Эй иймон келтирганлар (49): Аллоҳ таолодан тақво қилиш ва бунинг дунёю охиратдаги самараси

0

Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳдан тақво қилсангиз, У сизни Фурқонга – ҳақ билан ботил ўртасини ажратадиган нурга йўллайди, гуноҳларингизни ўчириб, сизни мағфират этади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат эгасидир” (Анфол, 29).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо энг яхши бир илоҳий тортиқни келтирдики, бундан мосуво бўлган киши ҳақиқий маҳрумдир. Бу тортиқ Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандаларига берган ваъдаси бўлиб, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Тақво – Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажариб, қайтарган ишлардан тийилиш ва ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб, шубҳали нарсаларни тарк қилиш, қалбни холис ният билан қувватлаш, аъзоларни эса солиҳ амаллар билан банд этиш, шу билан бирга махфий ва ошкор ширк доғларидан сақланишдир. Шундай тақво соҳиби унинг самараларини кўради, иншааллоҳ. Самаралар қуйидагилардир:

  • Фурқонга эришиш. Фурқон Аллоҳдан қўрқиш натижасида ҳосил бўлган қалб нуридир. Бундай нурли қалб соҳиби бўлган тақводор мўмин ҳалокатга юз тутган одамлар орасидан нажотга эриша олади. Одамлар ёрдамсиз ташланиб, заиф-ночор қолганларида у қўллаб-қувватланиш ва ёрдамга эга бўлади. Ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон, фойда билан зарар, дуруст билан бузуқ ўртасини ажрата олади. Бошқалар эса тақво қилмагани ва натижада нурли қалбдан бебаҳра қолгани сабабли бу нарсалар уларга қоронғу тундек, ойдин бўлмай тураверади. Фурқон – нарсаларни фарқлаш сўзидан олингандир. Тақводор мўмин нафсни покловчи тоат-ибодатлар қилиш ва нафсни булғовчи гуноҳ-маъсиялардан узоқ бўлиш билан қалбини софлайди. Шундай софлайдики, гўё ҳар тарафидан қоплаб олган нур ичида яшаётгандек бўлади. Ана шу нур унга ажрата олиш қувватини беради ва у чигалликлар, шубҳалар орасини фарқлаб, назарий фикр-мулоҳаза, сўз ва қарашларида камдан-кам хато қиладиган бўлиб қолади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг отаси ҳақида айтган сўзига диққат қилинг: “Отамнинг: “Ўйлашимча шу иш шундай бўлса керак”, деб бирон иш ҳақида айтган сўзи худди у айтгандек бўлиб чиқар эди”. Бунинг сири, шубҳасиз, Умар разияллоҳу анҳу тақволарининг ўта кучли бўлганлигидир. Ҳатто у кишининг қалби ёруғлик қувватига айланиб кетган эди. Бунинг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берган ушбу сўзни келтириш мақсадга мувофиқ бўлади: “Умар бир кўчадан кетаётган бўлса, шайтон қочиб бошқа кўчага ўтиб кетади” (Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ азза ва жалладан қўрқуви, тақвосининг кучлилиги самараси ўлароқ Умар разияллоҳу анҳу шундай кучли нурга эришган эди. Бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Агар умматим ичида фаришталар билан гаплашадиган кишилар бўлса эди, Умар шулардан бири бўларди” (Бухорий ва Муслим ривяти). Аллоҳ Умар ибн Хаттобдан рози бўлсин ва у кишини рози қилсин, ўта кучли тақво эгаси бўлганидан шундай катта баҳоларга сазовор бўлган. Буни доим ёдда тутинг, асло унутманг.

  • Гуноҳларнинг ўчирилиши. Билиб-билмай қилинган гуноҳларни ўчириш, улар сабабли азобга тутмаслик, уларнинг нафсни булғашдаги таъсирини йўққа чиқариш. Аллоҳ ва Расулига қилинган ҳар қандай осийликка гуноҳ дейилади. Гуноҳ инсон қалбини ёмонлик кирлари билан булғаб, нопок қилади. “Гуноҳларингизни ўчиради” деган сўзларидан мурод тақво йўлига тушишдан олдин қилинган гуноҳлардир, дейилган. Бироқ, тақводор мўмин бандачилик билан гуноҳга қўл уриб, сўнг тавба қилгани боис ўчирилган гуноҳлар бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қилиб қўйган гуноҳнинг қалбга бўлган салбий таъсирини тақво кетказади ва қалб гўё ҳеч гуноҳ қилмагандек соф бўлиб қолади.

  • Гуноҳларнинг мағфират этилиши. Бу ҳам Аллоҳ таоло тақводор бандаларга ваъда қилган тақвонинг самараларидан биридир. Яъни гуноҳларнинг мағфират этилиши ва гуноҳ сабаб дунёда ҳам, охиратда ҳам азобламаслик. Йўқса, баъзи гуноҳларга охиратдаги азобдан олдин шу дунёнинг ўзидаёқ азоб берилади, дунёда ҳам, охиратда ҳам азобга гирифтор қиладиган гуноҳлар бор, Аллоҳ сақласин. Ҳақиқий тақво гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади.

  • Тақво самараларининг энг сўнгиси ва энг яхшиси жаннат ва ундаги неъматларга эришишдир. Жаннат бамисоли тақвога берилган мукофот ўрнида бўлгани учун, уни буюк ажр сўзи билан ифода қилинган. Ажр ва мукофотнинг маъноси бир бўлиб, фалон ишга ажр беради ё мукофотлайди деса ҳам бўлаверади. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло амал қилувчи бандаларига қиёмат куни берадиган ажр-мукофоти жаннат ва Ўз розилиги бўлгани учун ҳам жаннатни ажр калимаси билан ифода қилинган бўлса ажаб эмас. Зеро у кунда мол-дунё, олтин ва кумуш бўлмайди.

Ҳурматли ўқувчи, бу фурсатни бой берманг. Фойдаси ҳақ билан ботилни ажрата олувчи нур, гуноҳларнинг ўчирилиши, мағфират этилиши, жаннат ва Аллоҳнинг розилиги бўлган буюк тижоратни қўлдан чиқарманг. Тақво қилинг ва Аллоҳга йўлиққунга қадар тақвода маҳкам туринг.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг