Қуръони каримни қандай ёдлаш мумкин? (2)

0

( Давоми)

4) Ҳофизи Қуръон одоблари билан зийнатланиш

Қуръоннинг баракалари ёғилиши учун Қуръон ахлоқи билан зийнатланишингиз шарт. Ойша разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари ҳақида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди»[1], деган. Яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон буюрган ҳар бир гўзал хулқда бошқаларга ўрнак, Қуръон қайтарган ҳар қандай ишдан энг узоқ турувчи киши эдилар.

Қуръон якка Аллоҳга ибодат қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, ваъдага вафо қилиш, кўзни тийиш, зинодан сақланиш каби кўп яхши ишларга буюради. Сиз бу ишларга ҳаммадан кўра кўпроқ амал қилишингиз лозим. Қуръон фаҳш-мункардан, бузуқлик, ғийбат ва чақимчилик каби талай ёмон сифатлардан қайтаради. Сиз бу иллатлардан албатта узоқлашинг. Хулқингиз, ибодатингиз ва муомалангизда Қуръоннинг таъсири кўринсин.

5) Гуноҳу маъсиятлардан тийилиш

Гуноҳлардан тийилинг. Сиз Аллоҳга гуноҳлар билан исён қилар экансиз, У зот қандай қилиб сизни Ўзининг каломини ёдлашга муваффақ қилсин?! Қуръонни ёд олиш ризқдир. Банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади.

«Шунинг учун Қуръон ёдлашни хоҳламайман», дейсизми? Қуръон ёдламасдан бу гуноҳларни қилишда давом этсангиз ҳам гуноҳларингиз учун жавоб берасиз. Яъни, гуноҳлардан тийилмаслик учун ёки гуноҳларингиз борлиги сабабли Қуръон ёдламасангиз ҳам барибир жавобгарликдан қутулмайсиз. Барчамиз гуноҳкормиз, орамизда гуноҳ қилмайдиган кимса йўқ. Айтмоқчиманки, гуноҳлардан тийилиш учун Қуръон ёдланг, шунда Аллоҳнинг Ўзи сизга ёрдам беради. Бирон гуноҳ қилсангиз, ўзингизга айтасиз: «Аллоҳ таолонинг: “Мўминларга айтинг, кўзларини ҳаромдан тийсинлар” (Нур, 30) оятини ўқиб туриб, ҳаромга қарашим тўғрими?» Шунда Қуръон сизни гуноҳдан тўсиб қолади. Гуноҳга қўл урсангиз ҳам таслим бўлманг, истиғфор айтинг, пушаймон бўлинг, гуноҳга қайтмасликка азм этинг.

6) Қатъий азму қарор

Кўп одамлар йўлиқадиган муаммолардан бири, Қуръон ёдлашни бошлагандан кейин ташлаб қўйишади. Бунинг учун ҳимматингизни чархлашингиз зарур. Хоссатан, ҳофизи Қуръоннинг фазилати тўғрисида хабардор бўлганингиздан сўнг. Дангасалик етар энди? Ғафлат уйқуси етар? Кўп ухладик, жуда кўп вақтларни зое қилдик. Қуръон ёдлаш ўрнига режалаштирган ишларимизнинг ҳам кўпини амалга оширмадик.

7) Ёдлаш учун аниқ вақт белгилаш

Қатъий азму қарорга келганингиздан сўнг энди Қуръон ёдлаш учун аниқ вақт белгиламасангиз бўлмайди. Йўқса, барака кетади. Демак, ёдлаш учун муайян вақт белгилаш зарур. Йигирма тўрт соатдан иборат кунимизнинг бир соатини ёдлаш учун ажратсак етади. «Бор-йўғи бир соатми холос?!» дейсизми? Дўстим, сиз бир соатдан ёки ярим соатдан бошланг. Муҳими, бошланг. Ишонинг, Қуръонга ажратган шу вақтингиз сабабли ҳаётингизга барака киради, шунда сизда ўз-ўзидан Қуръонга янада кўпроқ вақт ажратиш истаги пайдо бўлади, барака яна ҳам кўпроқ ёғила бошлайди. Хуллас, сизда аниқ белгиланган бир вақт бўлиши керак. «Бомдоддан кейин бўшман, шунинг учун шу вақтда ёдлайман», деманг. Балки «Ҳар куни бир соат ёдлайман», денг. Бу бир соат бомдоддан кейин бўладими, пешиндан кейинми, фарқи йўқ. Муҳими, аниқ бир соат ажратинг. «Хўп, шу бир соат учун қайси вақт муносиб?» дейсизми? Буни қуйида билиб оласиз.

8) Энг муносиб вақт

Зеҳнингиз тиниқ бўладиган вақтни топинг. Масалан, бомдоддан кейин. Бу вақтда одам тетик, зеҳни тиниқ, турли юмушлардан холи бўлади, ёдлаш учун жуда муносиб вақт саналади. Йўқ, бомдоддан кейин ишим, ўқишим, йиғилишим бор десангиз, майли, бўшаганингиздан сўнг бирор вақт танланг. Масалан, аср ёки шомдан кейинги вақт сиз учун муносиб бўлиши мумкин. Ҳолатингизга муносиб вақтни ўзингиз биласиз. Бироқ айтганимиздек, зеҳнингиз бўш, ташвишлардан холи ва маълум даражада жисмонан тетик пайтингиз бўлиши керак. Яъни ёдлар экансиз, жисмингизда чарчоқ ҳис қилишингиз, ё кўзингизни уйқу босиши керак эмас. Бу ҳолатда эътиборингизни жамлай олмайсиз.

9) Муносиб жой танлаш

Қуръон ёдлаш учун муносиб вақт танлаганимиз каби муносиб жой ҳам танлашимиз керак. Муносиб жой деганда кўз ва қулоқни чалғитадиган ҳар қандай чалғитувчи нарсадан холи бўлган маконни назарда тутамиз. Масалан, одамлар билан гавжум бўлган хиёбонга бориб ёдлашим тўғри эмас. Ёки оила аъзолари тўпланиб, гаплашиб ўтирган хонага кириб ёдлашим ҳам хато бўлади. Чунки буларнинг бари зеҳнимни чалғитади. Ҳозирда энг катта чалғитувчи нарса телефон ва компютердир. Қуръон ёдлайман деб ўтирсангиз-у, олдингиздаги компютер ё телефонда барча ижтимоий тармоқлар очиқ турса, қандай ёдлайсиз? Бир соат телефонни ўчириб туриш нима деган гап? Сиз ўта катта тижоратчи бўлиб, бир зум телефонга қарамасангиз дунё остин-устун бўлиб кетса экан, бошқа гап. Бирор кимса сизни ёдлашдан чалғитмаслиги учун телефонингизни ўчириб қўйинг.

10) Халал берадиган одамлардан узоқлашиш

Кўп одамлар борки, қиладиган иши ҳимматларни сўндиришдан иборат. «Дўстим, барибир охиригача ёдлай олмайсан», «Қуръон ёдлаш қийин», «Ҳали олдинда имтиҳонларинг кутиб турибди», ва ҳоказо. Шундай кишилардан бутунлай узоқлашинг. Уларнинг гапларига умуман қулоқ солманг. «Улар ҳам мен билан ёдлашини хоҳлайман», дейсизми? Азизим, аввал ўзингиз ёдлаб олинг, кейин уларга ҳам ёдлатаверасиз. Ўзингизнинг шайтонингизга бошқанинг шайтонини ҳам қўшиб олманг. Ҳимматингизни оширадиган кишилар билан ҳамроҳ бўлишга интилинг. Қуръон аҳлини ҳамроҳ тутинг. Дангасалик тутганда қўлингиздан тортадиган, тўхтаб қолганингизда сизни руҳлантирадиган, тергаб турадиган одам билан ҳамроҳ бўлинг.

11) Режа тузиш

Бу ҳам жуда муҳим. Вақт белгиладингиз, муносиб жой танладингиз, энди режа тузишингиз зарур. «Қолипсиз ғишт битмас, режасиз иш битмас», деган гап бор. Муносиб вақт ва жой белгиласак-у, буёғига нима қилишни билмасак бўлмас. Хўп, сиз қанча вақтда Қуръонни ёдлаб тугатмоқчисиз? Бир йил? Икки йил? Уч йил? Қанча муддатда тугатишингизни ҳал қилинг. Буни қандай аниқлаш мумкин? Қанча ёдлашга кучингиз етишига қаранг. Бу борада сизга бирор пухта қори ёки шу йўлни босиб ўтган тажрибали инсон ёрдам бериши мумкин. Бир кунда қанча ёдлай оласиз? Бир бет? Ярим бет? Ёки икки оятми? Ишингиз, оилангиз, дарсларингиз ва сиздан талаб этиладиган масъулиятларни ҳисобга олинг. Балки ҳозир уч бет ёдлай оларсиз-у, кейинчалик юмушларингиз кўпайиб, бунга қодир бўлмай қолишингиз мумкин. Бир муддат ёдлайсиз-да, кейин шу зайлда давом эта олмасдан ёдлашдан буткул тўхтаб қоласиз. Унутманг, давомли тарзда оз-оздан ёдлаш ҳар замонда бир кўп ёдлашдан яхшироқ. Демак, бир кунда қанча ёдлай олишингизни аниқланг. Қуръонни тўла ёд олиш учун етарли бўлган муддатни шунга қараб чиқариб оласиз. Ёдлаш режасида қуйидагиларга аҳамият беринг:

  • Тузган режангиз амалий бўлсин, яъни шу режага кўра ёдлаш қўлингиздан келсин.

  • Режангиз фавқулодда ҳолатлар учун ҳам муносиб бўлсин. Масалан, сиз одатда бомдоддан кейин ёдлайсиз. Бир куни шу вақтда бошқа зарур ишингиз чиқиб қолди. Шундай пайтда бунинг ўрнига аср, шом ё хуфтондан кейин ёдлашга ўтиринг. Муҳими, белгиланган миқдорни ёдламасдан кунингиз ўтиб кетмасин. Масалан, менинг олдимда бир ойлик имтиҳонларим бор. Имтиҳонга тайёрланиш учун бошқа кўп нарсаларни ёдлашим керак. Ёки кутилмаган бирон иш туфайли бирор кун ёдлолмай қолишим мумкин. Демак, режада шуни ҳам ҳисобга олишим керак. Шунинг учун беш кун ёдлайман, икки кун ёдлаганларимни такрорлайман, деб режа тузаман. Шу икки кунда аввал ёдлаганларимни қайтаришни ва кутилмаган ишлар туфайли қолиб кетган вазифам ўрнини тўлдиришини кўзлайман.

  • Режангиз вараққа ёзилган ва доим кўзингиз тушадиган жойга илиб қўйилган бўлиши шарт. Масалан, «Шанба куни «Мулк» сурасининг биринчи бетини, якшанба иккинчи бетини ёдлайман», деган ёзув кўз ўнгингизда турсин. Режани ёзиб қўйиш уни амалга оширишга сизни руҳлантиради.

12) Сиз масъулсиз

Режангизни амалга ошириш фақат ўзингизга боғлиқ эканини ҳеч қачон унутманг. Бу масъулиятни сиздан бошқа ҳеч ким бўйнига олмаган. Мабодо амалга ошмаса, бунга фақат ўзингиз айбдорсиз. На оила, на фарзандлар ва на дўстларни айблашга уринманг.

13) Самара доимо кўз ўнгингизда турсин

Қуръон ёдлаш ортидан келадиган самаралар доимо ёдингизда бўлсин. Бу масъулиятни ҳис қилиб туришингиз учун керак. Қуръонни ёдлаб тугатган кундаги бахтиёрликни, қайта тирилган кунингизда Қуръон сизни қарши олишини хаёлингизга келтиринг. Қиёмат куни мукофот олаётганингизни ўйланг. Шу ҳадисларни ёзиб, кўзингиз тушадиган жойга, хонангиз деворига илиб қўйинг. Телефон ёки компютерингиз экранига қўйиб олинг. Доим ўзингизни руҳлантиринг.

(давоми бор)

[1] Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да (308) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (4811) саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг