Эй иймон келтирганлар (48): Хиёнатнинг ҳаромлиги ва фитналардан огоҳ бўлиш ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилманг. Сизларга омонат қўйилган нарсаларда била туриб хиёнат қилманг. Шуни билингки, мол-дунё ва фарзандларингиз сизлар учун имтиҳондир. Аллоҳнинг ҳузурида эса кўп яхшилик ва улкан ажру савоб бор” (Анфол, 27-28).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло Ўзига, қиёмат кунига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган мўминларга нидо қилар экан, уларга иймонлари билан тирик эканлари, эшитиб, итоат этишга лойиқ бўлганлари учунгина нидо қилади.

Бу оятларда Аллоҳ таоло мўминларга нидо қилиб, уларни хатарли ишдан қайтармоқда. Бу хатарли иш хиёнатдир. Аллоҳ таолога зоҳирда тоат-ибодат қилган бўлиб, хуфёна гуноҳ-маъсиятлар қилиш хиёнатдир. Бундай иллат мўмин кишига асло лойиқ эмас. Бу мунофиқлар сифатидир. Шунинг учун Аллоҳ бундан қайтарди ва мўминларда шундай сифат топилиб қолишидан огоҳ этди.

Шунингдек, уларни инсонга омонат қилиб берилган барча нарсада хиёнат қилишдан қайтарди. Омонатлар хос ва умумий омонатларга бўлинади. Кишига биродари тарафидан қўйилган мол-дунё ёки сир каби омонатлар хос омонат ҳисобланади.

Умумий омонатлар Аллоҳ таоло бандалар устига юклаган, улардан талаб қилган шаръий омонатлар бўлиб, ҳатто жанобатдан ғусл қилиш ҳам омонатдир.

Била туриб”, яъни хиёнат жиноятининг нақадар улканлигини, унинг шахс ва жамиятга етадиган ёмон оқибатларини билган ҳолда хиёнат қилманг.

Аллоҳ таоло иккинчи оятда: “Шуни билингки, мол-дунё ва фарзандларингиз сизлар учун имтиҳондир. Аллоҳнинг ҳузурида эса кўп яхшиликлар ва улкан ажру савоблар бор”, деган сўзлари билан бандани омонатга хиёнат қилишга ундовчи омил мол-дунё ва бола-чақага бўлган муҳаббат эканини хабар берди. Мол-дунё ва фарзандларни яхши кўриш инсон табиатида жойланган туйғу, бу табиий. Лекин инсон бу муҳаббатга Аллоҳдан қўрқиш ва тақво билан қарши турмаса, уни тартибга солмаса, унинг фитнасидан саломат қолмайди: “мол-дунё ва фарзандларингиз сизлар учун имтиҳондир”, синовдир, фитнадир. Фитнанинг иши тоат-ибодатдан чалғитиш эканини ўзингиз яхши биласиз. Мол-дунё ва бола-чақа Аллоҳ ва Расулига итоат этишдан чалғитади, ибодат кўчасидан бошқа томонга буриб юборади. Аллоҳ ва Расулига итоат қилмаганлар эса дунёю охиратини бой беради, зиёнда қолади.

Аллоҳнинг ҳузурида эса кўп яхшиликлар ва улкан ажру савоблар бор”. Бу сўзлар бандаларга танбеҳ ва огоҳлантиришдир. Банданинг нафси мол-дунёсини сақлаш, кўпайтириш, фарзандлари бекаму кўст, яхши яшаши учун омонатларга хиёнат қилишга чақиради, васваса қилади. Аллоҳнинг ҳузурида эса бундан кўра яхши бўлган жаннат бор. Нафсингиз ундаётган нарсани ташлаб, Раббингиз чақираётган нарсага ўтсангиз, Аллоҳ таоло улкан ажру савоблар ва кўп яхшиликлар билан мукофотлайди. Чунки Аллоҳ ўз ҳузурида буюк мукофотларни ҳозирлаб қўйган. Бу мукофот ва ажрларни Унинг йўлида оғишмай амал қилган, Аллоҳ ва Расулининг итоатида сабру матонат билан турган, Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилмаган, омонатларга хиёнат қилмаган, бу борада лоқайдлик қилмаган бандаларига ато этади. Бу мукофотлар охиратдаги жаннат ва роҳат-фароғатларга қўшимча тарзда, уларга кенг ва ҳалол ризқ, фаровон ҳаёт шаклида шу дунёда ҳам берилади. Банда дунё ишларидан бирон нарсани Аллоҳ учун ташласа, эвазига Аллоҳ ундан яхшироғини дунёда ҳам беради, охиратдагиси эса янада яхши ва абадий бўлади.

