Эй иймон келтирганлар (46): Аллоҳ ва Расулига итоат этиш вожиблиги ва мунофиқларга эргашиш ҳаромлиги ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг, Қуръонни эшитиб туриб юз ўгириб кетманг. Ўзларига тиловат қилинган оятларни эшитиб, иймон келтирмаган ҳолларида “эшитдик” деган мунофиқлар каби бўлманг. Жонзотлар ичида энг ёмони – қулоқлари ҳақни эшитишдан кар, тиллари ҳақни сўзлашдан соқов бўлган ақлсиз кимсалардир. Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганда эди, қулоқларини Қуръонни эшитишга албатта очиб қўйган бўларди. Аллоҳ уларнинг қулоқларини ҳақни эшитишга очиб қўйганда ҳам, улар ҳаққа қиё боқмай, бурилиб кетишган бўлар эди” (Анфол, 20-23).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ сизга илму ҳикматни зиёда қилсин, бу нидода Аллоҳ ўзига ва расулига иймон келтирган, Унинг ўз дўстларига абадий жаннат ваъдаси, душманларига эса аламли жаҳаннам ҳақидаги таҳдидини тасдиқ этган бандаларига нидо қилмоқда. Жаннатга кириш ё дўзахга тушиш қиёмат куни, Парвардигори оламга рўбарў бўлинган кун содир бўлади.

Бу илоҳий нидода мўминларни Аллоҳ ва Расулига итоат этишга, Қуръон оятлари, панд-насиҳат ва эслатмаларни эшитиб туриб ҳақдан юз буриб кетмасликка буйруқ бор. Чунки мўминларнинг нусрат топиши ва қўллаб-қувватланиши иймон ва тоатларининг натижаси ўлароқ юзага келади. Агар юз ўгириб, итоатсизлик қилсалар, Парвардигорларининг дўстлигини қўлдан бой берган кофир, фосиқ, осий кимсалар қаторида бўлиб қоладилар.

Нидо аввалида келган Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларидан мақсад шудир: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг, Қуръонни эшитиб туриб юз ўгириб кетманг”.

Ўзларига тиловат қилинган Аллоҳнинг оятларини эшитиб, иймон келтирмаган ҳолларида “эшитдик” деган мунофиқлар каби бўлманг” деган сўзлари билан Аллоҳ мўминларни мушрик, яҳудий ва мунофиқ кимсалар йўлини тутишдан қайтарди. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларига нисбатан уларнинг тутган йўли бир хил. Буларнинг бари ҳақни эшитишдан, ҳидоят ва саодатга чорловчи оятларга қулоқ солишдан кар, Аллоҳнинг бирлигига далолат қилувчи оятларни кўришдан кўр бўлиб оладилар. Улар гўё бундай деётгандай, балки ҳақиқатда: “Биз Муҳаммад гапираётган нарсаларни эшитишдан кар, у чақираётган нарсаларни кўришдан кўрмиз”, деб айтадилар. Улар: “Қулоқларимиз билан эшитдик”, деб айтсалар-да, қалб билан эшитишдан кардирлар. Чунки улар эшитаётган оят ва ҳадислар ҳақида фикр юритмайдилар ва у ҳақда ўйланмайдилар. Шунинг учун ҳам худди ҳеч нарса эшитмагандек бақрайиб турадилар. Эшитишдан мурод қуруқ товушнигина эшитиш эмас, балки фойда олиш, манфаатланишдир. Аллоҳ таолонинг: “Ўзларига тиловат қилинган Аллоҳнинг оятларини эшитиб, иймон келтирмаган ҳолларида “эшитдик” деган мунофиқлар каби бўлманг”, сўзидан мақсад ҳам шу, аслида.

Аллоҳ азза ва жалла: “Жонзотлар ичида энг ёмони – қулоқлари ҳақни эшитишдан кар, тиллари ҳақни сўзлашдан соқов ақлсиз кимсалардир” деган сўзлари билан мусулмонлар даъват, жиҳод ва бошқа муомалаларда кофирлардан хушёр бўлишлари учун уларга кофирлар ҳоли ҳақида хабар берди. Улар жонзотлар ичида энг ёмон ҳайвон эканини билдирди. Ягона Парвардигорга кофир бўлишгани, бут-санамларни Унга шерик қилиб ибодат қилишгани, Аллоҳнинг йўлидан адашиб, фосиқ, золим ва мужрим бўлишгани уларни ер юзида энг ёмон жонзотга айлантирган ишлардир. Бу оят мушрик, яҳудий, кофир ва мунофиқларга дашном бўлиши билан бир вақтда мўминлар учун огоҳликка ундовдир. Уларни ҳар доим, ҳамиша, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ ва Расулига исён қилиш, маъсият, гуноҳ ботқоғига ботиш, Қуръон ва суннатдан юз ўгириш оқибатидан огоҳ этмоқда. Чунки дашном берилаётган мушрик, кофир, яҳудий ва мунофиқларни энг ёмон кимсалар бўлишга олиб борган ҳолат Аллоҳ ва пайғамбарга осий бўлишгани, Қуръон ва суннатдан юз буришганидир. Аллоҳ таолонинг: “Жонзотлар ичида энг ёмони – қулоқлари ҳақни эшитишдан кар, тиллари ҳақни сўзлашдан соқов ақлсиз кимсалардир”, деган сўзлари маъноси шудир.

Аллоҳ таолонинг учинчи оятдаги: “Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганда эди, қулоқларини Қуръонни эшитишга албатта очиб қўйган бўларди. Аллоҳ уларнинг қулоқларини ҳақни эшитишга очиб қўйганда ҳам, улар ҳаққа қиё боқмай, бурилиб кетишган бўлар эди”, деган сўзлари фараз қилиш бобидан бўлиб, Аллоҳ таоло азалий илми билан улар куфрни иймондан, исённи тоатдан, залолатни ҳидоятдан устун қўйишларини билган. Шунинг учун, гарчи уларга эшиттирса ҳам, яъни уларни мўминлар Аллоҳнинг оятларини эшитганлари каби эшитадиган, оятлар моҳиятини тушунадиган, мўминларга берилган башоратлар, кофир, мушрик ва мунофиқларга қилинган огоҳлантирувларни англаб етадиган қилган тақдирда ҳам, барибир улар ҳаққа қиё боқмай, бурилиб кетишган бўлар эди. Шундай бўлиб қолишдан Аллоҳ сақласин.

Ҳақни эшитиб туриб ҳам қиё боқмай юз буриб кетишнинг сири шундаки, одам агар ёмонлик, бузғунчилик, зулм ва ахлоқсизликка шўнғиб кетса, яхшилик, одоб-ахлоқ, адолат ва покдомонликни қабул қила олмайдиган бўлиб қолади.

Бундай кишиларни даъват қиласиз, у сизнинг даъватингизни, нимага чақираётганингизни эшитади, тушунади. Жаннат ва унга кириш йўлини айтиб хушхабар берасиз, буни ҳам эшитади. Дўзах билан огоҳлантирасиз, унга туширадиган сабабларни айтасиз, буни ҳам эшитади ва англаб ҳам етади. Лекин ёмонлик ва фасод ботқоғига ботиб кетгани туфайли ўзини сиз айтаётган гаплардан ғирт бегона ҳис этади, сиз бошқа водийда, у бутунлай бошқа водийда бўлади. Шунинг учун Қуръони карим ва ҳадис шарифларда тавбага           шошилишга буюрилган, уни кечиктиришдан огоҳ этилган. Банда тавбага шошилмаса, уни кечиктирса, қилиб юрган маъсияти унинг табиатига, доимий хулқига айланиб қолади, ундан қутула олмайди ва охир-оқибат ҳалокатга юз тутади.

Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу нидода бизга қуйидаги нарсаларни таълим берди:

  • Аллоҳ ва Расулига итоат этишнинг фарзлиги.

  • Ўзини мушрик ва кофир кимсаларга ўхшатишнинг ҳаромлиги.

  • Одамлар ичида ит, маймун ва тўнғиздан ҳам ёмон бўлган кимсалар борлиги. Бунга сабаб улар ёмонлик, бузғунчилик, зулм ва ахлоқсизликка шўнғиб кетгани бўлиб, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи буни таъкидлайди: “Яҳудий, насроний ва мушриклардан иборат кофирларнинг жазоси жаҳаннам ўти бўлиб, унда абадий қоладилар. Ана ўшалар халқларнинг энг ёмонидир” (Баййина, 6).

Шу нарсаларни доим ёдда тутайлик. Аллоҳ ва Расулига итоатда бўлайлик, ҳафта, ой ё йил у ёқда турсин, бир соат бўлса-да гуноҳ ва маъсиятда давом этмайлик. Акс ҳолда, халқларнинг энг ёмони бўлиб қолишимиз мумкин, Аллоҳ сақласин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг