Эй иймон келтирганлар (47): Аллоҳ ва Расулининг чақириқларига қулоқ солиб, итоат этиш фарзлиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расули сизларга ҳаёт бахш этадиган ҳаққа чорлаганда уни қабул қилиб, итоат этинг. Билингки, Аллоҳ инсон билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўйишга қодир зот. Сизлар албатта Унинг ҳузурига йиғиб олиб келинасиз. Гуноҳ-маъсиятлар қилиб турган золим кишиларнинг ўзигагина етмайдиган, балки оммавий равишда келадиган балолардан эҳтиёт бўлинг. Шуни билингки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Анфол, 24-25).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларнинг икки дунёда ҳам саодатга эришишларини хоҳлайди. Чунки мўминлар Унинг қуллари ва дўстларидир. Хожа қулининг ҳурматли бўлишини яхши кўрса, дўст дўстининг бахт-саодат топишини, обрў-эътиборли бўлишини суяди.

Бу нидода ҳам Аллоҳ таоло қуллари ва дўстлари бўлмиш мўмин бандаларига нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расули динга даъват қилар экан, уни қабул қилиб, итоат қилинг”, деди. Расулдан мурод пайғамбарлар хотами ва имоми Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Қабул қилиб, итоат қилишдан мақсад қулоқ солиб, бажо келтириш, итоат этиб, амал қилишдир. Аллоҳ ва унинг расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни динга чорласа, албатта қулоқ солинг ва даъватга ижобат қилинг. Яна ҳам кенгроқ айтадиган бўлсак: Аллоҳ ва Унинг пайғамбари У яхши кўрадиган ва рози бўладиган эътиқодга буюрса, шундай эътиқод қилинг. Яхши сўз айтишга буюрса – ҳолбуки, Аллоҳ фақат яхши, пок нарсаларга чақиради, – яхши сўз сўзланг. Солиҳ амал қилишга чорласа – ҳолбуки, Аллоҳ фақат солиҳ ишларга чорлайди, – солиҳ амал қилинг, ноқислик қилманг.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан муомала ҳам худди шундай бўлиши лозим, яъни ақида, сўз ё амалда пайғамбаримиз даъват этган ишларга қулоқ солиб, тезлик билан бажаришга ўтиш шарт. Фақат кучи етмаган, қодир бўлмаган ожиз бўлса, бошқа гап, сабаби Аллоҳ бандаларидан тоқатларидан ташқари нарсани талаб қилмайди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қайтарган бузуқ ақида, ножўя сўз ва ёмон ишларни тарк қилинг. Аллоҳнинг чақириғини қабул қилинг, нимадан қайтарса дарҳол қайтинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳам худди шундай: “Пайғамбар жорий қилган ҳукмни олинглар, сизларни нимадан қайтарса, ундан тийилинглар” (Ҳашр, 7).

Аллоҳ ва Расулининг буйруғи ва уни қабул қилиб, итоат этиш бекорга жорий қилинмаган, бунинг боиси бор. Унда ҳам мўминларнинг фойдаси кўзланган. Буларнинг бари улар одоб-ахлоқда баркамол бўлиб, ҳаётларида бахт-саодат, иззат-икром, покдомонлик, хотиржамлик ва кўп яхшиликларга эришишлари учун қилинган. Аллоҳ таолонинг: “сизларга ҳаёт бахш этадиган ҳаққа чорлаган пайтда” сўзининг маъноси шудир. Зеро Аллоҳ ва Пайғамбар тақводор мўминларни икки дунёда ҳам уларга яхши бўладиган, саодатли, покиза ҳаётга йўллайдиган ишларга чорлайдилар.

Аллоҳнинг: “Шуни билингки, Аллоҳ инсон билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўйишга қодир зотдир” деган сўзлари мўминлар учун муҳим, жиддий бир хабар ва огоҳликка ундовдир.

Агар мўмин кишига яхши ишлар, солиҳ амаллар қилиш учун фурсат берилса, ўтиб кетмасидан олдин тезликда фурсатдан фойдаланиб қолиши керак. Бўлиб ҳам бу фурсат, имконият Аллоҳ ва Расули тарафидан берилган бўлса, буни қадрлаш керак. Нимани қилишга ёки нимадан тийилишга чорлаган бўлсалар, дарҳол бажариши лозим. Йўқса, Аллоҳ ҳар қандай инсон ва унинг хоҳлаб турган нарсаси орасини ёки инсон билан қалби ўртасини тўсиб қўйишга қодир. Аллоҳ қалбни ўзгартириб қўйишга, уни хоҳлаган тарафга: яхши ҳолатдан ёмон ҳолатга ёки ёмон ҳолатдан яхши ҳолатга буриб қўйишга қодир. Бу ҳақиқатнинг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг кўп ўқиб юрган дуоларига қулоқ солайлик: “Эй қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин”. Яна дуо қилиб айтардилар: “Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбимизни Ўзингга тоат-ибодат тарафга бургин”.

Ушбу нидодаги биринчи оятга якун ясаган: “Сизлар албатта Унинг ҳузурига йиғиб олиб келинасиз” деган сўзлар билан Аллоҳ таоло мўмин бандаларига бир ҳақиқатни билдириб қўйди. Буни доим ёдда тутиш, асло унутмаслик керак. Ҳақиқат шуки, бандалар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига тўпланадилар. Аллоҳ уларга қилган ишларига кўра жазо ё мукофот беради. Ҳаётини тоат-ибодат билан ўтказганлар мукофотини олади. Исён ва маъсият билан умр кечирганлар жазосини тортади. Шунинг учун Аллоҳ ва Расули ҳаётбахш ҳаққа чорлаган пайтда уни қабул қилишга тараддудланиш ярамайди. Раббингиз дўстингиз-ку ахир, ҳеч замон сизни ёмон нарсага чорлайдими? Йўқ, албатта. Шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни бахтсиз ҳаёт сари етаклайдиларми? Йўқ, албатта. Сиз учун ҳаётбахш бўлган, сизни саодатга элтувчи нарсаларгагина чақирадилар. Ўйлаб кўрсангиз бўлмайдими?

Нидодаги иккинчи оят: “Гуноҳ-маъсиятлар қилиб турган золим кишиларнинг ўзигагина етмайдиган, балки оммавий равишда келадиган балолардан эҳтиёт бўлинг. Шуни билингки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”.

Бу оят мўминлар учун жиддий огоҳлантириш бўлиб, қачон ва қаерда бўлишларидан қатъи назар Аллоҳ ва Расулининг нидосини қабул этмасалар, даъватга қулоқ солмай тоат-ибодатни ташласалар, буйруқларни бажармасалар, қайтариқлардан тийилмасалар, бу ҳол ёмонлик ва фасоднинг урчишига олиб келади ва натижада ҳаммалари азобга лойиқ бўлиб қоладилар.

Бу илоҳий нидода бажаришга буюрилган амр ва наҳий амри маъруф ва наҳий мункардир. Чунки одатда бало жамиятдаги ҳаммага, яхши-ю ёмонга баб-баробар келмайди. Қачон оммавий бало келади? Қачон жамият ичида амри маъруф ва наҳий мункар эътиборсиз ташлаб қўйилса, шундагина оммавий тарзда бало келади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бу оят ҳақида айтган сўз ҳам буни тасдиқлайди: “Аллоҳ таоло мўминларни ўз ораларида мункар ишларга имкон бермасликка амр этди. Акс ҳолда, азоб уларга оммавий равишда келади”. “Саҳиҳ Муслим”да келган ҳадис ҳам бу ҳақиқатни тасдиқ этиб, таъкидлайди: Мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ кишилар бўлиб туриб ҳам ҳалок бўлиб кетамизми?” деб сўраганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, қачон ёмонлик (гуноҳ-маъсият) кўпайиб кетса, шундай бўлади”, деб жавоб берганлар. Имом Аҳмад “Муснад”да келтирган ҳадисда эса мўминлар онаси Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Умматим орасида гуноҳ-маъсиятлар ошкор бўлиб кетса, Аллоҳ таоло уларга оммавий равишда азоб юборади”. Умму Салама разияллоҳу анҳо деди: “Эй Расулуллоҳ, ичларида солиҳ кишилар бўлмайдими?”. Расулуллоҳ: “Бўлади”, дедилар. “Улар нима қилади?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларга етган бало уларга ҳам етади, сўнгида улар Аллоҳнинг мағфирати ва розилигига эришадилар”, дедилар.

Модомики, амри маъруф ва наҳий мункар ташлаб қўйилса, бало-мусибатлар келмай қолмайди, умматга азоб етмай қолмайди. Бунга мисоллар етарли даражада кўп. Андалус ва унинг аҳли қаерда? Мусулмон ҳинд мамлакатлари ва подшоҳлари қаерда? Шарқий Оврўпа мусулмонлари-чи? Барчаларининг диёрлари ботил нарсалар мамлакатига айланиб қолди. Бунинг сабаби ёмонлик ва фасоднинг ёйилиб кетгани ва ўз ҳолига ташлаб қўйилганидир. Ёмонлик оммалашгач, азоб ҳам оммавий келган.

Ҳурматли ўқувчи, қуйида бир неча ишларни эслатиб ўтамиз, буларни яхши билиб олинг:

  • Хоҳ буйруқ, хоҳ қайтариқ бўлсин, Аллоҳ ва Расулининг амрини қабул қилиб, итоат этиш фарз.

  • Яхшиликлар эшиги очилган, берилган фурсат ва имкониятни ғанимат билиб, фойдаланиб қолинг, сусткашлик қилманг.

  • Яхши ишлар ташлаб қўйилса амри маъруф, гуноҳларга қўл урилса наҳий мункар қилиш фарз бўлади. Шундай қилинмас экан, ёмонлик оммалашиб кетади ва уммат ҳалок бўлади.

Буни доим ёдда тутайлик, қўлимиздан келганича амри маъруф ва наҳий мункар қилайлик.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг