Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлислари
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларидан бир қур хабар олгач, яна масжидга қайтар эдилар. Масжидга кириб, равзаи шарифнинг ўртасида жойлашган, ҳозирда “муҳожирлар устуни” деб номланадиган устун олдида таҳийятул-масжид намозини ўқир эдилар. Кўпинча ўша ерда намоз ўқир эдилар[1].
Сўнг равзаи шарифда Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳужраси деворига суяниб ўтирар эдилар. Кейин атрофларига саҳобалар йиғила бошлар эди. Бу вақт ким Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмоқчи бўлса, у зотни масжиддан, равзаи шарифдан топар эди. Гоҳида олдиларига келган саҳобалар кўпроқ, баъзан озроқ бўлар эди. Албатта шароитларидан келиб чиқиб, ишларидан бўшаб, у зотни зиёрат қилар эдилар. Озчилик йиғилган бўлса, у зотнинг атрофларида ҳалқа бўлиб ўтирар эдилар. Агар кўпчилик бўлса, икки саф бўлиб ўтиришар эди. Сафнинг бири у зотнинг ўн томонларида, иккинчиси эса чап томонларида бўлар эди. Ҳар ким у зотга яқинлаша олар ва бемалол саволини бера олар эди[2].
Кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан ўтириб суҳбат қурар эдилар. У зот ўта фасоҳат билан гапирар эдилар. Сўзлари жуда тез ҳам, ўта секин ҳам эмас эди. Аниқ ва тушунарли сўзлардилар. Ҳатто, эшитиб турган одам у зот айтаётган калималарни санай олиши мумкин эди. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларга ўхшаб кетма-кет, тўхтамай сўзламас эдилар. Гаплари аниқ ва лўнда бўлар эди. Эшитган одам ёдлаб олиши ҳам мумкин эди”[3].
Кўпинча сўзларини савол билан бошлар эдилар. Саҳобаларга савол бериб, саволнинг жавобини у зотнинг ўзларидан сўраб билиб олишларини мақсад қилар эдилар. Масалан: “Энг катта гуноҳлар нималигини сизларга айтиб берайми?” деганларида саҳобалар: “Ҳа, айтиб беринг, ё Расулуллоҳ!” дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон гувоҳлик бериш”, дедилар[4].
Гоҳида саҳобаларни улар ўйлагандан ҳам чуқурроқ маънога жалб этиш учун ҳам савол берар эдилар. Масалан: “Муфлис ким эканини биласизларми?” деганларида саҳобалар: “Бор-будидан айрилиб, ҳеч вақоси қолмаган киши”, дейишди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматим ичидаги муфлис шуки, қиёмат куни намоз, рўза, закот амаллари билан келади. Лекин бировни сўккан, бировни зинокор деб бўҳтон қилган, бировнинг молини еган, бировнинг қонини тўккан, бошқасини урган бўлади. Кейин унинг ҳасанотларидан ўша мазлумларга олиб берилади. Агар ҳасанотлари қолмаса, уларнинг гуноҳларидан олиб, бунга юкланади. Сўнг уни дўзахга ташланади”[5].
Гоҳида саҳобаларнинг зеҳнларини чархлаш учун савол ташлар эдилар. Бир марта у зотга хурмо дарахтининг жуммори[6] олиб келинганда у зот: “Менга айтинглар-чи, бир дарахт бор, мусулмон кишига ўхшайди, унинг барглари тўкилмайди. Ҳар доим мева беради. У қайси дарахт?” дедилар. Саҳобалар саҳрода ўсадиган дарахтларни санай кетишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммасига: “Йўқ, йўқ”, дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг хаёлига бу хурмо дарахти бўлса керак, деган фикр келади. Ўша пайтда у чамаси ўн ёшларда бўлиб, мажлис аҳли ичида энг ёши эди. Мажлисда Абу Бакр ва отаси Умар разияллоҳу анҳумолар ҳам борлиги учун улар олдида гапиришга тортиниб, жавоб бермайди. Кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари: “У хурмо дарахти”, деб айтадилар[7].
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳо тушуниш осон бўлиши учун ёки аҳамияти катта бўлгани учун баъзи сўзларни уч марта такрорлар эдилар. Баъзан жуда ҳам аҳамиятли иш эканини уқтириш учун такрор-такрор айтар эдилар. Масалан, бир марта катта гуноҳлар ҳақида сўзлар эканлар: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳ. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳ”, деб бир неча бор такрорладилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур сўзларини кўп такрорлаганларидан саҳобалар ичларида: “Қанийди тўхтасалар”, дейишган экан[8].
Гоҳида саҳобаларга улар кутмаган саволни бериб, улар кутмаган жавобни айтар эдилар. Бир куни: “Бугун ким рўзадор бўлиб тонг оттирди?” дедилар. Саҳобалар бу саволни кутмаган эдилар. Агар шундай сўрашларини олдиндан билишганда, балки ҳамма рўза тутиб келган бўлармиди? Шу боис жим туриб қолдилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. Сўнг пайғамбаримиз: “Ким бугун бирон касални бориб кўрди?” дедилар. Ҳамма жим турди. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. Кейин: “Ким бугун жанозага борди?” дедилар. Ҳамма жим турди. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ким бугун ночорга таом берди?” дедилар. Яна ҳамма жим турди. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу тўрт сифат бир кунда қайси кишида жамланар экан, у албатта жаннатга киради”, дедилар[9].
Гоҳида саҳобаларга сўзлаётганларида сўзларига ойдинлик киритувчи воситаларни қўллар эдилар. Бир марта омонат кўтарилиши ҳақида сўзлаб, бундай дедилар: “Киши бир ухлайди-да, қалбидан омонат кўтарилиб қолади. Кейин унинг асари бадандаги куйик доғ каби қорайиб қолади. Сўнг яна бир ухлаганида омонат қалбидан тортиб олинади ва унинг кафтдаги қадоққа ўхшаш изи қолади. Чўғ юмалаб келиб оёғингни пўрсилдоқ қилгани каби ичида ҳеч нарса бўлмаган пўрсилдоқ қолади”. Шундай деб, бир кичкина тошчани олиб оёқларида юмалатиб кўрсатдилар[10].
Бир марта тўрт бурчак чизиқ чиздилар. Кейин унинг ўртасидан узун чизиқ чизиб, уни тўртбурчакнинг икки тарафидан чиқариб қўйдилар. Сўнг бу узун чизиқнинг икки чеккасидан ўша чизиққа қаратиб чизиқчалар чиздилар. Кейин бундай дедилар: “Бу инсон, атрофидагилар унинг ажали. Тўртбурчакдан ташқарига чиқиб кетган чизиқ эса унинг орзу-умидлари. У доимо орзу-умидлари ортидан юради. Ажал эса уни қувади. Бу майда чизиқлар эса унга рўпара бўладиган нарсалар. Агар унисидан қутилса, бунисига йўлиқади. Бунисидан қутилса, унисига йўлиқади”[11].
Мажлислари ҳам илмий, ҳам панд-насиҳат мажлиси бўлар эди. Панду насиҳатлари ва таълимлари оддий услубда, яъни фақат бир киши гапириб, қолганлар жим қулоқ солиб турадиган шаклда бўлмас, балки ҳамманинг ақлини ўзига жалб этувчи баҳсу мунозара шаклида ўтказилар эди. Бундай услуб таълим олувчининг таълим амалиётида бевосита иштирок этишига имкон берарди, унинг ақли ва зеҳни чархланишага сабаб бўларди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисларини кўп истиғфор билан янада файзли қилар эдилар. У зот истиғфор ва тавбадан ҳеч сусаймас эдилар. Ҳатто саҳобалар у зотнинг биргина мажлисда юз марта истиғфор айтишларига гувоҳ бўлганларини айтадилар. Мажлисдан туришда эса:
رب اغفر لي و تب علي إنك أنت التواب الرحيم
(Роббиғфир-лий ва туб алайя, иннака антат-таввоб ур-роҳийм), дер эдилар[12].
Маъноси: “Раббим мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Албатта сен тавбаларни қабул қилувчи ва кечиримли зотдирсан”.
У зотнинг баракаларидан баҳраманд қилиш учун мажлисларига гўдак болаларни ҳам олиб келишар эди. У зот хурмони чайнаб, гўдакларнинг оғизларига солиб қўяр ва Аллоҳдан уларга барака тилар эдилар[13].
Бир куни Абу Усайд разияллоҳу анҳу янги туғилган ўғли Мунзирни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келди. Болани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сонларига қўйиб, ўзи ёнларида ўтирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир иш билан овора бўлиб қолганларида Абу Усайд ўғлини у зотнинг тиззаларидан олди. Бироздан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бола қани?” дедилар. Убу Усайд: “Ё Расулуллоҳ, уни ётқизиб қўйдик”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг исми нима?” дедилар. Абу Усайд: “Фалончи” деб боланинг исмини айтди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, уни Мунзир” деб атагин”, дедилар. Шундай қилиб, унга ўзлари Мунзир деб исм қўйиб бердилар[14].
У зот ҳузурларига янги пишган хурмо меваси олиб келинар эди. Ўша даврда хурмо Мадина аҳлининг асосий егулиги эди. Мадина аҳли янги пишган хурмо мевасини кўрсалар, қувониб кетишар ва уни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келишар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мевани қўлларига олиб дуо қилар эдилар:
اللهم بارك لنا في ثمرنا وبارك لنا في مدينتنا وبارك لنا في صاعنا وبارك لنا في مدنا اللهم إن إبراهيم عبدك و خليلك ونبيك وإني عبدك و نبيك وإنه دعا لمكة وإني أدعو للمدينة بمثل ما دعاك لمكة ومثله معه
“Эй Парвардигорим, бизга меваларимизда, шаҳримизда, соъ ва муддимизда (ўлчов бирлигида) барака ато эт! Парвардигорим, албатта Иброҳим сенинг қулинг, халилинг ва пайғамбарингдир. Мен ҳам сенинг қулингман ва пайғамбарингман. Дарҳақиқат, у Маккага барака сўраб дуо қилган эди. Мен ҳам Мадинага Иброҳим Маккага тилаганича ва яна бир карра зиёда барака тилаб дуо қиламан”.
Сўнг ўша мажлисда ўтирган болалардан энг кичигини чақириб, мевани унга берар эдилар[15].
[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (502). “Саҳиҳ Муслим” (509).
[2] Қаранг: “Сунан Абу Довуд” (4698).
[3] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (3568). “Саҳиҳ Муслим” (2493).
[4] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (2654, 5976). “Саҳиҳ Муслим” (87).
[5] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (2581).
[6] Жуммор: Хурмо дарахтининг ўзагида бўладиган, ейиладиган ширин таъмли қисми. У хурмо дарахтининг юраги ҳисобланади. Уни кесиб олинса дарахт қуриб қолади.
[7] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (2867), “Саҳиҳ Муслим” (2811).
[8] Манба олдин берилди.
[9] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (1028).
[10] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (6497, 7086). “Саҳиҳ Муслим” 9142).
[11] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (6417).
[12] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (4726).
[13] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (3909, 5470, 5467). “Саҳиҳ Муслим” (2144, 2146).
[14] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (6191),
[15] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим (1373).