Қуръони каримни қандай ёдлаш мумкин? (1)

1

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Нима учун ҳалигача Қуръони каримни ёд олмадингиз?

Ҳеч ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?

Қуръон ёдлаганлардан нима камингиз бор?

Қуръон ёдлаш қийин деб ўйлайсизми?

Биродар, Қуръон ёдлаш сиз ўйлаганчалик қийин иш эмас. Бу менинг гапим эмас, балки Аллоҳ таолонинг сўзидир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз Қуръонни зикр учун осон қилиб қўйдик» (Қамар, 17, 22, 32, 40). Демак, Қуръон ёдлаш қийин деган гап тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни ёдлаш учун осон қилиб қўйганини айтмоқда. Сиз билан тенгдош, зеҳн ва савияси сиз билан бир хил ёки қуйироқ бўлгани ҳолда Қуръон ёд олган кишилар борлиги бунга энг катта далил. Фақат улар тўғри услубни танлаганлари учун Қуръонни ёдладилар. Сиз эса, Қуръон ёдлаш қийин, ёдлай олмайман, деб ортда қолиб кетдингиз, мақсад сари тўғри қадам ташламадингиз.

Зеҳним паст, ёдлаганим эсимдан чиқиб қолаверади, дейсизми?

Аслида, бу ҳам бир баҳона. Сабаби:

Биринчидан: Хотирангизда кўп маълумотлар борки, улар эсингиздан чиқиб қолмайди. Тўғрими? Тўғри.

Иккинчидан: Зеҳннинг ўткир ёки ўтмаси бўлмайди. Балки чиниқтирилган ва чиниқтирилмаган зеҳн бўлади. Агар хотирани мушак деб фараз қилсак, айтганларим янада ойдинлашади. Масалан, кимдир чиниқиш учун спорт залига бориб, илк уринишда 100 кило тош кўтарадиган бўлса, ўзига зарар етказади. Аввало енгил тошлардан бошлаб, кейин аста-секин орттириб борса, мақсадига эришади. Хотира ҳам худди шундай. Муаммо шундаки, сиз уни чиниқтирмагансиз. Хотирангиз устида ишлашингиз, уни чиниқтиришингиз керак, холос.

«Бўш вақтим йўқ, эртадан кечгача тиним билмай ишлайман», дейсизми? Ёки «Дарсларим кўп, эртаю кеч улар билан бандман», дейсизми?

Бу гаплар асоссиз эканини бизга фейсбук, телеграм ва инстаграм каби ижтимоий тармоқлар кўрсатиб беради. Чунки бу баҳонани айтадиганлар мазкур тармоқлар учун бемалол вақт топадилар. Улар бўш вақтларида, кўчада ва ҳатто жамоат транспортида юрган вақтларида ҳам бу тармоқлардан бош кўтармайдилар. Беш дақиқани ҳам ғанимат биладилар. Уйқуга ётишдан аввал ёки уйқудан кўз очар-очмас телефонга қарайдилар. Муҳими, одам ниманидир яхши кўрса, унга албатта вақт топади.

«Ёшим катта бўлиб қолди. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган, қариликдагиси эса кулга чизилган нақшга ўхшайди, деган мақол бор», дейсизми?

Ҳа, бу тўғри гап. Бироқ бунинг ҳам сабаби бор: ёш боланинг ташвиши, юмуши кам бўлганидан зеҳни катта одамникидек машғул бўлмайди. Бола бутун эътиборини ёдлашга қаратгани учун яхшироқ ёдлайди. Биз ҳам шундай қилишимиз мумкин. Фақат Қуръон ёдлаш учун алоҳида вақт ва эътибор ажратиш керак. Интернетдан қидириб кўрсангиз, 40 ёшдан кейин Қуръонни ёд олган кишилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашганига гувоҳ бўласиз. Ҳатто 50-60 ёшдан ўтиб Қуръон ёдлаганлар бор. Демак, Аллоҳнинг китобини ёд олмасликка баҳона йўқ. Асосий муаммо, ёдлаш учун тўғри услубни билмаслигингизда.

Келинглар биродарлар, Қуръони каримни қандай ёдлаш мумкинлиги тўғрисида суҳбатлашамиз.

Ёдлаш бир неча босқичдан иборат:

  • Ёдлашдан аввалги босқич;

  • Ёдлаш босқичи;

  • Ёдлаб бўлгандан кейинги босқич.

Суҳбатимизни «ёдлашдан аввалги босқич» мавзусидан бошлаймиз. Бу босқичда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

1) Ихлос.

Қуръон ёдлашни бошлашдан олдин ўзингизга «Нима учун ёдламоқчиман?» деб савол беринг. Жавобингиз «Аллоҳ таоло мендан рози бўлиши учун» бўлса, жуда яхши. Хурсанд бўлаверинг, Аллоҳнинг ўзи ёдлашингизга ёрдам беради. Ҳозирдан қорилик сизга муборак бўлсин!

Ихлос ҳар қандай амал мақбул ва енгил бўлишининг калитидир. Ихлос сизни олдинга ундайди, охиригача боришингизга кўмаклашади. Аксар одамлар бошлаган ишларини охирига етказмайди. Нега? Чунки ниятга нимадир аралашган бўлади.

Қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилиниб, дўзахга ташланадиган уч киши ҳақидаги ҳадис кўпчилигимизга маълум. Улар Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, садақа қилувчи бой ва Қуръон ўқувчи кишидир. Сабаби, уларнинг ниятлари Аллоҳ учун бўлмаган. Сизни Қуръон ёдлашдан қўрқитмоқчи эмасман, балки ниятни холис Аллоҳ учун қилмаслик оқибатидан огоҳлантирмоқчиман.

«Хўп, нима учун ёдлайман», дейсизми? Бу саволнинг жавобини қуйида билиб оласиз:

2) Қуръон ёдлаш ва қориликнинг фазилати

Бу борада келган кўп ҳадислардан биттасини айтиб бераман: Уни Имом Аҳмад «Муснад»да, Ибн Можа «Сунан»да ривоят қилган, Бувайсирий «Завоид»да ва Албоний «Силсила саҳиҳа»да ҳасан деган. Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: «Қиёмат куни қайта тирилиш пайтида Қуръон уни ўқиган кишига чарчоқдан ранги синиққан киши суратида йўлиқади

Яъни қабрдан чиққанингизда Қуръон сизни кутиб турган бўлади. Худди дунёда сиз Қуръон ёдлаш учун чеккан машаққатларингиз, чарчоқларингиз сабабли рангингиз ўзгаргани каби Қуръон ҳам шу кўринишда сизни қарши олади.

 “Мени танидингми?” деб сўрайди. У: “Йўқ, танимадим”, деб жавоб беради. Қуръон: “Мен ҳамроҳинг Қуръонман”, дейди...

Дунёда ҳар вақт сиз билан ҳамроҳ бўлганини эслатади.

“Мен кундузлари сени чанқатган, тунларингни бедор қилган ҳамроҳинг Қуръонман. Бугун ҳар бир тижоратчи ўз тижорати ортидадир. Мен эса сенинг ортингда, ҳар қандай тижоратдан афзалроқман”, дейди…

Худо ҳаққи айтинг-чи, бундан-да афзалроқ тижорат борми?! Дунёдаги барча тижорат билан у кун нимага эришасиз?! Раббимизнинг: «Аллоҳнинг Китобини ўқийдиган кишилар ҳеч касод ва барбод бўлмайдиган тижоратни орзу қиладилар» (Фотир, 29) деган сўзи маъносини энди тушундингизми? Касод бўлмайдиган тижорат шудир.

 Сўнг унга ўнг томонидан мулк, чап томонидан абадийлик берилади, бошига виқор тожи кийдирилади. Ота-онасига бу дунёнинг бутун қиймати тенг келмайдиган сарпо кийдирилади. Улар: “Бу либос бизга нима сабабдан кийдирилди?” деб ҳайрон бўлганларида, уларга: “Фарзандингиз Қуръонни қўлга киритгани учун”, дейилади. Сўнг унга: “Ўқи ва жаннат даражалари ва қасрлари томон кўтарил”, дейилади. У тез ўқийдими, секин ўқийдими, модомики ўқир экан, кўтарилиб бораверади».

Сиз шу сифат эгаларидан бўлишни хоҳламайсизми? Аллоҳнинг хос бандаларидан бўлишни истамайсизми? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар ичида Аллоҳнинг хос кишилари бордир», дедилар. «Улар кимлар?» деб сўралганида, «Қуръон аҳли. Улар Аллоҳнинг аҳли ва хос кишиларидир», дедилар[1]. Аллоҳ таоло бизни ҳам улардан қилсин.

3) Дуо 

Дуо – Аллоҳнинг эшигини қоқиш демакдир. У зотдан сизни Ўзининг Китобини ёдлашга муяссар қилишини сўранг. Дуо ижобат бўладиган вақтларни ғанимат билинг. Очиғи, биз дуо қилишда ўта қосирмиз. Саждада, азон ва иқомат ўртасида, саҳар вақтида дуо қилинг. Ҳар куни Аллоҳдан сизни ҳам Қуръон ҳофизларидан қилишини сўранг.

(Давоми бор)

[1] Насоий («Ас-сунан ал-кубро», 8031), Ибн Можа (215) ва Аҳмад (13542) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Ибн Можа»да саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Discussion1 комментарий

  1. Шерзод

    Ассалом алайкум Аллох ажриларни беришини сурайман! Жуда фойдали маколалар.

Изоҳ қолдиринг