Фарзанд тарбиясидаги хатолар (3): Болаларни ўзингизга ишонмайдиган қилиш йўллари

0

Фарзандларингизга кўплаб ваъдалар беринг, лекин ваъдангизда турманг ва айтганларингизни бажарманг. Ёлғон гапириб уларни ишонтиринг. Эр-хотин бир-бирингизни ҳурмат қилманг. Фарзандларингиз олдида бақир-чақир қилиб тортишинг, жанжаллашишдан ҳеч тортинманг. Улардан қўлларидан келмайдиган, қилолмайдиган нарсаларни қилишларини талаб қилинг.

Бир нодон хотин кичик қизига “1-апрел ҳазили” қилмоқчи бўлиб, хизматкори билан келишиб олди. Қизига: “Дорихонага бориб (овқатга ишлатиладиган) пахта мойи олиб кел”, деб унинг қўлига пул ва пластмасса идиш тутқазди. Содда қизалоқ бир ишга яраб қолганидан хурсанд бўлиб кетди ва “Хўп бўлади онажон, ҳозироқ бориб, олиб келаман”, деганча дорихона томон чопиб кетди. Қизча дорихонага равона бўларкан, онаси билан хизматкор хотин орқасидан кулганларича қолишди. Ҳазилдан бехабар қизча дорихонага кирди ва дори сотувчи хотинга қўлидаги пулни ва идишни узатиб, “Менга 1,5 литр мой беринг”, деди. Сотувчи хотин бировларнинг устидан кулиб завқ оладиган калтабин эди. Кичик қизчанинг мой сўраганини эшитиб, кула бошлади. Бир тарафдан ўзини тўхтатолмай кулар, бир тарафдан кулги аралаш “Аҳмоқ қиз, оқёғни дорихонада нима иши бор, бу ерда дори сотилади, дори…”, дер эди. Ҳолбуки, аҳмоқ ўзи эканидан бехабар эди. Аксинча, кулиш ўрнига бир оғиз гап билан тушунтирса, олам гулистон эди.

Кичик қизалоқ йиғлаганича уйига қайтди, келиб онасига дорихоначи хотин унинг устидан кулганини айтди. Бироқ онаси ва онасига қўшилиб хизматкор хотин ҳам қаҳқаҳа отиб кулишга тушдилар. Уларнинг қаҳқаҳаси кўчадан эшитилиб турарди. Ҳеч нарсани тушунмаган қизча “Онажон, нимага кулаётганингизни айтинг”, деди. У кулишда давом этиб, “Эээ, менинг содда қизгинам, бугун 1-апрел ахир, сенга 1-апрел ҳазилини қилдик!” деди. Кичик қиз ўзини тутолмай бир кулаётган онасига, бир хизматчи хотинга қаради ва аччиқ қилган овозда:

“Менга ёлғон гапирдинглар, мени алдадинглар, дорихоначи хотин ҳам устимдан кулиб, калака қилди”, деди ва йиғлаганича хонадан чиқди. Онаси: “Манавига қара, ҳазилни ҳам билмайди”, деди.

Бу воқеадан сўнг кичик қиз онасига бўлган ишончини йўқотди. Онаси ёки хизматкор хотин бирон иш буюрса, яна менинг устимдан кулмоқчимикан, деб шубҳаланадиган бўлди.

***

Маҳмуд ва Малика исмли характери ва мижози жуда фарқли, ҳеч келишолмайдиган бир оила бор эди. Арзимаган нарса устида келишолмай тортишув бошланар ва жанжал билан якунланар эди. Аслида ҳар иккиси ҳам унақа ёмон одам эмас эдилар. Тотув яшашга ҳаракат қилишар, лекин қандай бахтли бўлишни билмас эдилар.

Маҳмуд одатда гапни мулозамат билан илтифотли сўзлар билан бошлар, фақат хотинидан тескари жавобни олгач, ўзини тўхтатолмас ва оғзига келганини гапиришни бошлар эди. Масалан, ота ўғлининг костюмида сўкилган жойни кўриб қолса,

  • Онаси, ўғлимизнинг костюмидаги сўкилган жойни кўрмай қолибсиз чоғи, агар кўрганингизда албатта тикиб қўйган ва болани бу ҳолда мактабга жўнатмаган бўлардингиз.

Хотини эса эрининг тўғри ниятда айтган мулозаматли бу сўзларини пичинг қиляпти, деб ўзига олади ва дарҳол ўзини оқлашга, ортидан ҳужумга ўтади:

  • Тушунарли, костюм баҳона сиз яна жанжал чиқармоқчисиз менимча. Уйда қолган кунларингиз албатта бир кўнгилсизлик топасиз!

  • Жанжал қилишни хоҳлаганимни қаердан олдингиз? Ўғлимизнинг костюмида сўкилган жой борлигини айтдим, бунда сизга тегиб кетадиган нима борки?!

  • Сизни танимасам экан, характерингизни билмайманми?

  • Характеримга нима қилибди? Аслида сизнинг характерингиз ёмон, бўлмаган нарсалар тегиб кетади, кейин кўнгилсизлик чиқариб, асабимни бузасиз.

  • Ана, асабий одам эканингизни ўз оғзингиз билан айтиб турибсиз. Худога шукр қилинг, мендай сабрли хотин билан турмуш қургансиз. Менинг ўрнимда бошқаси бўлганда, аллақачон сиз билан ажрашиб кетган бўларди.

  • Тўхта, сен ўзингни нима деб ўйлаяпсан, палакат, исқирт! Устингдаги кийимингга қара, бир ойдан бери ювилмаган чамаси. Уйнинг аҳволига қара, ҳамма томон ифлос, шифтга қара, ўргимчак уя қуриб ташлаган. Болаларинг тиланчи кийимида кўчада юрибди. Шу устимдаги кўйлакка қара, кўрган киши темирчини кўйлаги дейди. Яна давом этайми?

  • Вой-вой-вой! Ўзингизга бир қаранг! Мени ишларим ёқмасмиш! Қўлингиздан нима иш келади ўзи эркак сифатида? Нимага қўл урсангиз, албатта бузасиз. Эркак бўлиб битта михни қоқолмайсиз!

Бу жанжал ҳар доим фарзандларнинг кўз ўнгида бўлади. Она жанжалдан ғолиб чиқиш учун “Дадаларингни менга қилганларини кўраяпсизлар-а?” деб ўзини оқлашга тушарди. Ота ҳам “Болалар жанжални ким бошлаганини жуда яхши билади”, деб ўзини ҳимоя қиларди.

Болалар жанжалда тарафкаш бўлиб қолмаслик учун умуман жавоб беришмасди. Шундай пайт келдики, фарзандларнинг жанжалкаш ва келишолмайдиган ота-оналарига ҳурмат-эҳтиромлари қолмади. Улар ҳам ўзаро бир-бири билан тинимсиз жанжал қиладиган бўлдилар.

***

Фарзандларига гапини ўтказолмайдиган ва қуруқ таҳдидлар қиладиган бир хотин бор эди. Афсуски, бундай хотинлар кўп.

  • Ухлайдиган пайтинг бўлди, аммо сен ҳали ҳам дарсингни қилмадинг, шундайми? Яна бир марта дарсингни қилмасдан ётганингни кўрсам, мендан кўрасан, билиб қўй!

  • Бу нимаси, эшикни ҳам шунақа ёпадими? Бу катта холангнинг эшигими сенга. Яна бир марта эшикни шунақа қаттиқ ёпганингни кўрай, калтак ейсан.

  • Ҳмм, пиширган овқатим ёқмадими, яна кўчадан сомса олиб ебсан? Бу охирги еган сомсанг бўлсин, агар яна шундай қилсанг, овқат-повқат йўқ, бир бурда нон ҳам бермайман, очингдан ўласан.

  • Онангга бунақа гап қайтаришни, бақиришни қаердан ўргандинг! Тушунарли, таёқ егинг келиб қолганга ўхшайди. Ҳозирча кечирдим, лекин кейинги сафар аямайман, эсингда бўлсин!

Болалар қуруқ таҳдидларни эшитавериб-эшитавериб, бетлари қотиб кетган, билганини қиладиган, ҳеч нарсадан таб тортмайдиган бўлишди. Кунлар келиб, она болаларига умуман гапини ўтказолмайдиган бўлди. Уларни оталарига шикоят қилди: “Болаларингиз гапга қулоқ солмай қўйди, мени писанд қилишмаяпти, дилимни оғритишяпти, адабини беринг қўйсангиз, яхши бўларди”, деди.

Ота эса болаларни она тарбиялаши керак, деб ўйлайдиган тепса тебранмас, дунёни сув босса, тўпиғига келмайдиган боқибеғам одам эди. Хотинининг шикоятини эшитгач, “Хотин, бир жойда болаларни калтак билан тарбиялашнинг ёмон эканини ўқигандим. Индама, бемалол билганларидай катта бўлсинлар. Мени бу ишларга аралаштирма”, деди.

Орадан йиллар ўтди, болалар “қўй”, “бундай қилма”ни билмай катта бўлишди. Лекин на мактабда ва на жамиятда бирон ютуққа эришдилар. Қизлар қўлидан бирон иш келмайдиган бўлганларидан қариқиз бўлиб уйда қолдилар, уларни биронта совчи сўраб келмади. Ўғил болалар эса, бекорчи, дайди, оталаридан тиланчидай пул сўрайдиган кимсалар бўлиб етишдилар.

Изоҳ қолдиринг