Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Анбор ва Айнут-тамр фатҳи

0

Анбор фатҳи

Вазият барқарор ҳолга келгач, Холид ибн Валид Ҳийрага Қаъқоъ ибн Амр ат-Тамимийни амир этиб қолдириб, ўзи Иёз ибн Ғанмга ёрдамга жўнаб кетди. Иёзга Абу Бакр Сиддиқ Ироққа шимол томонидан кириб боришни, йўлидаги шаҳар-қишлоқларни фатҳ этиб, пировардида Холид билан бирлашишни буюрган эди. Холид Анборга етиб келиб кўрдики, анборликлар қалъаларга беркиниб, атрофни хандақ билан ўраб олибди ва қалъалар устига тизилиб, атрофни сергак кузатиб туришибди. Мусулмонлар уларни қамалга олдилар. Холид жангчиларга анборликларнинг кўзларини нишонга олишни буюрди. Қаттиқ отишма бўлди ва шу куни анборликлардан минг аскар кўзидан жароҳат олди. Шу боис бу жанг “кўзлар жанги” деб ҳам аталади[1].

Холид фавқулодда ақлу заковат билан аскарларни Анбор атрофига қазилган хандақдан олиб ўтишга муваффақ бўлди. У заиф ва нимжонроқ туяларни сўйдириб, хандақнинг энг тор жойига устма-уст қилиб тахлаттирди. Сўнг мусулмонлар улар устидан юриб, хандақнинг нариги тарафига ўтиб олдилар ва хандақ ортида душманга юзма-юз келдилар. Душман қалъаларга кириб яширинди. Қаттиқ қамалдан сўнг форсликлар лашкарбошиси Шероз Холид ибн Валид қўйган шартлар асосида сулҳни қабул қилишга мажбур бўлди. Сулҳ шартига кўра, у ўз аскарлари ҳамроҳлигида қуруқ қўл билан Анборни ташлаб чиқиб кетди. Қалъалар ичидаги барча мол-мулк мусулмонлар ўлжасига айланди.

Саҳобалар анборлик араблардан ўқиш-ёзишни ўргандилар. Улар аввалдан саводхон халқ бўлиб, аввалроқ Бухтунассар замонларида шу ерларга келиб жойлашиб қолган Бану Иёд қабиласи арабларидан савод чиқаришган эди.

Айнут-тамр ҳодисаси

Холид ибн Валид Анборга Зибриқон ибн Бадрни амир этиб қолдирди ва ўзи Айнут-тамрга йўл олди. Айнут-тамрда Намир, Тағлиб, Иёд ва бошқа қабилалардан ташкил топган, Аққа ибн Аққа бошчилигида араб қўшини ва Маҳрон ибн Баҳром бошчилигида форс қўшини бор эди. Аққа Маҳронга: “Араблар билан қандай урушишни араблар яхшироқ билади, Холидни бизга қўйиб бер, уни ўзимиз бирёқли қиламиз”, деди. Маҳрон: “Майли, шундай бўлақолсин. Агар ёрдам керак бўлса айтасизлар, ёрдамга келамиз», деди. Форслар ўз лашкарбошиларини маломат қилишган эди, у уларга: “Қўяверинглар, агар улар Холидни енгсалар айни муддао, аммо енгилиб қолсалар, биз Холиднинг урушда ҳолдан тойган қўшини билан урушга кирамиз ва уларни енгишимиз осон кечади”, деди. Шундан сўнг Аққа қўшинини Холиднинг йўлига чиқарди  ва икки қўшин бир-бирига рўпара келиб, жангга ҳозирлана бошлади.  Холид душманни диққат билан кузатар экан, душман лашкарбошиси жангчиларининг сафларини текислаётганини кўрди ва ёнидагиларга, сизлар шу ерда туринглар, деди-да, ўзи бир неча йигити билан от чоптириб, душман қўшини сари елди. Душманлар ақли шошиб, нима бўлаётганини тушуниб етгунича ҳам бўлмай Холид уларга яқинлашиб, лашкарбошини юлиб олиб, отга ўнгариб ортига қайтди. Бошсиз қолган қўшин саросимага тушиб, ҳар тарафга тирқириб кетди ва урушсиз мағлубиятга учради. Кўпчилиги асирга тушди.

Сўнг Холид Айнут-тамр қалъасига йўл олди. Маҳрон Аққанинг жангсиз мағлуб бўлганини эшитгач, қалбига қаттиқ қўрқув тушди ва қалъадан чиқиб, қочиб кетди. Холиддан қочиб келган насроний араблар қалъа дарвозаси очиқлигини кўриб, унинг ичига кириб яширинишди. Сўнг Холид қўшини билан улар ортидан келиб, қалъани қаттиқ қамалга олди. Охир-оқибат қалъадагилар қамалга дош беролмай, таслим бўлиб, Холиднинг ҳукмига тушишга мажбур бўлдилар. Холид лашкарбоши Аққани ҳам, бошқа аскарларни ҳам қатл эттирди. Қалъадаги барча мол-мулкни ўлжа олди. Қалъадаги черковда Инжил ўқишни ўрганаётган қирқ нафар бола бор экан. Болаларни устларидан қулфлаб қўйишган экан. Эшикни синдириб, болаларни чиқардилар. Холид уларни амирларга ва нуфузли шахсларга тарқатиб берди. Усмон ибн Аффоннинг мавлоси (озод этган қули) Ҳимрон ҳам шу болалардан бири эди. Улар ичида машҳур тобеинлардан Муҳаммад ибн Сийриннинг отаси Сийрин ҳам бор эди, уни Анас ибн Молик олган эди. Холид ғаниматнинг бешдан бирини Валид ибн Уқба воситасида Абу Бакр Сиддиққа юборди.

Сўнг Абу Бакр разияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбани Иёзга мадад учун юборди. Ўшанда Иёз Давматул-жандални қамал қилиб турган эди. Валид етиб келиб кўрдики, Иёз Ироқнинг бир ноҳиясида бир қавмни қамал қилиб турибди. Аммо бошқа ироқликлар йўлларни беркитиб қўйишгани сабабли унинг ўзи ҳам қамал ҳолатига тушиб қолган эди. Шундан сўнг Валиднинг маслаҳати билан Иёз Холид ибн Валидга мактуб йўллаб, мадад кучлари юборишини сўради. Холид Иёзга шундай жавоб йўллади: “Холиддан Иёзга. Сен томонга қараб йўлга чиқдим. Бироз сабр қил, шерюракли баҳодирларни устларига миндирган саноқсиз от-уловлар сенга мадад учун етиб боради”[2].

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/353.
[2] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/354.

Изоҳ қолдиринг