Сийрат: Исломни илк қабул қилганлар (2)

0

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъват йўлидаги изчил ҳаракати Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириш ҳамда Аллоҳ ва Расулининг даъватига ижобат этиш қандай бўлмоғи кераклигини кўрсатади. Ҳақиқий мўмин ўлароқ у ўзи иймон келтирган дин ҳаётда рўёбга чиқмагунича асло кўнгли хотиржам бўлмас эди. Унинг жўшқин ҳаракати тез ёниб, тез ўчадиган, вақтинча кечадиган ҳис-ҳаяжондан иборат эмас эди. Абу Бакр умрининг охиригича бу йўлда ҳеч сусаймай, малоллонмай фаолиятини давом эттирди.

Обрў-эътиборли кишиларнинг даъват учун кадрлар етиштиришда таъсирлари катта бўлади. Шунинг учун ҳам бу борада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бошқалардан кўра таъсири кўпроқ бўлди.

Аввал Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга содиқ дўст, яқин улфат бўлган бўлса, энди у Аллоҳ йўлидаги чинакам дўстга, холис ёрдамчига айланди. Қавми ичида улкан мавқега эга бўлгани ва одамлар унга ҳурмат-эътибор кўзи билан қараганлари боис даъват иши кучайди.

Даъват иши яширинча ва якка шахслар орқали бошланиб, кейинчалик жамоавий тус олди. Бу жамоа келажакда ислом давлатини қурадиган ва инсонларни Аллоҳнинг динига даъват этадиган, раббоний маданиятга етаклайдиган жамоалар учун зувала эди, гўё.

Иккинчи гуруҳ:

Исломни биринчи бўлиб қабул қилганларни биринчи гуруҳ десак, улар ортидан навбат иккинчи гуруҳга келди. Бу гуруҳдан дастлаб Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Салама, Абдуллоҳ ибн Асад ибн Махзум ибн Мурра (у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари Барра бинти Мутталибнинг ўғли ва бир вақтнинг ўзида у зотга эмикдош ини ҳам бўлади), Арқам ибн Абу Арқам Махзумий, Усмон ибн Мазъун Жумаҳий, Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб, Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Мазъуннинг икки ўғли Қудома ва Абдуллоҳ, Умар ибн Хаттобнинг синглиси ва Саид ибн Зайднинг хотини Фотима бинти Хаттоб, Абу Бакрнинг икки қизи Ойша ва Асмо, Бани Заҳранинг иттифоқчиси Хаббоб ибн Арат мусулмон бўлдилар.

Учинчи гуруҳ:

Бу гуруҳ аъзолари Саъд ибн Абу Ваққоснинг иниси Умайр ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Масъуд ибн Қорий (яъни Масъуд ибн Рабиа ибн Амр) бўлдилар.

Қуйидагиларни ҳам шу гуруҳга киритиш мумкин: Салит ибн Амр ва унинг иниси Ҳотиб ибн Амр, Айёш ибн Абу Рабиа ва унинг хотини Асмо бинти Салама, Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий, Омир ибн Рабиа, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва унинг иниси Абу Аҳмад, Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг хотини Асмо бинти Умайс, Ҳотиб ибн Ҳорис ва унинг хотини Фотима бинти Мужаллал ва унинг иниси Ҳаттоб ибн Ҳорис ва унинг хотини Фукайҳа бинти Ясар ва бу икки ака-уканинг учинчиси Маъмар ибн Ҳорис, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Мутталиб ибн Азҳар ва унинг хотини Рамла бинти Абу Авф, Нажжом ибн Абдуллоҳ ибн Усайд, Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра, Фуҳайра ва онаси (Фуҳайра Туфайл ибн Ҳорис ибн Сахбаранинг қули эди, Абу Бакр уни сотиб олиб, қулликдан озод этади), Холид ибн Саид ибн Ос ибн Умайя ва унинг хотини Умайна бинти Халаф, Абу Ҳузайфа ибн Утба ибн Рабиа, Воқид ибн Абдуллоҳ ибн Абду Маноф, Букайр ибн Абду Ёлилнинг ўғиллари Холид, Омир, Оқил ва Иёс, Бани Махзум ибн Яқазанинг иттифоқчиси Аммор ибн Ёсир, Суҳайб ибн Синон Румий. Ибн Ҳишом мазҳажлик Анса исмли кишини ҳам мазкур кишилар қаторига қўшади.

Абу Зар Ғифорий ва унинг иниси Анис ва онаси ҳам Исломга энг аввал кирганлардан саналади.

Билол ибн Рабоҳ Ҳабаший ҳам мазкур кишилар қаторидан ўрин олган.

Исломни дастлаб қабул қилган мазкур кишилар Қурайшнинг турли уруғларига мансуб бўлиб, Ибн Ҳишом: “Уларнинг сони қирқта бўлган”, дейди[1].

Ибн Исҳоқ айтади: “Сўнг одалар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошладилар. Ҳатто Маккада Ислом ошкор бўлиб, у ҳақда ҳар хил гап-сўзлар кенг тарқалди”[2].

Юқорида зикр этилган исмлардан Исломга илк кирган шахслар ўз қавмларининг обрў-эътиборли кишиларидан бўлганлари аён бўлади. Баъзи шарқшунослар даъво қилганларидек улар одамларнинг энг қуйи табақасидан ёки озодлик истаган қуллардан иборат бўлмаган. Айрим тарихчиларнинг Исломни дастлаб қабул қилган кишиларнинг кўпи камбағал, кучсиз ва қуллардан иборат бўлган, деган сўзлари янглишдир. Улар айтишади: “Исломга даъват бошланганига уч йил ўтиб, уни қабул қилганлар сони қирқ нафар эркак ва аёлни ташкил этар эди. Уларнинг кўпчилиги камбағал, заиф-бечора ва қуллардан иборат эди. Уларнинг бошида Суҳайб Румий, Билол Ҳабаший каби араб бўлмаган бошқа миллат вакиллари турар эди”.

Агар бу масалани чуқурроқ текшириб кўрсак, камбағал ва қуллар деб аталаётган кишилар улар ичидаги араб бўлмаганларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда ўн уч нафар кишини ташкил этар экан, холос. Демак, Исломга кирганларнинг кўпчилиги камбағал, заиф-бечора ва қуллардан иборат эди, дейиш ҳақиқатга тўғри келмайди.

Аслида, ўша даврда Исломни қабул қилган кишилар дунёвий сабаб билан эмас, балки ҳақни кўриб, онгли равишда динга кирганлар ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида туриб, дин йўлида қаттиқ тазйиқларга бардош берганлар. Бунда бой ҳам, камбағал ҳам, озод ҳам, қул ҳам баробар эди, Абу Бакр ҳам, Билол ҳам, Усмон ҳам, Суҳайб ҳам тенг эди.

Устоз Солиҳ Шомий айтади: “Биз ўша жамоада камбағаллар ва қуллар мавжуд бўлганини инкор этмаймиз, балки уларнинг кўпчилиги камбағал ва қуллардан иборат эди, деган фикрни инкор этамиз. Чунки бу тарихий ҳақиқатга зиддир. Агар ўшандай бўлганда эди, табақачилик даъвоси вужудга келган бўлар эди. Яъни камбағаллар, ялангоёқлар, қуллар бойларга қарши қўзғолон қилди, салтанатга исён кўтарди, дейилган бўлар эди. Лекин тарихда бундай гап йўқ. Исломни қабул қилган мусулмоннинг асосий ғояси соф ақида асосида Аллоҳга қулчилик қилиб яшаш эди. Шак-шубҳасиз, Исломнинг илк палласида унга кирган кишилар ўз қавмларининг ҳурмат-эътиборли кишиларидан бўлишлари Исломга қувват, даъватга ғайрат бағишлади. Улар муборак ақида йўлида турли-туман таҳқирларга бардош бердилар. Ҳолбуки улар аввал бунақа мусибатларни кўрмаган ва ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар”[3].

Ислом пок нафсларга, соғлом ақлларга, тоза қалбларга йўл топади. Хадича, Абу Бакр, Али, Усмон, Зубайр, Абдурраҳмон, Талҳа, Абу Убайда, Абу Салама, Арқам, Усмон ибн Мазъун, Саид ибн Зайд, Абдурраҳмон ибн Жаҳш, Жаъфар, Саъд ибн Абу Ваққос, Фотима бинти Хаттоб, Холид ибн Саид, Абу Ҳузайфа ибн Утба ва бошқалар ана шундай покиза сифатларга эга эдилар. Ҳолбуки, мазкур кишилар ўз қавмларининг катталаридан ва обрў-эътиборли одамларидан эдилар.

Ана ўшалар биринчилардан бўлиб иймонга келган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларини тасдиқ этган зотлардир.

[1] Сийра Ибн Ҳишом, 1/245.
[2] Сийра Ибн Ҳишом, 1/262.
[3] Солиҳ Шомий, “Мин маийн ас-сийра», 40-бет.

Изоҳ қолдиринг