Идда ҳақида

0

Савол:

Талоқ қилинган аёлнинг иддаси ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз. Узоқ вақт эри билан бўлмаган аёл ҳам иддада ўтирадими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Аёл киши никоҳ қилинганидан кейин эри билан қўшилишдан олдин талоқ қилинса иддада ўтирмайди. Балки талоқ қилиниши билан бошқасига никоҳланиши мумкин. Бироқ эри билан қўшилиш имкони бор бўлган муддат ичида эр-хотин ёлғиз қолса ёки яқинлик қилмасдан, бошқа эр-хотинлик алоқаларини қилса (масалан, ўпишса, қучоқлашса ва ҳоказо), унда бу аёл эри билан қўшилган аёлнинг ҳукмида бўлади ва иддада ўтириши шарт. Талоқ қилинган аёлнинг иддаси қуйидаги кўринишларда бўлади:

Агар аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси ҳомиласи туғилиши билан тугайди. Бу ҳолатда ҳомила қанча муддатдан сўнг туғилишининг аҳамияти йўқ. Масалан, эрталаб талоқ қилинса ва пешинда ҳомиласи туғилса, шу заҳоти иддаси тугайди. Ёки ҳомила талоқ қилинганидан 10 ой ўтиб туғилса, унда бу аёлнинг иддаси 10 ой давом этади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади: “Ҳомиладор аёлларнинг идда (муддат)лари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришлари)дир…” (Талоқ, 4).

Агар аёл ҳомиладор бўлмаса ва ҳайз кўрадиган бўлса, унда бу аёлнинг идда муддати тўлиқ уч ҳайз кўриши билан тугайди. Бундай ҳолатда ҳайз вақти эмас, балки аёл кишидан уч марта ҳайз кўриб, тоза бўлиши эътиборга олинади. Шунда учинчи ҳайзи тугаб, тозалиги бошланиши билан унинг идда муддати ниҳоясига етади. Чунки ҳайз ва тозалик муддати ҳамма аёлда ҳар хил бўлади. Шунга биноан, эмизикли аёл талоқ қилинса ва у эмизикли бўлгани учун ҳайзи келмай турган бўлса, унда ҳайзи келиб, сўнг уч ҳайз ўтгунича иддада ўтиради. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз ўтишини кутадилар” (Бақара, 228) деган сўзи далил бўлади.

Ҳайз кўрмайдиган ёш қизлар ёки ёши катта бўлгани боис ҳайздан қолган аёллар уч ой иддада ўтирадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умидини узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, (билингиз-ки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)” (Талоқ, 4).

Ҳануз ҳайздан қолмаган бўлса-да, ҳайзи келмаслиги аниқ бўлган аёллар, масалан, бачадони олиб ташланган бўлса, уларнинг ҳукми ҳам ҳайз кўрмайдиган аёлларники билан бир хил ҳисобланади. Бироқ ҳайзи бутунлай узилиб қолмаганини ва нима учун келмаётганини биладиган аёллар ҳайз кўриб, уч ҳайз ўтишини кутадилар. Бунга мисол тариқасида юқорида эмизикли аёлни зикр қилган эдик.

Агар аёл ҳайздан қоладиган ёшда бўлмаса, ҳайзи келмай қолса-ю, сабабини билмаса, унда бу аёл уламоларнинг ижтиҳодларига биноан тўққиз ой ҳомила учун, уч ой идда учун, яъни тўлиқ бир йил иддада ўтиради.

Агар аёл хулуъ қилинган бўлса, яъни пул эвазига эри билан келишган ҳолда ўртадаги никоҳни бекор қилган бўлса, у ҳолда тўғрироқ фикрга кўра, бу аёлнинг иддаси бир ҳайз бўлади. Бунга Абудллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далил бўлади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Собит ибн Қайснинг хотини эридан хулуъ қилишини сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир ҳайз идда ўтиришга буюрдилар (Термизий (1185), Абу Довуд (2229) ҳамда Насий (3497) ривоят қилишган).

Узоқ вақт давомида эридан алоҳида яшаган аёл талоқ қилинса, иддада ўтиради. Чунки Аллоҳ таоло: “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз ўтишини кутадилар” (Бақара, 228), деган ва талоқ қилинган аёл иддада ўтириши учун талоқ қилинишидан олдин эри билан бирга яшаётган бўлишини шарт қилмаган. Ҳатто бир киши бедарак кетиб, маълум вақт ўтганидан кейин маҳкама унинг йўқолгани ҳақида ҳукм чиқариб ва шу ҳукмга асосланиб аёлни эридан ажралгани ҳақида қарор чиқарса ҳам, у аёл иддада ўтиради. Чунки иддада ўтиришнинг сабаби фақат аёлнинг ҳомиладор эканини аниқлаш бўлмай, балки унинг бошқа ҳикматлари ҳам бор, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг