Исломда ибодат тушунчаси

0

Исломда ибодат тушунчаси

Биз юқорида ибодат инсоннинг бирламчи вазифаси эканини айтиб ўтган эдик. Демак, ибодат инсон ҳаётида иккинчи даражали масала эмас экан. Аксинча, ибодат инсоннинг дунёда яратилиш сабаби, инсон ҳаётининг мазмунидир.

Кўпчилик одамлар ўртасида ибодат тўғрисидаги нотўғри тушунчалар юради. Шундан келиб чиқиб, улар ўз ақли, қалби ва умрини мана шу улуғ вазифага эътибор бермай ўткизиб юборадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло инсонни фақат мана шу вазифани бажариши учун яратди. Инсон бу вазифани Яратган зот буюргандек, мукаммал адо этиши учун унга танаси ва борлиқдаги барча нарсаларни бўйсундирди. Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари, улар иккисида мавжуд бўлган хабарлар, буйруқ ва қайтариқлар, мукофот ва азоб-уқубатлар хусусида фикр-мушоҳада юритадиган бўлсак, уларнинг барчаси Аллоҳнинг ягона ибодат қилишга ҳақли Зот ҳамда инсоннинг Аллоҳга банда эканини исботлаш ва таъкидлаш хусусида эканига гувоҳ бўламиз.

Инсоннинг яратилиши, бутун борлиқнинг унга бўйсундирилиши, инсонга ақл, қалб ва ирода берилиши, пайғамбарлар юборилиши, илоҳий китоблар нозил бўлиши, жаннат ва дўзахнинг яратилиши, шунингдек, Қуръони Карим ва ундаги хабарлар, буйруқлар, мукофот ва жазолар – буларнинг барчаси мазкур улуғ вазифа, яъни бутун инсониятни Аллоҳ таолога ибодат қилдириш  учун экан, у ҳолда, қандай қилиб, “ибодат – фақат соф ният ёки масжидда бажариладиган расм-русумлар ёхуд ибодат инсоннинг ҳаётдаги айрим фаолиятлари, ишлари ёки ҳолатларидангина иборат”, дейиш мумкин?!

Аксинча, исломда ибодат доираси бениҳоят кенг доира. Ибодат инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Зеро, салафи солиҳларимиз шахс ёки жамоат тарзида бўлсин, ибодат тушунчасини ана шундай кенг маънода тушунганлар. Ибодатнинг бундай кенг қамровли маъноси, унинг моҳиятини хулоса қилиб шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибодат Аллоҳ суйган ва рози бўлган ҳар қандай ботиний ёки зоҳирий сўз ва хатти-ҳаракатларни ўзида мужассам этувчи сўздир[1].

Мазкур таъриф хоҳ холис ибодатлар бўлсин, хоҳ жоиз олди-берди ишлар бўлсин ёки одатий ишлар бўлсин, инсоннинг барча иш ва фаолиятларини қамраб олади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, холис ибодатлар борасидаги тамал қоида, бу ибодатларнинг алоҳида шаръий далилсиз жоиз эмаслигидир. Ҳар қандай ибодат ҳалол ва жоиз бўлиши учун унга алоҳида далил бўлиши лозим. Ибодатлардан фарқли ўлароқ, одатий ишлар токи унинг ҳаромлигига бирон далил бўлмаса жоиз ва ҳалолдир. Негаки, одамларнинг ҳар қандай сўз ва хатти-ҳаракатлари икки қисмга:  ибодат ёки одатга бўлинади. Шариат асосларига биноан Аллоҳ таоло вожиб қилган ёки яхши кўрган ибодатлар фақат шариат кўрсатмаси билан ўз исботини топиши мумкин. Одамлар кундалик ҳаётида қиладиган одатий ишлар эса, аслида жоиз ва ҳалол ишлардир. Улардан фақат шариат ҳаром қилганларигина ҳаромдир.

Шунингдек, одатий ишлар ният билан ибодатларга айланиши мукин. Бу ҳақда Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар мубоҳ амаллар вожиб ёхуд мустаҳаб мақсадларга олиб борувчи восита ёки иккисидан бирини тўлдирувчи бўлса ният билан унга ҳам ажр-савоб олинади[2].

Нававий роҳимаҳуллоҳ “Кишининг жинсий аъзосида ҳам садақа бор” ҳадисининг шарҳида шундай дейди: “Ҳадисда мубоҳ амаллар чинакам ният билан тоат-ибодатга айланишига далил бор[3].

Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳар қандай мубоҳ амал ният билан тоат-ибодатга айланиши ва у билан юксак мартабаларга эришиш мумкин. Бундай мубоҳ амаллардан ғафлатда қолиб, уни худди тилсиз ҳайвонлар каби беэътибор ва кўр-кўрона бажарган киши нақадар зиёнкор! Банда миясига келган ҳар қандай ўй-фикр, босган ҳар бир қадами ва ташлаган нигоҳига бепарво бўлмаслиги лозим. Негаки, қиёмат кунида буларнинг барчаси тўғрисида “Нега бундай қилдинг? Ундан мақсадинг нима эди?”, дея сўроққа тутилади[4].

Дарҳақиқат, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ибодатнинг таърифини зикр қилгач, унга мисоллар келтириб шундай дейди: “Намоз, закот, рўза, ҳаж, ростгўйлик, омонатдорлик, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошларга силайи раҳм қилиш, аҳдга вафо қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, кофир ва мунофиқларга қарши урушиш, етим, мискин ва мусофирларга эҳсон қилиш, қул ва ҳайвонларига раҳм-шафқатли бўлиш, дуо, зикр, қироат – буларнинг барчаси ибодатдир”[5].

Демак, бу жиҳатдан қаралса, диннинг ҳаммаси ибодат тушунчасига дохилдир. Дин бу Аллоҳнинг бандалар учун қўйган дастури бўлиб, у ҳаётнинг барча соҳаларини ўз ичига олади. Бу дастур ейиш-ичиш ва ҳожатхона одобидан тортиб, давлат барпо қилиш, уни бошқариш сиёсати, молиявий сиёсат, савдо-сотиқ ишлари, жиноий жазолар, тинчлик ва уруш ҳолатидаги халқаро алоқа асосларига оид ишларни ҳам ўз ичига олади.

Намоз, рўза ва закот сингари ибодатларнинг мавқеи ва мартабаси юксак. Бироқ ибодат деганда фақат шу каби амаллар тушунилмаслиги, балки улар Аллоҳ биздан талаб қилган ибодатнинг бир қисми деб билиш зарур.

Инсондан талаб қилинган ибодат – мусулмон ўзининг сўзи, хатти-ҳаракатлари, юриш-туриши ва одамлар билан ўзаро алоқаларини ислом шариати қўйган дастур ва асосларга мувофиқ тарзда бажаришидир. У буларнинг барчасини Аллоҳга тоат-ибодат қилиш ва Унинг буйруғига бўйсуниш учун бажармоғи лозим.

 Ибодатнинг ушбу кенг тушунчасини қўллаб-қувватловчи талай оят ва ҳадислар ҳамда саҳобалардан нақл қилинган ишлар бор.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсонларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим” [Зориёт: 56].

Айтинг:  (Эй Муҳаммад):  “Албатта,  намозим,  ибодатларим,  ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир.  У зотнинг биронта шериги йўқдир.  Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман.  Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали — пешқадамиман” [Анъом: 162-163].

Бундан бошқа ҳам ибодатнинг кенг ва умумий тушунча эканига далолат қилувчи оятлар кўп.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Одам (танасидаги) ҳар бир бўғин учун садақа бор. Қуёш чиққан ҳар бир кунда икки кишининг ўртасида адолат (билан ҳукм) қилишинг садақадир. Кишининг уловига минишига ёрдам бериб, устига миндириб қўйишинг ёки ашёларини кўтариб, унга узатишинг ҳам садақадир. Ширин сўз садақадир. Намозга бориш асносида ташлаган ҳар бир қадаминг садақадир. Йўлдан (йўловчиларга) озор (берадиган нарсалар)ни олиб ташлашинг садақадир[6].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳар қандай яхшилик садақадир. Биродарингни очиқ чеҳра билан қарши олишинг ва қўшнингнинг идишига челагингдан (сув) қуйиб беришинг ҳам садақадир[7].

Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизларнинг яхшиларингиз (одамларга) таом едирган ва саломга алик олганларингиздир[8].

Мазкур ҳадислардан ташқари ҳам инсоннинг яхши ниятда қилган барча ишлари ибодатга айланишига далолат қилувчи ҳадислар талайгина.

Қолаверса, салафи солиҳларнинг тутган йўли ва тушунчасига назар солар эканмиз, уларнинг наздида ҳам ибодат тушунчаси инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олишига гувоҳ бўламиз. Имом Бухорий Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Абу Мусо ва Муоз розияллоҳу анҳумларнинг Яманга юборилиши тўғрисидаги  ҳадис охирида Абу Мусо Ашъарий Муозга шундай дейди: “Эй Муоз, сен  Қуръонни қандай ўқийсан?”. Муоз деди: “Мен кечанинг аввалида ухлайман. Сўнгра уйқудан насибамни олгач, уйғониб, таҳажжуд намозини ўқий бошлайман ва Аллоҳ насиб қилганича (намозда Қуръон) ўқийман. Ўқиган намозим билан Аллоҳдан ажр-савоб умид қилганимдек, уйқум билан ҳам Аллоҳдан ажр-савоб умид қиламан[9].

Бошқа бир лафзда Муоз розияллоҳу анҳу шундай дейди: “…Мен бўлсам, таҳажжуд ҳам уқийман, ухлайман ҳам. Намозимдан умид қилган нарсани уйқумдан ҳам умид қиламан[10].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “(Муоз розияллоҳу анҳу) “чарчоқда савоб умид қилганимдек, дам олишда ҳам савоб умид қиламан”[11], “Уйқу билан жонимга оро беришда ҳам ажр-савоб умид қиламан”, демоқчи… Инсон яхши нияти билан мубоҳ амаллар учун ҳам савоб олади[12].

[1] “Мажмуул фатово” (10\ 149).

[2] “Фатҳул Борий” (12\ 275).

[3] “Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳи (7\ 92).

[4] “Эҳёи улумид дийн” (4\ 371).

[5] “Мажмуул фатово” (10\ 149).

[6] Бухорий (170, 224) ва Муслим (699) ривоят қилган.

[7] Имом Аҳмад (3\ 344), Ҳоким “МУстадрак”да (2\ 50) ва Албоний “Саҳиҳи жомеъ”да (4\ 181) зикр қилган.

[8] Имом Аҳмад “Муснад”да (6\ 16) ва Албоний “Саҳиҳи жомеъ”да (3\ 130) келтирган.

[9] Бухорий (5\ 108).

[10] Бухорий (8\ 50).

[11] “Фатҳул Борий” (8\ 62).

[12] Собиқ манба (12\ 275).

Изоҳ қолдиринг