Пайғамбаримизнинг кун тартиби (1)

0

Муқаддима

Мадина… Хурмозорлар шаҳри, гўзал қалблар диёри. Бу шаҳарда диллар ором олади, кўзлар қувнайди. Бу Пайғамбаримизнинг масканлари ва севимли шаҳарлари. Шаҳар аҳли у зотнинг аҳли. Дарҳақиқат, у зот илк бор Мадинага кириб келганларида бутун шаҳар ёришиб кетган эди. Шаҳар аҳолиси, ҳатто теварак-атрофдаги жонсизу жонли табиат у зотга муҳаббат қўйди. Уҳуд тоғи у зотни севар, у зот ҳам бу тоғни севар эдилар. Мадина кўчалари у зотнинг қадам изларини танийди. Ундаги масжид ва унинг атрофида тизилган кичик-кичик уйлар… Атрофларига йиғилган вафодор мард йигитлар… Улар у зотни жондан ортиқ севадилар… У зот ҳам уларни севадилар… Кўпинча улар билан бирга, хилватда эса Аллоҳга ибодатда эдилар.

Келинг, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан бир кунни олиб, бир неча соат  у зот билан бирга яшаб кўрамиз. У зот билан яшар эканмиз, ҳаётлари ўта оддий бўлганини, ундан ҳазил-мутойиба ҳам ўрин олганини кўрамиз. Кундалик фаолиятларида ўртамиёна, ҳожатмандларнинг ҳожатини ўташда сахий бўлганларига гувоҳ бўламиз.

У зот ҳаётларидан бир лаҳза ҳам самарасиз ўтмас эди. Вақтдан ўта унумли фойдаланар эдилар. Уйларида, масжидда, кўчада, саҳобалар уйига меҳмонга борганларида, мажлисларда, дастурхон устида, тўшакда, барча-барча ҳолатларида фурсатни ғанимат билар эдилар. Атрофларида турган кишиларнинг кўзлари у зотга термилиб турар, гўё камера каби у зотдан содир бўлган барча нарсани ёзиб олар эди. Ҳатто улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечасида қиладиган амалларини ҳам билишга қизиқардилар. Ўша пайтда деворлар паст бўлгани учун қилаётган ишларидан хабар топиш қийин эмас эди. Шунинг учун саҳобалар нигоҳи у зотни то уйқуга кетгунларигача кузатар, уйғонишларидан ҳам хабар топар эди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларни бошқалардек ўтказмас эдилар. Фаолиятлари кўплигидан қай бир лаҳзани бошланиш нуқтаси деб белгилашни билмайсиз. Фурсатни ғанимат билар, бирон лаҳзани бекор ўтказиб юбормас эдилар. Тинимсиз ҳаракатлари ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ва ҳар бир сонияси ҳисобли эканини, ундан фойдаланиш, уни ғанимат билиш зарурлигини, умр эса қисқа эканини англатади.

Бу саҳифаларда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир кун бирга бўламиз. У зот билан Мадинанинг бозорларини оралаймиз, камтарона егуликларидан тановул қиламиз. Таълим берар эканлар меҳрибон муаллим овозини, намозда эканлар мунгли ва таъсирли тиловатларини эшитамиз. Тўшаклари бўлмиш оддий бўйрага ўтириб, у зотнинг камтарона ва баракотли таомларидан тотамиз. Бу битиклар аро сиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига саҳобалар сифатлаган эшикдан киришингиз ва у зотни уйқудалик ҳолда кўришингиз мумкин. Қўйниларига ёки ёнларига чақалоғингизни қўйиб, чақалоқни у зотнинг баракотларидан баҳраманд эта оласиз.

Бу буюк зот ва улуғ пайғамбар ҳам инсон, ҳам пайғамбар ўлароқ қандай яшар эдилар?!

Кундалик ишлари нималардан иборат эди?!

Китоб сизни ана шу буюк Пайғамбар ва Расулнинг кундалик ҳаёти билан таништиради.

Абдулваҳҳоб ибн Носир Турайрий

Маккаи мукаррама, 20.07.1431 ҳижрий йил, жума.

Изоҳ қолдиринг