Охирзамон қирғинлари (20): Охирзамон фитна ва қирғинларига оид баъзи ҳадисларни матнларига эътироз қилган ҳолда инкор этиш

0

Иккинчи: охирзамон фитналари ва қирғинларига оид баъзи ҳадисларни матнларига эътироз қилган ҳолда инкор этиш

Айрим замондош уламолар охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги баъзи ҳадисларни уларнинг матнларига қаратилган асоссиз эътирозлар билан инкор қилганлар. Ҳадисларнинг матнларига қаратилган энг кўзга кўринган эътирозлар бештадир. Улар:

  1. 1. Охирзамон фитналарига оид ҳадисларда чалкашлик ва ўзаро зиддият мавжудлиги

Бу эътироз Саййид Муҳаммад Рашид Ризога мансубдир. У бу эътирозни охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларни қабул қилмаслик ва уларни далил ўрнида кўрмасликка важ қилиб олган. Чунки у “Ҳадислар орасида зиддият бўлса, улар далилликдан тушади”, деган фикрни олға сурган[1].

Бу даъво заиф ва асоссиз бўлишига қарамай, жиддий муаммо келтириб чиқариши мумкин. Ҳадислар орасида зиддият бор деган даъво билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадисларнинг қадрини тушириш ҳамда Ислом шариати ва эътиқодини рад қилиш эшигини очиб бериши мумкин.

Бу даъво икки жиҳатдан рад қилинади:

Биринчиси: баъзи ҳадислар ўртасида сиртдан қараганда қарама-қаршилик бордек кўриниши воқеликда учрайдиган ҳолатдир. Бу ҳолат фақат охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларгагина чекланган эмас. Ҳадис имомлари ва шарҳловчилари ҳадислар орасидаги мазкур қарама-қаршиликни бартараф этиш ва у ҳақдаги тўғри фикрни баён қилиш билан шуғулланганлар. Жумладан, Имом Таҳовий[2] раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ мушкил ал-осор” (ҳадислардаги чигалликлар шарҳи) номли мустақил китоб ёзган. Имом Абул Фараж ибн Жавзий[3] раҳимаҳуллоҳ “Кашф ал-мушкил мин ҳадис ас-саҳиҳайн” (“Саҳиҳайн” ҳадисларидаги чигалликларни бартараф этиш) номли асар ёзган. Демак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадисларни мазкур асоссиз даъво билан ташлаб юборишга шошилмаслик, балки ҳадислар орасидаги чигалликларнинг тўғри жавобини топиш учун Ислом кутубхонасига мурожаат қилиш лозим экан.

Иккинчиси: охирзамон фитналари ва қирғинларига оид зиддиятли ҳадисларни ташлаш даъвоси диннинг барча бобларида келган сиртдан қараганда зиддиятли бўлиб кўринган бутун ҳадисларни қабул қилмасликка сабаб бўлади. Бу эса очиқ-ойдин ботил фикрдир. Иккита ҳадис зоҳирида бир-бирига қарама-қарши бўлиб кўринса, қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади:

  • Икки ҳадисдан бири саҳиҳ бўлса, уни саҳиҳ бўлмаганидан муқаддам қилиш.

  • Ҳар икки ҳадис саҳиҳлик жиҳатидан баробар бўлса, уларни бир биридан фарқли алоҳида ҳолатларга тегишли дейиш билан ўрталарини мувофиқлаштириш мумкин бўлади.

  • Икки ҳадисдан бири кейин айтилган бўлса, олдин айтилганининг ҳукмини насх (бекор) қилади. Хабар қабилидан бўлган ҳадислар бундан мустасно бўлиб, улар насх қилинмайди.

  • Ҳадис далолат қилган эҳтимоллардан бири билан икки ҳадисдан бирини иккинчисига устун қилиш.

  • Юқорида айтилган йўллардан бирортасини қўллаш имкони бўлмаса, иккала ҳадисга ҳам амал қилиш тўхтатиб турилади[4].

Зоҳирда зиддиятли бўлган ҳадисларни мазкур ҳолатларга қўйиб кўриб, уларга амал қилиш шошқалоқлик билан уларни ташлаб юбориш ва қадрини пасайтиришдан авлодир[5].

  1. Охирзамон фитналарига оид баъзи ҳадисларнинг ақлга зидлиги

Бу даъво Устоз Аҳмад Аминнинг фикридир. Унинг фикрича, Маҳдий чиқиши тўғрисидаги гаплар хурофотдан иборат бўлиб, соғлом ақлга тўғри келмайди[6].

Устоз Аҳмад Аминнинг соғлом ақлга тўғри келмайди деган даъво билан Маҳдийни инкор этишини бир неча жиҳатдан рад қилиш мумкин[7]:

Биринчи: охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги хабарлар Қуръон ва суннат орқали келган ғайб масалаларидан бўлиб, ақл уларнинг содир бўлишини фақат ваҳий орқали билиш мумкин[8].

Иккинчи: соғлом ақл охирзамонда қирғинлар содир бўлиши, Маҳдий чиқиши ва Аллоҳ унинг қўли билан инсонлар ва шаҳарлар аҳволини ўнглаши мумкинлигини инкор этмайди. Ақл охирзамонда фитна ва қирғинлар рўй бериши мумкинлигига, Аллоҳ уларни пайдо қилишга қодир эканига иқрор бўлса ва рост ваҳий уларнинг содир бўлиши ҳақида хабар берганини аниқ билса, у ҳолда ростгўй хабарчининг сўзини тасдиқлаши ва унга қаршилик қилмаслиги лозим бўлади[9].

Учинчи: “Агар шариат билан ақл бир-бирига зид келса, шариатни олдинга қўйиш вожиб бўлади. Негаки, ақл шариат келтирган барча хабарни тасдиқлайди, шариат эса ақл келтирган барча хабарни тасдиқламаган”, дейилади[10].

Хулоса қилиб айтганда: агар бирор масала ёки ҳодисани тасдиқлаган оят-ҳадис келган бўлса, ақл унга қаршилик қилиши мумкин эмас. Чунки оят-ҳадиснинг келгани қатъий далил ҳисобланиб, ақл олдида мазкур оят-ҳадис мақсадини тушуниш ва унинг кўрсатмасига бўйин эгишдан бошқа чора йўқ[11]. Маҳдий, охирзамон қирғинлари ва ҳоказо ҳодисалар тўғрисида келган собит ҳадислар шулар жумласидандир.

  1. Охирзамон фитналарига оид ҳадисларда келган баъзи нарсаларнинг илоҳий суннатларга тўғри келмаслиги

Бу даъво Саййид Муҳаммад Рашид Ризонинг фикридир. Унинг фикрича, Маҳдий ва Дажжолга нисбат берилган ғайриоддий ишлар Аллоҳнинг бандаларидаги суннатларига[12] хилофдир[13]. Аллоҳ таоло айтади: “Сиз ҳаргиз Аллоҳнинг суннати алмаштирилганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳнинг суннати ўзгарганини кўрмассиз[14].

Бу даъвога шундай жавоб бериш мумкин: аҳли суннат уламолари табиий суннатлар билан диний суннатларни бир-биридан ажратадилар. Диний суннатлар шартлари тўла вужудга келиб, бирон монелик бўлмаганда Аллоҳнинг ўзгармайдиган ва алмаштирилмайдиган суннатларидир. Аллоҳнинг ҳикмати диний суннатларда сабаб билан натижа ўртасида бор ёки йўқлик жиҳатидан  боғлиқлик бўлишини тақозо этди. Нусрат шартлари рўёбга чиқиб, монеликлар бартараф қилинганда, худди Маҳдийга нусрат берилгани янглиғ иймон аҳлига нусрат берилиши Аллоҳнинг диний суннатлари жумласидандир. Юқоридаги оятда назарда тутилган суннат мана шу турдаги суннатлардан ҳисобланади[15].

Табиий суннатларга келсак, унда Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонуни йўқ. Яъни ҳикмат уни бекор қилишни тақозо этса, Аллоҳ таоло хоҳласа, уни бекор қилиши мумкин[16].

Диний ва табиий суннатлар орасидаги фарқ ва улардан ўзгармайдигани биринчиси экани маълум бўлгач, юқорида келтирилган оят билан Дажжолнинг ғайриоддий ишлари орасида зиддият йўқлиги маълум бўлди. Илоҳлик даъвосини қилгани учун Дажжолга бериладиган жазо бошқа осийлар ва кофирларга бериладиган жазодаги Аллоҳнинг суннати каби ўзгармайдиган диний суннатлардан ҳисобланади. Дажжолга бериладиган жазо Исо алайҳиссаломнинг қўли билан амалга оширилади. Маҳдийга қарши жанг қилишни қасд қилиб йўлга чиққан қўшиннинг ер ютиши ҳам кофирларга бериладиган жазолар ва диний суннатлар жумласидандир.