Шу ўринда бу нидо ояти нозил бўлиши сабаби ҳақида Абдураззоқ Зуҳрийдан келтирган ривоятни зикр қилиб ўтамиз. Унинг айтишича, бу оят Абу Лубоба ибн Абдулмунзир ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Лубобани аҳдни бузишгани ва хиёнат қилишгани учун мусулмонлар тарафидан қамалга олинган Бану Қурайза қавмига Расулуллоҳнинг ҳукмига бўйсуниш талабини етказиш учун юборадилар. Бану Қурайза Абу Лубобадан қандай йўл тутишса яхши бўлиши ҳақида маслаҳат сўрайдилар. Абу Лубоба Расулуллоҳнинг ҳукмига рози бўлишни маслаҳат беради, фақат қўли билан бўғзига ишора қилиб, Расулуллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиш ўлим эканини билдиради, яъни барчангиз ўлимга ҳукм этиласиз, деб ишора қилади. Сўнг ўзининг нима қилиб қўйганини, яъни шу биргина ишораси билан Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилиб қўйганини англаб етади. Бу ишидан афсус қилиб, Бану Қурайза диёридан қайтгач, то ўлгунича ёки Аллоҳ тавбасини қабул қилмагунича туз тотмасликка қасам ичади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига келиб, ўзини унинг устунларидан бирига боғлайди. Бу устун “Абу Лубоба устуни” деб танилган ва ҳозирга қадар мавжуддир. Шу ҳолда тўққиз кун қолади. Машаққат сабаб ҳушидан кетишга яқин бўлади. Сўнг Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилиб, Расулига оят нозил қилади. Одамлар хурсандчилик хабарини етказишга ошиқадилар. Уни устундан ечиб олмоқчи бўлганларида Абу Лубоба бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз муборак қўллари билан қилишларини сўраб ўтинади. Умматга меҳрибон, мушфиқ пайғамбаримиз келиб, уни ўз қўллари билан ечиб оладилар. Абу Лубоба: “Эй Расулуллоҳ, мен бутун мол-мулкимни садақа қилишни назр қилган эдим”, дейди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молингнинг учдан бирини садақа қилсанг бўлади”, деб айтадилар. Абу Лубоба шундай қилади. Бу нидо ояти нозил бўлишига шу ҳодиса сабаб бўлган. Аммо, муҳими сабаб хос бўлса-да, лафз барчага умумийдир.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилиб, уларни хиёнат қилишдан қайтарди. Ҳар қандай омонатга бепарволик билан хиёнат қилишдан, хоссатан Аллоҳ ва Расулига тааллуқли бўлган ибодатлар, буйруқ ва қайтариқларда, зоҳиру ботинда итоат қилиш масалаларида хиёнат қилишдан қайтарди: “Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилманг. Сизларга омонат қўйилган барча нарсада била туриб хиёнат қилманг”.

Хулоса шуки, Абу Лубоба билан бўлган ҳодисадан олинадиган катта ибратни асло унутманг. Мўмин одам ногаҳон ғафлат босиб, шайтон васвасаси билан хиёнатга қўл уриб қўйса, қандай хиёнат бўлмасин, тезликда Аллоҳга тавба қилиши, қилган ишидан пушаймон бўлиб кўп истиғфор айтиши, яхши амалларни кўпайтириши, молидан садақалар қилиши лозим ва албатта қилган хиёнатига иқрор бўлиб, ҳақни эгаларига қайтариши зарур. Ким тавба қилса, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи зот. Жон ҳалқумга келгунича тавбалар мақбул, иншааллоҳ. Тавбага шошилмоқ фарз, тавбани асло кечиктириб бўлмайди, уни кечиктириш ҳаром. Тавбани кечиктиришга ҳеч бир кимса учун узр йўқ. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ дарҳол тавба қилган кишилардан тавбани қабул қилади” (Нисо, 17). Бу ердаги дарҳолдан мурод гуноҳга қўл урилган он, қилган ишининг маъсият эканини англаган пайтдир. Абу Лубоба разияллоҳу анҳунинг тавбасига диққат қилинг, у бир дақиқа ҳам кечиктирмай тавбага шошилди. Тавбасида бошқа кишилар қила олмайдиган ишни қилди. Натижада Аллоҳ ундан рози бўлди ва уни рози қилди. Аллоҳ бизнинг ҳам тавбамизни қабул этсин ва гуноҳларимизни кечирсин. Зотан фақат Аллоҳ бизнинг дўстимиз ва хожамиздир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг