Сийрат: Исломни илк қабул қилганлар

0

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг Исломга кириши:

Хадича разияллоҳу анҳодан сўнг Али ибн Абу Толиб Исломга кирди. У ёш болалар ичида биринчи бўлиб иймон келтирган бола бўлди. Ўша вақтда ишончли ривоятларга қараганда, ўн ёшда эди. Бу Табарий ва Ибн Исҳоқнинг сўзларидир[1]. Али разияллоҳу анҳу Исломдан олдин Расулуллоҳнинг хонадонларида тарбия топиши Аллоҳнинг унга катта марҳамати бўлди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни амакилари Абу Толибдан сўраб олиб, ўз қарамоқларига олган эдилар[2]. Шундай қилиб, Али Расулуллоҳ ва Хадичадан кейин учинчи бўлиб намоз ўқиган киши бўлди[3].

Баъзи уламоларнинг айтишларича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақти киргач, одамлардан яширинча, Макканинг дараларига кетар эдилар. Али ибн Абу Толиб ҳам отаси, амакилари ва қавмидан яширинча у зотнинг ортларидан борар эди.  Икковилари  у ерда намоз ўқиб, кеч киргандан сўнг яна иймон ва тақво маскани бўлган уйларига қайтар эдилар[4].

Зайд ибн Ҳорисанинг Исломга кириши:

Зайд мавлолардан – қулликдан озод этилганлардан биринчи бўлиб иймон келтирган кишидир. У Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари ва суюкли асранди ўғиллари эди. Ота-оналари уни сотиб олиб, қулликдан қутқариб олиб кетиш учун Маккага келганларида у улар билан бирга кетишдан бош тортиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қолишни ихтиёр этган эди. Ўшанда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ихтиёрни унинг ўзига берган эдилар. Зайд Расулуллоҳга, мен сизнинг ўрнингизга бошқа бировни ихтиёр қилмайман, сиз менга ота-онам ўрнидасиз, деди. Отаси ва амакиси: “Ҳолингга вой бўлсин, озодлик, ота-онанг, амакинг, қавминг ўрнига қулликни танлайсанми?” дедилар. У: “Ҳа, мен бу одамда бир хислатни кўрганим сабабидан уни қўйиб, бошқасини асло ихтиёр этмайман”, деди[5].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг Исломга киришлари:

Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча қизлари – Зайнаб, Умму Кулсум, Фотима, Руқайя ўйлаб ўтирмай Исломни қабул этдилар. Улар пайғамбарликдан олдин ҳам оталарининг хулқ-атворларидан, гўзал сийратларидан таъсирланган эдилар. Улар у зот қавмларининг жирканч ишларидан, бутларга сиғиниш ва маъсиятларга қўл уришдан йироқ ва пок эканликларини билар эдилар. Оналаридан ҳам одоб-ахлоқ олган эдилар. Шунинг учун дарҳол иймонга келдилар[6]. Шу билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонлари Аллоҳга иймон келтирган ва тўлалигича Исломни қабул қилган энг биринчи оила бўлди. Шубҳасиз, бу хонадоннинг Исломга даъват тарихида улкан ўрни бор. Чунки Аллоҳ таоло бу хонадонга марҳамат кўрсатиб, уни биринчи бўлиб иймон келтирган, Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқиган хонадон бўлишини насиб этди. Демак, у:

  • Ҳиро ғоридан кейин Қуръон тиловат қилинган биринчи макондир.

  • У Исломга энг биринчи бўлиб кирган мўмина аёлни ўз бағрига олган хонадондир.

  • У биринчи бўлиб намоз ўқилган хонадондир.

  • Исломга биринчи бўлиб кирган уч нафар мўминни – Хадича, Али, Зайд ибн Ҳорисани ўз ичига олган хонадондир.

  • Динга ёрдам бериш учун аҳд берганлар яшайдиган хонадондир. Улардан биронтаси ҳам – катта бўлсин ёки кичик – даъват йўлида сусткашлик қилмади[7].

Бу хонадон ўрнак бўлишга ҳақлидир. Хонадон бекаси мусулмон хонадонларга, хотинлару эркакларга намуна бўлишга лойиқдир. Хонадон бекаси покиза мўмина, мухлиса, омонатли, ростгўй вазир эди. Хонадонда ўсиб-улғайган амакининг ўғли чақириққа лаббай деб жавоб берган, кўмакчи ва ҳамроҳ эди. Асранди ўғил чинакам мўмин ва кўмакчи эди. Қизлар тасдиқловчи, қулоқ солувчи намунали мўминалар эди[8].

Шундай қилиб, Пайғамбар хонадонининг даъватдаги ўрни катта бўлди. Хонадон Аллоҳни Раббим деб, Муҳаммадни пайғамбарим ва расулим деб иймон келтирган ҳар бир шахс учун ўрнакдир[9].

Исломдаги энг кўзга кўринган ҳақиқатлардан бири шуки, у ислоҳот ҳалқаларининг биринчи ҳалқаси сифатида энг аввал солиҳ шахс ва солиҳ оилани бино қилиш зарурлигига аҳамият қаратади. Ана ундан кейин солиҳ жамият яратилади. Ислом мусулмон шахсни вужудга келтириш ва уни парвариш этишга қаттиқ аҳамият беради. Ва буни бошқа барча амаллардан кўра зарур деб билади. Мусулмон шахс жамият биносининг бир ғиштидир. Шунинг учун шахсни туғилган кунидан ўз бағрига оладиган ва умр бўйи уни ўз аъзоси деб кўрадиган оила унинг шахсияти қирралари намоён бўладиган қадрдон маскани бўлади. Ва оила шахс билан жамият ўртасидаги воситадир. Агар бу воситачилик соғлом бўлса, шахс ҳам, жамият ҳам саломат ва мустаҳкам бўлади[10].

Шу боис Ислом оилага қаттиқ эътибор қаратди. Оилани парвариш этадиган, раббоний йўналишга йўналтирадиган асослар яратди. Шу билан оила исломий жамият ва исломий давлат биносининг мустаҳкам ҳалқаси бўла олади[11].

 

[1] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” китоби, 1/284.
[2] Ибн Ҳишом 1/246.
[3] Ибн Саййид ан-Нос, “Уюн- ал-асар” китоби, 1/115.
[4] Доктор Исматуддин, “Ал-маръату фил-аҳдин-набавий”, 42-бет.
[5] Доктор Қалъачи, “Расулуллоҳнинг шахсиятларини таҳлилий ўрганиш”, 191-бет.
[6] Абу Шаҳба, “Сийра набавия”, 1/284.
[7] Доктор Исматуддин, “Ал-маръату фил-аҳдин-набавий”, 43-бет.
[8] Доктор Исматуддин, “Ал-маръату фил-аҳдин-набавий”, 45-бет
[9] Доктор Исматуддин, “Ал-маръату фил-аҳдин-набавий”, 46-бет.
[10] Доктор Комил Салома, “Давлат ар-расул мин ат-таквин ҳатта ат-тамкин”, 208-бет.
[11] Доктор Комил Салома, “Давлат ар-расул мин ат-таквин ҳатта ат-тамкин”, 208-бет.

Изоҳ қолдиринг