Дажжолдан содир бўладиган ишлар, масалан, унинг осмонга қараб, “Ёмғир ёғдир”, деганда ёмғир ёғиши ва ҳоказо ишларга келсак, булар илоҳий ҳикматга қараб ўзгарадиган табиий суннатлардан ҳисобланади. Бундай ғайриоддий ишлар Дажжол ва у каби илоҳлик даъво қилганлар ва уларга эргашганларни секин-аста ҳалокатга олиб боришда Аллоҳ таолонинг муродини рўёбга чиқариш учун содир бўлади. Чунки аслида инсонлар илоҳликни даъво қилган кимсанинг ёлғончилигига шубҳа қилмайдилар[17].

  1. Охирзамон фитналари ҳақида келган баъзи нарсаларнинг пайғамбарлар мўъжизаларига ўхшаб кетиши

Бу даъво ҳам Саййид Муҳаммад Рашид Ризонинг фикридир. Унинг фикрича, Дажжолга нисбат берилган ғайриоддий ишлар пайғамбарлар мўъжизаларига ўхшаб кетади, ҳатто улардан устун бўлиш эҳтимоли ҳам бор[18].

Шайхулислом Ибн Таймия бу даъвога шундай жавоб берган: “Дажжолнинг ишларидан ҳақ ва ботил орасидаги фарқни яхши билмайдиган кимсаларгина ҳайратланади ва уларни пайғамбарларнинг мўъжизаларига рақобатдош деб билади”[19].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Дажжол кўрсатган ғайриоддий ишлар пайғамбарларнинг мўъжизаларига ўхшайди, деб гумон қилган киши пайғамбарлар кўрсатган мўъжизалар билан улардан бошқалар кўрсатган ғайриоддий ишлар ўртасидаги фарқни ажрата олмайдиган кишидир, демоқчи, валлоҳу аълам.

Ушбу масалага оид хулоса: пайғамбарлар мўъжизалари икки қисмга бўлинади:

  1. Катта мўъжизалар. Улар пайғамбарларнинг ҳақиқий ва рост пайғамбар эканини кўрсатадиган мўъжизалардир. Бу турдаги мўъжизалар пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимга берилмаган[20].

  2. Кичик мўъжизалар. Улар пайғамбарларга ҳам, уларга эргашганларга ҳам берилиши мумкин. Фақат пайғамбарларнинг мўъжизалари билан уларга эргашганларнинг кароматлари ўртасида катта фарқ бор[21].

Пайғамбарлар келтирган мўъжизалар билан Дажжол кўрсатадиган ғайриоддий ишларни солиштириб кўрсак. Дажжол қиладиган ишлардан шуларни кўрамиз: Дажжол ерга “Ўсимликларни ўстир”, деганда ер ўсимликларни ўстиради; ер остидаги хазина ва бойликларга эргашишни буюрганда улар чиқиб, унга эргашади; осмонга ёмғир ёғдиришини буюрганда осмон ёмғир ёғдиради; у одамларга ўзини ўликларни тирилтирувчи қилиб кўрсатади.

Ердан ўсимликларнинг ўсиши, ер ости хазиналаридан баъзиларининг ер юзига чиқиши ва осмондан ёмғир ёғиши Дажжол бўлмаса ҳам содир бўладиган ишлардандир. Дажжолнинг ишидаги янгилик унинг ер, осмон ва хазиналарга фармон бериши ва улар бу фармонни бажаришидир. Аллоҳ таоло бу ишлар орқали Дажжол ва унга эргашганларни секин-аста азоб ва ҳалокатга етаклайди. Бугунги кунимизга келиб Аллоҳ таоло бандаларига уларни ўраб турган коинотдан фойдаланиш йўлларини осон қилиб қўйди. Натижада одамлар сунъий ёмғир ёғдиришни ва ундан бошқа нарсаларни ўйлаб топмоқдалар. Пайғамбарлар келтирган буюк мўъжизаларга назар солсак, асонинг улкан жонли ва ҳаракатланадиган илонга айланиши, қаттиқ ва сип-силлиқ харсанг тошдан туянинг чиқиши ва ойнинг иккига бўлиниши каби ғайриоддий ишларни кўрамиз. Шундай экан, Дажжол кўрсатадиган ҳодисалар қаерда-ю, пайғамбарлар келтирган, инсонларни лол қолдирган буюк мўъжизалар қаерда?!

Дажжолнинг ўзини ўликларни тирилтирувчи қилиб кўрсатишига келсак, аслида унинг ҳақиқати йўқ. Унга бу ишда шайтонлар ёрдам беради, холос[22]. У аслида ўликларни тирилтира олмайди, фақат Аллоҳ Дажжолга уни ўлдиргандан кейин тирилтиришини тақдир қилган мадиналик бир мўмин кишинигина тирилтира олади. Дажжол дастлаб уни ўлдиради, сўнгра Аллоҳнинг изни билан уни тирилтиради. Бу тирилтириш мўмин кишининг Дажжолни шарманда қилиши, одамлар олдида унинг ёлғонини фош этиши ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган масиҳи Дажжол эканини маълум қилиши учун юз беради. Сўнгра Дажжол уни иккинчи марта ўлдирмоқчи бўлади, бироқ ўлдира олмайди[23]. Дажжол ўша мўмин кишини ўлдириб, тирилтиргандан кейин мўмин киши уни ёлғончилигини фош қилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига гувоҳлик берса ҳам Дажжол уни иккинчи бор ўлдира олмайди. Бу одатдан ташқари ғайритабиий ҳодисалардан бўлиб, пайғамбарларнинг рисолатларига ишонган ва иймон келтирган инсонлардагина кузатилади. Мўмин киши бир марта ўлдирилиб-тирилтирилганда ҳужжат қатъийлашди, яъни бу унинг шаштини пасайтирмади, унга таъсир қилмади. У Дажжолнинг уни иккинчи марта ўлдиришга қодир бўлолмаслигини билганди. Унинг қатъий ишончи ва иймони, Дажжолнинг эса уни ўлдиришга ожизлиги ғайриоддий ҳолат бўлди. Маълумки, Дажжолнинг мадиналик мўминни ўлдириши одатда қилиш мумкин бўлган ишдир. Уни иккинчи марта ўлдиришдан ожизлиги эса, одатдан ташқари иш, яъни Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидандир.

  Аллоҳ таолонинг мадиналик мўмин кишини тирилтириши Дажжол учун мўъжиза ҳам, унинг даъвоси ростлигини тасдиқлаш ҳам эмас. Билъакс, уни тирилтириши Дажжолни ёлғончига чиқариш ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули эканини ва Дажжолнинг эса Пайғамбаримиз ундан огоҳлантирган бир кўзли каззоб эканини баён қилиш учун бўлади[24].

  1. Охирзамон фитналарига оид ҳадисларда келган баъзи хабарларнинг воқеликка зидлиги

Бу даъво Доктор Аҳмад Ҳижозий ас-Сақонинг фикридир. Унинг фикрича, Маҳдийнинг Қустантиния (ҳозирги Истанбул) фатҳидан олдин чиқиши ва Дажжолнинг бу фатҳдан кейин чиқишини хабар берган ҳадислар тарихий воқеликка тўғри келмайди. Чунки Қустантиния Маҳдий чиқмаган бир даврда Султон Муҳаммад Фотиҳ қўли билан фатҳ қилинди. Фатҳдан кейин Дажжол ҳам чиқмади. Доктор Аҳмад Ҳижозий мана шу фикрга асосланиб, Имом Муслим ривоят қилган, Дажжолнинг Қустантиния фатҳидан кейин чиқишини хабар берган ҳадисни тўқима ҳадис деб ҳукм чиқарган[25].

 Бу даъвога шундай жавоб берилади: умумий суратда саҳиҳ ҳадислар тарихий воқеликка тескари бўлмайди. Ҳадисларнинг шарҳларига мурожаат қилинса, чигаллик бартараф бўлади. Бирон иш бир қараганда инсонга чигал ва ноаниқ бўлиб кўриниши мумкин, лекин уни ўрганишга киришиб, уламоларнинг шарҳларига мурожаат этса, уларнинг китобларини мутолаа қилса, унинг ақлига келган нотўғри тушунчадан халос бўлади. Қустантиния фатҳига тааллуқли фикрлар ҳам шу жумладандир. Ҳадислар Қустантиния икки марта фатҳ қилинишига далолат қилади. Биринчи фатҳ Фотиҳ Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ замонида амалга оширилган, иккинчи фатҳ эса Маҳдий замонида такбир, таҳлил ва таҳмид[26] айтиш билан амалга оширилади. Мана шу иккинчи фатҳдан кейин Дажжол чиқади[27].

 

[1] Қаранг: “Тафсир ал-манор”, 9/494, 488, 490; 8/210, 211; Маҳмуд Шалтут. “Ал-фатово”, 61, 62, 77; Аҳмад Ҳижозий. “Маъракат ҳармажиддун”, 71.
[2] У Имом Аҳмад ибн Муҳаммад Саломат Аздий бўлиб, катта фақиҳлардандир. Дастлаб шофеий мазҳабида бўлган, кейинчалик ҳанафий мазҳабига ўтган ва Мисрда ҳанафийлар раҳнамосига айланган. Ҳижрий 321 йилда вафот этган (Қаранг: “Вафаёт ал-аъён”, 1/71, 72; “Сияру аълом ан-нубало”, 15/27-33).
[3] У Имом Абдураҳмон ибн Али Қураший бўлиб, тарих ва ҳадис илмида замонасининг алломаси бўлган. Унинг уч юз атрофида китоб ва асарлари мавжуд. Ҳижрий 597 йил Бағдодда вафот этган (Қаранг: “Вафаёт ал-аъён”, 3/140-142; “Сияру аълом ан-нубало”, 21/365-374).
[4] Қаранг: “Нузҳат ан-назар шарҳ нухбат ал-фикр”, 37-39.
[5] Бу масалада Устоз Муҳаммад Рашидни танқид қилганлардан бири Доктор Ризоуллоҳ Муборакфурийдир (Қаранг: Доктор Ризоуллоҳ Муборакфурий. “Ас-сунан ал-ворида фил-фитан ва ғавоилиҳо”нинг таҳқиқи, 1/44-56).
[6] Қаранг: “Зуҳо ал-Ислом”, 3/244, 245; Ходим Ҳусайн. “Ал-қуръонийюн ва шубуҳотуҳум ҳавла ас-сунна”, 328, 329.
[7] Қаранг: Ибн Ҳазм. “Ал-иҳком фи усул ал-аҳком”, 1/28, 29; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/138-139; Шотибий. “Ал-эътисом”, 2/318; “Шарҳ ал-ақида ат-таҳовийя”, 1/227; Саййид Қутб. “Хасоис ат-тасаввур ал-исломий”, 18-23; Саййид Қутуб. “Фи зилол ал-Қуръон”, 2/806-807; Саййид Қутуб. “Муқаввимот ат-тасаввур ал-исломий”, 45-48; Баставий. “Ал-маҳдий ал-мунтазар”,  378; “Мавқиф ал-мадраса ал-ақлийя минас-сунна ан-набавийя”, 1/55-92.
[8] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 5/30.
[9] Қаранг: “Даръу таоруз ал-ақл ван-нақл”, 1/31, 32; “Манҳаж ал-истидлол ало масоил ал-эътиқод”, 1/178.
[10] Қаранг: “Даръу таоруз ал-ақл ван-нақл”, 1/138.
[11] “Шарҳул-ақида ат-таҳовийя”, 1/224, 225; “Фи зилол ал-Қуръон”, 2/806.
[12] Аллоҳнинг суннати – бирон иш иккинчи марта такрорланганда унга худди биринчи мартасида қилинган муомалани қилишни ўз ичига олган одатдан иборатдир (Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/20).
[13] “Тафсир ал-манор”, 9/490-496; “Доират маориф ал-қарн ал-ишрийн”, 10/480.
[14] Фотир сураси, 43.
[15] Қаранг: “Ал-жавоб ас-саҳиҳ”, 6/401, 420; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 8/70, 167; 13/19-23; “Ан-нубуввот”, 2/867-869; Абдулкарим Зайдон. “Ас-сунан ал-илоҳийя”, 23, 47-49.
[16] Қаранг: Ибн Таймия. “Жомеъ ар-расоил”, 1/52, 53.
[17] Қаранг: Нававий. “Саҳиҳи Муслим шарҳи”, 18/80; “Буғят ал-муртод”, 483; “Минҳож ас-сунна ан-набавийя”, 3/227, 228; “Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим”, 1/134, 135.
[18] Қаранг: “Тафсир ал-Манор”, 9/490, 491.
[19] Қаранг: “Ан-нубуввот”, 2/857.
[20] Қаранг: “Ан-нубуввот”, 2/859, 801-804.
[21] Қаранг: “Ан-нубуввот”, 1/526, 527; 2/803, 804, 864-866.
[22] Ушбу рисоланинг 243-бетига қаранг (арабча матни назарда тутилган).
[23] Қаранг: “Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби”, “Дажжолнинг сифатлари ҳақидаги боб”, 2938-ҳадис.
[24] Қаранг: “Ан-нубуввот”, 2/855, 856 (қисқартириб олинди).
[25] Қустантиния (Константинополь) Византия империяси пойтахти. Константин I асос солган ва император шарафига «Константинополь» — «Константин шаҳри» деб ном қўйилган. Ҳозирда бу шаҳар Истанбул деб аталади ва у Туркиянинг энг катта шаҳридир (Қаранг: “Мўъжам ал-булдон”, 4/395).
[26] Такбир – “Аллоҳу акбар”, таҳлил – “ла илаҳа иллаллоҳ”, таҳмид – “алҳамдулиллаҳ” деб айтишдир.
[27] Ушбу рисоланинг 226-бетига қаранг (арабча матни назарда тутилган).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг