Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (9)

0

125 – Макруҳ вақтларда дафн этиш

Маййитни дафн этиш учун атайлаб намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар қасд қилинмаган бўлса, мазкур вақтларда дафн этиш жоиздир.

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни уч вақтда намоз ўқиш ва маййитларимизни кўмишдан қайтарганлар: қуёш кўринганидан бошлаб то кўтарилгунича; кун тиккага келиб то заволга оғгунча; қуёш ботишга мойил бўлганидан то ботгунича»[1].

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жаноза намозини ҳар қандай вақтда ўқиш жоиз, ҳатто намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда ҳам. Чунки жаноза намози сабабли намозлардан ҳисобланади. Асҳобларимиз айтишларича, жаноза учун айнан мазкур қайтарилган вақтларни ихтиёр этиш макруҳ саналади. Бу вақтлардан бирига иттифоқо тўғри келиб қолса, зарари йўқ»[2].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар бундай (қайтарилган) вақтда жаноза намозини адо этиш макруҳ эмаслигига ижмо қилишган. Балки дафнни мазкур вақтлардан бирига қасддан кечиктириш макруҳдир. Бу худди аср намозини узрсиз қуёш сарғайган вақтгача кечиктириш макруҳ эканига ўхшайди.

Бироқ агар дафн мазкур вақтлардан бирига беихтиёр тўғри келиб қолса, макруҳ иш саналмайди»[3].

126 – Тунда дафн этиш

Салафлар ва кейингилардан иборат жумҳур уламолар маййитни тунда дафн этиш жоиз эканини айтганлар. Бироқ тунда дафн этиш маййитнинг айрим ҳуқуқлари зое этилишига сабаб бўлмаслиги шарт қилинади. Ювиш, кафанлаш, жанозасини ўқиш ва бошқа ҳуқуқлар шулар жумласидан[4].

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда дафн этилганлар[5]. Шунингдек, Абу Бакр[6] ва Усмон[7] разияллоҳу анҳумо ҳам тунда дафн этилгани борасида ихтилоф йўқ[8]. Фотима[9] разияллоҳу анҳо ва бошқалар ҳам тунда дафн этилган.

[1] Муслим ривояти, 831-ҳадис.

[2] «Ал-мажмуъ», 5/122. Шунингдек, қуйидаги манбаларга қаралсин:

Шайх Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ал-Жибрин. «Авқот ан-наҳй ал-хамса ва ҳукм ас-солат зот ас-сабаб фийҳа», 279-308-бетлар. Қирол Сауд университетидаги «Тарбиявий тадқиқотлар маркази» нашр этган. Биринчи нашр, 1417 ҳ.й.;

Доктор Муҳаммад аз-Зуҳайлий. «Ҳукм ас-солат фил-авқот ал-манҳий анҳо». Қувайтдаги «Ал-ваъй ал-исломий» журнали, 372-адад, 30-33-бетлар, 1997 й.

[3] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 134-бет.

[4] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 128-бет, 541-рақам; «Ал-истизкор», 8/290-291; «Ал-ифсоҳ», 1/144; «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» (Нававий), 607-бет; «Ҳошият Ибн Обидин», 3/184.

[5] Қаранг: Абдураззоқ. «Мусаннаф», 3/520, 6551-ҳадис, «Тунда дафн этиш» боби.

[6] Қаранг: Бухорий. «Саҳиҳ», 214-бет, «Тунда дафн этиш» боби.

[7] Қаранг: Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 7/376, 11955-ҳадис, «Тунда дафн этиш тўғрисида келган ривоятлар» боби.

[8] Қаранг: «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ», 1/188, 1044-рақам; «Ал-истизкор», 8/291.

[9] Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий», 719-бет, 4240 ва 4241-ҳадислар; «Саҳиҳ Муслим», 3/1380, 52- ва 1759-ҳадислар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг