Пайғамбаримизнинг кун тартиби (2)

0

Тонгда таралган нурлар

Субҳидам пайти тун зулмати ёришар экан, Мадина аҳли Билол разияллоҳу анҳунинг азони билан уйғонар эди. Пайғамабар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани узун таҳажжуд намози билан ўтказганлари боис саҳарга яқин бироз ухлаб, муборак баданлари дам олаётган бўларди.

Билолнинг азони эшитилиши билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турар, уйғонгач энг аввал қўлларига мисвок олиб, тишларини тозалар эдилар[1]. Сўнг қуйидаги дуони айтар эдилар:

الحمدُ لله الذي أحيانا بعدما أماتنا وإليه النشور

“Бизни ўлдиргандан сўнг яна ҳаёт берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Қайтиш Унинг ҳузуригадир”[2].

Бу дуонинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Алҳамду лиллааҳиллазий аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур”.

Азонга жавобан муаззин айтган сўзларни такрорлар эдилар. Муаззин: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганда у зот ҳам: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!” дер эдилар.“Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ!” (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман) деганда, у зот: “Мен ҳам гувоҳлик бераман”, дер эдилар. “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари эканига гувоҳлик бераман) деганда “Мен ҳам гувоҳлик бераман”, дер эдилар. “Ҳайя алас-солати” деганда “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дер эдилар. “Ҳайя алал-фалаҳ” деганда “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дер эдилар. “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганда “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дер эдилар. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганда “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дер эдилар[3].

Сўнг ғусл қилишга ҳожат бўлса ғусл қилар эдилар, бўлмаса таҳорат олар эдилар. Гоҳида таҳорат ҳам олмас эдилар. Бунинг сабабини сўралганда: “Кўзим ухлайди, аммо қалбим ухламайди”, деган эдилар[4].

Сўнг бомдоднинг икки ракаат суннатини қисқагина ўқир эдилар. Енгил ўқиганларидан ҳатто, намозда “Фотиҳа”ни ўқидиларми, деб ҳайрон бўлиш мумкин эди[5]. Биринчи ракаатда “Фотиҳа”дан кейин “Кафирун” сурасини, иккинчи ракаатда эса “Ихлос” сурасини зам қилар эдилар. Гоҳида биринчи ракаатда “Бақара” сурасининг 136-оятини, иккинчи ракаатда эса “Оли Имрон” сурасининг 64-оятини ўқир эдилар[6].

Бомдод намозининг икки ракаат суннатини ўқиб бўлганларидан кейин хотинлари уйғоқ бўлса, у билан ширингина суҳбат қурар эдилар. Фараз қилинг, эрига муҳаббатли аёл кунини суюкли эри билан суҳбатлашишдан бошлаши нақадар гўзал! Агар хотинлари ухлаётган бўлса, у зот фарз намозига такбир айтиладиган вақтгача ўнг томонларига ёнбошлаб ётар эдилар[7].

Билол масжидда одамлар йиғилгандан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларига яқинлашиб: “Намозга, ё Расулуллоҳ” деб намозга чақирар эди[8].

Кейин Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқар эдилар. Уйдан чиққач, нигоҳларини осмонга қаратиб, ушбу дуони ўқир эдилар:

بسم الله، توكلت على الله، اللهمَّ إني أعوذُ بك أَنْ أَضِلّ أو أُضَلَّ، أو أَزِلَّ أو أُزَلَّ، أو أَظْلِمَ أَو أُظْلَمَ، أو أَجْهَلَ أو يُجْهَلَ عَلَّي

“Бисмиллоҳ, Аллоҳга таваккал қилдим. Эй Аллоҳ, мен Сендан адашишдан ёки адаштирилишдан, тойиш ёки тойдирилишдан, зулм қилиш ёки зулмланишдан, бировга жоҳиллик қилиш ёки менга жоҳиллик қилинишдан паноҳ беришингни сўрайман”[9].

Масжидга кирганларида эса қуйидаги дуони ўқир эдилар:

بسم الله والصلاة والسلام على رسول الله، اللهم اغفرلي ذنوبي وافتح لي ابواب رحمتك، اعوذ بالله العظيم وبوجهه الكريم وبسلطانه القديم من الشيطان الرجيم

“Бисмиллоҳ, Расулуллоҳга салоту саломлар бўлсин. Эй Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил ва менга раҳматинг эшикларини оч. Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Улуғ Аллоҳдан, Унинг карим юзи ва қадим салтанатидан паноҳ тилайман”[10].

[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (246). “Саҳиҳ Муслим” (255, 746).

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (6312, 7395). “Саҳиҳ Муслим” (2711).

[3] Қаранг:   “Саҳиҳ Бухорий”, (914).

[4] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (1147, 2013, 3569). “Саҳиҳ Муслим”  (763).

[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (618, 619, 1171). “Саҳиҳ Муслим” (723, 725, 736).

[6] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (726, 727). “Сунан Абу Довуд” (1256).

[7] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (1161, 1168).  “Саҳиҳ Муслим” (743).

[8] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (2572). “Сунан ан-Насоий”, (686).

[9] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (28818, 26704 ,26729).

[10] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (26416, 25417, 26419).

Изоҳ қолдиринг