Баҳоийларнинг келиб чиқиши

0

Баҳоийлар исломни бузишга катта ҳисса қўшган ботиний тоифалардан бири ҳисобланади. Уларни танитишдан олдин бобийлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз. Чунки баҳоийлар аслида бобийлардан, бобийлар эса шайхийлар ва руштийлардан келиб чиққан. Келинг, гапимизни шайхийлар ва уларнинг асосчисидан бошлайлик:

Шайхийлар Ироқдаги шиа олимларидан бири, Шайх Аҳмад Аҳсоий номи билан танилган Аҳмад ибн Зайниддин ибн Иброҳим Аҳсоийга бориб тақалади. Шайх Аҳмад Аҳсоий ҳижрий 1177 йилда Аҳсо вилоятида туғилиб, ҳижрий 1241 йилда вафот этган. У шиаларнинг имомийлар тоифасига мансуб уламолардан ҳисобланади. Асосий диний илмини Эронда таҳсил олган. Унинг исломга зид, кишини диндан чиқарадиган бир қанча гаплари бор. Бу гаплардан унинг ҳулулий, яъни Аллоҳ бандаларнинг ичига тушади, деган эътиқодда экани маълум бўлади. Масалан, Али розияллоҳу анҳу ҳақида: “Аллоҳ Али ва унинг ўн бир фарзандида бизга кўринди”, имомлари ҳақида эса: “Имомлар махлуқотларни пайдо бўлишига таъсир ўтказишади. Агар улар бўлмаганида Аллоҳ таоло ҳеч нарсани яратмаган бўлар эди” – деган. Аҳсоийнинг фикрича, инсон вафот этганидан кейин унинг руҳи чиқиб, бошқа бирон инсон ёки ҳайвонлар кўринишида қайтадан дунёга келади. Унга кўра, шиаларнинг ўн иккинчи имоми бўлмиш “Маҳдий” вафот этган ва унинг руҳи бошқа одам шаклида қайтадан дунёга келади. Баъзи китобларда у ўзини Маҳдий деб даъво қилгани ҳам зикр қилинган.

Руштий ва бобийларнинг мазҳаби Аҳсоийнинг фикрларини янада ёритиб беради. Чунки Аҳсоий вафот этганидан кейин энг катта шогирди Козим Руштий унинг ўрнини эгаллади ва руштийлар деб номланган ўзига мансуб бир гуруҳ тузди. У ҳижрий 1205 йилда Эроннинг Рушт шаҳрида туғилган. У устозининг йўлидан юриб, руштийлар фирқасини янада ривожлантирди. Бироқ унда устозида ҳам бўлмаган куфр эътиқодлар бор эди. Руштий кўпчиликни ўз мазҳабига оғдирди ва шу билан шайхийлар алоҳида бир мазҳаб бўлиб қолди. Улардан кейин пайдо бўлган бобийлар ва баҳоийлар ўзларидан олдинги ҳар иккала мазҳабни ҳам қаттиқ ҳурмат қилишади. Биз иншааллоҳ келгусида бобийлар ва баҳоийлар ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг