Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (7)

0

120 – Тирик одамдан кесиб олинган аъзони дафн этиш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Тирик одамдан кесиб олинган аъзо қандай сабабга кўра кесилишидан қатъи назар, хоҳ автоҳалокат сабабли бўладими, хоҳ шаръий жазо сифатида кесиладими, ундай аъзо ювилмайди, унга жаноза ҳам ўқилмайди, балки бир матога ўраб, қабристонга кўмилади. Агар яқин атрофда қабристон бўлмаса, оёғости бўлишдан узоқ бўлган пок ерга олиб бориб кўмилади»[1].

«Бирдан ортиқ кишидан кесиб олинган бир неча аъзони бир жойга кўмишнинг зарари йўқ. Чунки шундай қилиш дафн этувчи кишилар учун қулайроқ саналади»[2].

 121 – Маййит жасадига талафот етиб, фақат айрим аъзолари қолса

Агар куйиш ёки автоҳалокат сабабли маййит жасадига зарар етиб, фақат баъзи аъзоларгина сақланиб қолган бўлса, аксар уламоларнинг фикрига кўра уларни дафн этиш вожиб бўлади[3].

Омон қолган аъзоларга жаноза ўқилади[4].

Абу Мулайкадан ривоят қилинади: «Мен Асмо разияллоҳу анҳога ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг жасади чормихдан туширилгани ҳақида хушхабар келтирган кишиларнинг охиргиси бўлдим. Шунда у тоғора ва Яман аччиқтошидан келтиришни буюрди. Унинг қайси аъзосини ушламайлик, узилиб чиқар эди. Биз уни ювиб, кафанга жойлар эдик. Сўнг кейинги аъзони олиб, уни ҳам ювиб, кафанга қўйдик. Шундай қилиб, Асмо аъзоларни ювиб тугатди. Кейин туриб, жаноза ўқиди. Ундан аввал: “Эй Аллоҳ, ўғлимнинг жасади билан кўзимни қувонтирмагунча мени ўлдирмагин”, деб дуо қилар эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас,  Асмо вафот этди, Аллоҳ уни раҳматига олсин»[5].

122 – Соч, тирноқ ва тишларни кўмиш

Баъзи одамлар тирноғи ёки сочини олса, уни ерга кўмади. Аслида бундай қилиш вожиб эканини билдирадиган бирор далил маълум эмас. «Доимий фатво қўмитаси» айтишича, «Бу иш ихтиёрийдир. Хоҳласа кўмсин, хоҳласа ахлатга отсин»[6].

Муҳанно айтади: «Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўрадим: “Бир киши тирноғи ёки сочини олса, уни кўмадими, ё ташлаб юборадими?” Аҳмад: “Кўмади”, деб жавоб берди. “Бу тўғрида сизга бирон ҳадис етиб келганми?” деб сўрадим. “Ибн Умар уларни кўмар эди”, деб жавоб берди»[7].

Шунингдек, суғуриб олинган тишни кўмиш вожиб эмас, «чунки у ҳам бадандан ажраладиган аъзолар ҳукмига киради»[8].

«Қолаверса, уларни кўммаслик азиятга сабаб бўлмайди. Жинсий аъзо бошини ўраб турадиган, хатна қилинганда олиб ташланадиган тери ҳам соч ва тирноқ ҳукмига киради. Шунингдек, чақалоқ туғилганда қўшилиб чиқадиган, уни қоплаб турадиган йўлдоши ҳам. Чунки у инсоннинг бир бўлаги ҳисобланмайди»[9].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Бирор одамдан кесиб олинган ортиқча бармоқ каби муайян бўлак ахлатга ташланадими ёки шу каби нарсаларни йиғиб, сўнг кимдир уларни қабристонга олиб бориб дафн этадими?

Жавоб: Қай бири қилинса ҳам жоиз. Кесиб олинган ортиқча аъзоларга инсон ҳукми берилмайди. Шундай экан, ахлат қутисига ташлашнинг ҳам зарари йўқ. Ҳурмат юзасидан ерга кўмса ҳам бўлади. Шундай қилиш афзалроқ. Аввалроқ айтганимиздек, бу борада танлов кенг. Ундай аъзони ювиш ҳам, кўмиш ҳам вожиб эмас»[10].

Агар «Тирноқ, соч ва қонни кўминглар. Зеро, улар ўлимтикдир» деган ҳадис ривоят қилинган-ку, дейилса, қуйидагича жавоб берилади: бу ҳадисни Байҳақий «ал-Кубро»да келтирган ва бундай деган: «Бунинг санади заиф. Тирноқ ва сочни кўмиш кераклиги тўғрисида талай санади заиф ҳадислар ривоят қилинган»[11].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/448, 11266-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Яна қаранг: Шайбоний. «Ал-асл», 1/367-368;

Аҳмад ал-Қалюбий. «Ҳошият Қалюбий ала Канз ар-роғибин шарҳ Минҳож ат-толибин», 2/961. Муҳаққиқ: Абдулҳамид Ҳиндовий. «Ал-мактаба ал-асрийя» нашри, биринчи нашр, 1428 ҳ.й.

[2] Шайх Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ал-Жибрин. «Тасҳил ал-фиқҳ», 5/409, 5338-рақам.

Қаранг: «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/444, учинчи тўплам.

[3] Қаранг: «Ал-авсат», 5/411; «Ал-иршод», 122-бет. Муаллиф: Ибн Абу Мусо. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ ат-Туркий. «Ар-рисола» нашри, биринчи нашр, 1419 ҳ.й.

[4] Қаранг: «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/434, 5997-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[5] Лолакоий «Каромот ал-авлиё» китобида (176-бет, 116-рақам) келтирган. Муҳаққиқ: Аҳмад ал-Ғомидий. «Дор Тайба» нашриёти, иккинчи нашр, 1415 ҳ.й.

Шайх Абдулазиз ат-Тарифий ҳадис санади тўғрисида «ла баъса биҳи» (ҳасан) деган («Ат-таҳжил фий тахриж ма лам юхарраж мин ал-аҳодийс вал-осор фий ирво ал-ғалил», 108-бет. «Мактабат ар-рушд» нашри).

[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/445, 3785-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[7] Ибн Қудома. «Ал-муғний», 1/119.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/319, 21323-фатво, иккинчи тўплам.

[9] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.

[10] «Мажмуъ фатово Шайх Ибн Боз», 13/172.

[11] «Ас-сунан ал-кубро», 1/35, 76-ҳадис.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг