Сийрат: Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

0

Абу Бакр разияллоҳу анҳу обрў-эътиборли, фозил кишилар ичида биринчи бўлиб иймон келтирган киши бўлди. У бунгача ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин дўсти эди. У ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кимни Исломга чақирган бўлсам, унда албатта иккиланиш бўлган. Фақат Абу Бакрни даъват қилганимда ҳеч иккиланмай ва ўйланмай Исломни қабул қилди”[1]. Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳнинг энг яқин дўстларидир. Шунинг учун  ҳам унинг Исломга кириши оддий кишининг Исломга киришидек бўлмади. Балки унинг Исломи умматнинг Исломи бўлди. Ибн Исҳоқ айтганидек, Абу Бакр Қурайш ичида ҳурмат-эътиборли киши бўлган эди.

  • У қавми суядиган, хушмуомала инсон эди.

  • Қурайшнинг энг олийнасаб кишиларидан эди, Қурайш тарихини яхши билар эди.

  • Савдогар эди.

  • Гўзал хулқли ва таниқли эди.

  • Қавм турли ишлар бўйича маслаҳат сўраб, унинг ҳузурига келишар ва у билан суҳбат қурар эдилар. Чунки у тижорат ишларини яхши билар, суҳбати ҳам мароқли кечар эди[2].

Абу Бакр гўё Аллоҳ пайғамбарига асраб қўйган бебаҳо хазина эди. Қурайшнинг энг суюкли инсонларидан эди. Аллоҳ берган бу гўзал хулқи туфайли барчанинг кўнглини ром этган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: “Умматимнинг умматимга энг меҳр-шафқатлиси Абу Бакрдир”, деган эдилар[3].

Арабларда энг муҳим илм саналган насаб илми ва тарих илмини жуда яхши билар эди. Қурайш Абу Бакрнинг билимдонлигини тан олар эди. Зиёли кишилар Абу Бакрнинг мажлисига ошиқар, бошқаларда топилмайдиган билимни ундан олар эдилар. Шунинг учун унинг мажлисини ақл-заковатли ёшлар тўлдиришар эди. Чунки ёшлар фикри соф ва илм олишга чанқоқ бўлади. Бу эса Абу Бакрнинг улуғ фазилатларидан баъзи қирралардир.

Маккадаги катта савдогарлар ҳам Абу Бакрнинг мажлисига қатнар эдилар. У Маккада кўзга кўринган тижоратчилардан эди. Ислоҳотчилар ҳам гўзал хулқи сабабли уни севар эдилар.

Авом халқ унинг уйига келар, Абу Бакр олийжаноб мезбон сифатида меҳмонларни хурсанд қилиб чиқарар эди. Макка жамиятидаги ҳар бир қатлам Абу Бакрдан ўзи истаган нарсани топар эди[4].

У адабий, илмий, ижтимоий билими билан Макка жамиятида шуҳрат қозонган эди. Шунинг учун Исломга даъват эта бошлаганда одамларнинг энг яхшилари унинг чақириғига лаббай деб, Исломга кирдилар. Унинг даъвати билан Усмон ибн Аффон ўттиз тўрт ёшида, Абдураҳмон ибн Авф ўттиз ёшида, Саъд бин Аби Ваққос ўн етти ёшида, Зубайр ибн Аввом ўн икки ёшида, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўн уч ёшида Исломни қабул қилди[5].

Бу беш нафар фозил зот Абу Бакр даъватининг маҳсули эди. Абу Бакр уларни Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келди. Улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида шаҳодат келтирдилар. Ва Исломнинг улкан устунлари бўлдилар. Даъват иши улар орқали тарқалди. Улар Расулуллоҳнинг таянчлари бўлиб, Аллоҳ Ўз пайғамбарини улар билан азиз қилиб қўйди. Сўнг одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлади. Уларнинг ҳар бири Исломга даъватчи бўлди. Исломда пешқадамлар карвонини ана ўшалар юргиздилар.  Озчилик бўлишларига қарамай, даъват аскарларига, рисолат қўрғонига айландилар. Ислом тарихида улардан ўзари тугул, уларга етари ҳам топилмади ва топилмайди[6].

 

[1] Абу Шаҳба, “Сийра набавия”, 1/284-бет.
[2] Абу Шаҳба, “Сийра набавия”, 1/374-бет.
[3] Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир” китобида келтирган, 1/308-бет, ҳадис рақами: 908.
[4] Ғазбон, “Ат-тарбия ал-қиёдия”, 1/115-бет.
[5] Ғазбон, “Ат-тарбия ал-қиёдия”, 1/116-бет.
[6] Аржун, “Муҳаммад Расулуллоҳ”, 1/533-бет.

Изоҳ қолдиринг