Бақара сураси: 4-5 оятлар

0

Бақара сураси

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

الم (1) ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ (2) الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ (3) وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنْزِلَ مِنْ قَبْلِكَ وَبِالْآَخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ (4) أُولَئِكَ عَلَى هُدًى مِنْ رَبِّهِمْ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ (5)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. 1. “Алиф, лом, мим. 2,3,4,5. Бу китоб (яъни Қуръон)да шак-шубҳа йўқ. (У) ғайбга иймон келтирган, намозни (тўла-тўкис) ўқиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган, шунингдек, сизга нозил қилинган нарса (яъни Қуръон ва суннат)га ва сиздан илгари нозил қилинган нарсалар (яъни самовий китоблар)га иймон келтирган ҳамда охират кунига тўлиқ ишонадиган тақводорлар учун ҳидоятдир. Улар Парвардигорлари тарафидан бўлмиш (улуғ) ҳидоят устида ва ана ўшаларгина нажот топгувчидирлар”.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсадан мақсад Қуръон ва суннатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва Аллоҳ сизга Китоб (яъни Қуръон) ва ҳикмат (яъни суннат)ни нозил қилди” [Нисо: 113]. Тақводор бандалар Расулуллоҳ олиб келган барча нарсага иймон келтирадилар. У зотга нозил қилинган ваҳийни ажратиб, баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор қилмайдилар. Ваҳийни инкор қилиш турлича бўлади. Гоҳида уни буткул инкор қилиш билан бўлса, гоҳида Аллоҳ ва Расули мақсад қилмаган маънога буриш орқали бўлиши мумкин. Буни ўз фикр ва қарашларига мос келмаган оят-ҳадисларни таъвил қилувчи бидъатчи тоифаларда кузатиш мумкин. Улар бу оят-ҳадисларнинг лафзини тасдиқлашса-да, бироқ уларнинг маъносини тан олмасликка олиб борадиган хулоса билан таъвил қиладилар. Қисқаси, улар бу оят-ҳадисларга чинакам иймон келтирмайдилар.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илгари нозил бўлган нарсаларга иймон келтиришдан мақсад ўтган  барча илоҳий китобларга иймон келтиришдир. Илоҳий китобларга иймон келтириш, ўз ўрнида пайғамбарларга ҳам, шунингдек, бу китоблар, хусусан, Таврот, Инжил ва Забурда мавжуд бўлган барча нарсаларга ҳам иймон келтириш демакдир. Албатта, бу мўминларга хос хусусият. Улар барча самовий китоблар ва жамики пайғамбарларга иймон келтирадилар. Улардан ҳеч бирини ажратмайдилар.

Тақводор бандаларнинг яна бир сифати уларнинг охират кунига иймон келтиришидир. Охират – ўлимдан сўнг юз берадиган воқеа-ҳодисаларга ишлатиладиган сўз. Аслида Пайғамбар алайҳиссаломга нозил бўлган нарсага иймон келтириш, охират кунига иймон келтиришни ҳам ўз ичига олади. Бироқ Аллоҳ таоло охират кунига иймон келтиришни алоҳида зикр қилинди. Негаки, охират кунига иймон келтириш иймон рукнларидан бири, қолаверса, Аллоҳга интилиш, Ундан қўрқиш ва шариатга амал қилишга ундовчи энг катта омилдир.

Юқорида зикр қилинган қатор сифатларга эга бўлган тақводор бандалар улуғ ва очиқ-ойдин ҳидоят устидалар. Ахир, соғлом эътиқод ва тўғри амалларни ўз ичига олган мазкур сифатлардан ҳам каттароқ ҳидоят борми?! Аслида ҳам чинакам ҳидоят ўша тақводорларга берилган ҳидоят, ундан бошқаси залолат эмасми?! Оятдаги “ҳидоят устида” деган сўз ҳидоятнинг юксаклигига далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки сизлар (яъни икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир”[Сабаъ: 24]. Зеро, ҳидоят соҳиби ҳидоят сабаб юксалган, залолат соҳиби эса, залолатга ботган, таҳқирлангандир.

Тақводорларгина нажот топгувчи – матлабига эришадиган, уларни қўрқитадиган нарсалардан халос бўлгувчи инсонлардир. Зеро, уларнинг йўлидан бормаган кимсалар учун нажот йўқ. Уларнинг йўлидан бошқа йўллар бахтиқаролик, ҳалокат ва зиёнкорлик йўли бўлиб, инсонни ҳалокат сари бошлайди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда ҳақиқий мўминларнинг сифатларини зикр қилгач, келгуси икки оятда куфрни ошкор қилган, Пайғамбарга қайсарлик ва итоатсизлик қилган кофирларнинг сифатларини баён қилди.

Изоҳ қолдиринг