Пайғамбаримизнинг кун тартиби (4)

0

Пайғамбар тонги

Сўнг сафлар жипслашиб, саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ ўтирар эдилар. У зот намоз ўқиган жойларида уларга юзланиб ўтирардилар. Тонг нури нурафшон юзларида акс этарди. Шу ўтиришларида баъзан саҳобаларга панд-насиҳат қилар эдилар. Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан сўнг ўта таъсирли ваъз қилдилар. Кўзларга ёш келди, қалблар қўрқинчга тўлди. Бир киши: “Бу гўё видолашув маърузаси бўлди. Ё Расулуллоҳ, бизга нималарни васият қиласиз?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни, амир гарчи ҳабаш қул бўлса ҳам, унга қулоқ солиб, итоат этишни васият қиламан. Чунки сизлардан ким узоқ умр кўрса, ҳали кўп ихтилофларни кўради. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинг. Чунки динда янги пайдо қилинган ишлар залолатдир. Ким ана шундай замонда яшаса, менинг суннатимни ва мендан кейинги хулафои рошидинларнинг суннатини маҳкам ушласин. У суннатларни озиқ тишлар билан тишланг”, дедилар[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадеб панд-насиҳат қилавермас эдилар. Одамларга малол келиб қолмаслиги учун гоҳ-гоҳ маъруза қилиб турар эдилар[2].

Гоҳо намоздан сўнг саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Бир куни бомдоддан сўнг одамларга юзланиб бундай дедилар: “Бир киши сигирни ҳайдаб кета туриб, йўлда уни миниб олди. Сигир унга қараб: “Мен бунга яралмаганман, балки ер ҳайдаш учун яралганман”, деди”. Шунда одамлар: “Субҳаналлоҳ, сигир ҳам гапирадими?” деб таажжубланишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бунга мен, Абу Бакр ва Умар ишонамиз”, дедилар.

Сўнг у зот дедилар: “Бир чўпоннинг қўйларига бўри ҳужум қилиб, бир қўйни олиб кетди. Ортидан чўпон югуриб, қўйни қутқариб олди. Бўри унга қараб: “Йиртқичлар куни (охирзамонда одамлар бир-бирлари билан уруш қилиб, чорваларини қўриқлашга имконлари бўлмай, чорвалар йиртиқчларга қолган кунда), чўпон бўлмаган кунда уни ким ҳимоя қилади?” деди”. Шунда одамлар: “Субҳаналлоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бунга мен, Абу Бакр ва Умар ишонамиз”, дедилар[3]. Ўша куни Абу Бакр ҳам, Умар ҳам бу мажлисда йўқ эдилар. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг чинакам иймонларига гувоҳлик бердилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Гоҳида саҳобаларга: “Касал борми, кўриб келамиз”, дер эдилар. Саҳобалар: “Касал йўқ”, десалар, “Жаноза борми?” дер эдилар. “Жаноза ҳам йўқ” десалар, “Ким бугун туш кўрди? Тушини айтсин, таъбирини айтаман”, дер эдилар. Улар тушларини айтиб берар, кейин у зот уларга тушлари таъбирини айтиб берар эдилар.

Ана шундай таъбир қилган тушлардан бири Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу кўрган туш эди. У бундай дейди: “Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида туш кўрдим. Тушимда кенг ва кўкаламзор бир боғда эканман. Боғ ўртасида темир устун бор экан. Устуннинг пастки қисми ерда, юқори қисми эса осмонда экан. Энг тепасида дастаси бор экан. Менга: “Юқорига чиқ”, дейилди. Мен: “Қўлимдан келмайди”, дедим. Шунда бир хизматчи келиб, орқамдан кийимимдан кўтарди. Шунда мен кўтарилдим ва энг юқорисига чиқиб, устуннинг дастасидан ушладим. Менга: “Маҳкам ушла”, дейилди. Сўнг дастани ушлаган ҳолимда уйғониб кетдим. Тушимни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердим. У зот: “У боғ Исломдир. Устун эса Исломнинг устуни. Даста унинг мустаҳкам дастасидир. Сен ўлгунингча Исломда бўласан”, дедилар”[4].

Бир куни саҳобаларга: “Ким бугун туш кўрди? Тушини айтсин, мен таъбирини айтиб бераман”, деганларида бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен бугун тушимда бир булутни кўрдим, ундан сариёғ ва асал томаётган экан. Одамлар кафтларини очиб ундан олаётган эмишлар. Кимдир кўпроқ, кимдир озроқ олди. Ер билан осмон ўртасини боғлаб турган арқонни кўрдим. Қарасам, сиз уни ушлаб осмонга кўтарилибсиз, сўнг сиздан кейин бир киши кўтарилди. Кейин яна бошқа киши уни ушлаб юқорига кўтарилди. Сўнг яна бир киши уни ушлаган эди, арқон узилиб кетди. Сўнг арқон уланди, кейин ҳалиги киши ҳам юқорига кўтарилиб олди”, деди. Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга қурбон бўлсин, рухсат берсангиз, тушнинг таъбирини мен айтсам”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Айтинг”, дедилар. Абу Бакр: “Булут Ислом булутидир. Томган сариёғ ва асал эса Қуръон ва унинг ҳаловати-мазасидир. Одамлар кафтларини очиб олишлари эса кимдир Қуръондан кўпроқ, кимдир озроқ фойда олишидир. Осмон билан ер ўртасини боғлаган арқон эса сизнинг ҳақ йўлингиздир. У йўлдан борар экансиз, Аллоҳ қадрингизни кўкларга кўтаргай. Сўнг сиздан кейин уни ушлаган киши ҳам қадри баланд бўлади. Ундан кейин арқонни ушлаган кишининг қадри ҳам кўкларга кўтарилади. Ундан кейин арқонни ушлаганда арқон узилиб кетиб, сўнг уланган ва арқонни яна ушлаб олган кишининг ҳам қадри баланд бўлади. Ё Расулуллоҳ, тўғри топдимми? Ёки хато қилдимми?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Баъзилари тўғри, баъзилари хато”, дедилар. Абу Бакр: “Аллоҳга қасам, хато қилган жойларимни айтиб берсангиз”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қасам ичманг”, дедилар[5].

Диққат қилган бўлсангиз, саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган тушлар уларнинг бутун ғам-ташвишлари дин ҳақида бўлганидан дарак беради. Саҳобалар ўнгларида ҳам, тушларида ҳам дин учун жидду жаҳд билан хизмат қилар эдилар. Ё Аллоҳ! Нақадар покиза зотлар, дин учун тушларида ҳам ғам қилсалар-а!

Гоҳида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ўзлари кўрган тушни ҳикоя қилиб, таъбирини ҳам айтиб берар эдилар. Самура разияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким туш кўрди?” деб сўрадилар. “Биз туш кўрмадик”, дедик. Шунда у зот: “Мен бу кеча бир туш кўрдим. Тушимда икки киши келиб, қўлимдан тутиб, мени муқаддас ерга олиб кетишди”, дедилар. Кейин тушларини батафсил айтиб бердилар. Тушларида азобланаётган кишиларни кўрганларини ва нима сабабдан азобланаётганларини ҳамда охиратнинг баъзи даҳшатларини айтиб бердилар[6].

Саҳобалар бу мажлисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаршиларида ўтириб, ширин суҳбат қуриб, бир-бирларидан ҳам ҳикоялар эшитар эдилар. Гоҳида жоҳилият давридаги ҳаётларини эслаб, ўша даврда содир бўлган қизиқ воқеаларни айтишар эди. Ислом неъматига мушарраф бўлганларидан кейин ўтмишдаги жоҳилликларини эсласалар қотиб-қотиб кулар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб ўтирар эдилар. У зотнинг кулишлари кўпинча табассумдан иборат эди. Ана шундай суҳбатлар билан қуёш чиққунча ўтиришар эди[7].

Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларининг ҳужраларига бирин-кетин кириб, уларни зиёрат қилар эдилар. Уйга кирганларида мана бу дуони ўқир эдилар:

اللهمَّ إني أسألُكَ خيرَ المَوْلَجِ، وخيرَ المَخْرَجِ، بسم الله وَلَجْنا، وبسم الله خَرَجْنا، وعلى الله ربِّنا توكَّلنا

“Илоҳим, мен Сендан яхши ҳолда кириш ва яхши ҳолда чиқишни сўрайман. Аллоҳ номи билан кирдик ва Аллоҳ номи билан чиқдик. Парвардигоримизга таваккал қилдик”.

Уйга кирсалар, биринчи қиладиган ишлари мисвок билан оғизларини тозалаш бўлар эди. Мисвок билан покиза оғизларини хушбўй қилар эдилар. Аҳли аёлларига: “Ассалому алайкум” деб салом берар, “Эй хонадон аҳли, аҳволларингиз қандай?” дер эдилар.

Уларни ҳар бирининг ҳужрасига кириб, алоҳида зиёрат қилар эдилар. Салом бериб, ҳақларига дуо қилар эдилар. Ва кўп турмай чиқиб кетар эдилар[8].

Гоҳида қайсидир хотинларининг ҳужрасига кирганларида у намоз ўқиётган бўлса, индамай чиқиб кетар эдилар. Бир куни Жувайрия разияллоҳу анҳо олдига кирганларида у намоз ўқиган жойида Аллоҳни зикр қилиб ўтирган экан. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўша ҳолатида қолдириб чиқиб кетдилар[9].

Гоҳида улардан: “Бирон егулик борми?” деб сўрар эдилар. Агар егулик бўлса, олдиларига қўйилар эди. Кўпинча таомлари хурмо ёки пишлоқ, ё эса хурмо, пишлоқ ва сариёғдан таёрланган енгил таом бўлар, ичимликлари сут ёки хурмодан таёрланган ичимлик бўлар эди. Агар: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч нарса йўқ эди”, дейишса, у зот: “Ундай бўлса, мен рўзаман”, дер эдилар[10].

 

[1] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (17142, 17144, 17145).

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (67, 6411). “Саҳиҳ Муслим” (2821).

[3] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (3471, 3663). “Саҳиҳ Муслим” (2388).

[4] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” 93813, 7014). “Саҳиҳ Муслим” (2484).

[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бахорий” (7046). “Саҳиҳ Муслим” (2269).

[6] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (1386). “Саҳиҳ Муслим” (2275).

[7] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (680, 2322).

[8] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (4794). “Саҳиҳ Муслим” (253, 1428).

[9] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (2726).

[10] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (1494). “Саҳиҳ Муслим” (1076, 1154).

Изоҳ қолдиринг