Маййитни дафн этишга тааллуқли масалалар (10)

0

127 – «Сўнгги манзилига кузатилди» деб айтиш

Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳозирда бу ибора сухандонлар тилида ва журналистлар мақолаларида кўп учрайдиган бўлиб қолди. Бу уларнинг ақидани соғлом сақлашга бўлган эътиборларининг сустлигидан ва динларини яхши билмасликларидан келиб чиққан иборадир. Улар бу иборани кимдир вафот этиб, қабрга қўйилган пайтда ишлатишади, “Фалончи сўнгги манзилга кузатилди ёки қўйилди” деб айтишади. Маълумки, қабр дунё ва охират ўртасидаги босқичдир. Ундан сўнг қайта тирилиш ва маҳшарга тўпланиш, кейин қиёмат куни Аллоҳ қаршисида туриш, ундан сўнг жаннат ё дўзахга кириш бор: “Бир гуруҳ жаннатда бўлса, яна бир гуруҳ дўзахдадир” (Шўро, 7).

Бинобарин, инсон бу иборани унинг замиридаги даҳриёна ва куфрона маъносини эътиқод қилиб айтадиган бўлса, кофир ва муртад бўлади. Шундай экан, бу иборани қўллашга қарши чиқиш ҳамда уни ишлатмаслик лозим бўлади»[1].

Шайх Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Сўнгги манзилга кузатилди” деб айтиш жоиз эмас, ҳаромдир. Чунки «сўнгги манзил» деган сўз қабр одамнинг охирги жойи эканини тақозо қилади. Бу эса қайта тирилишни инкор этишни ўз ичига олади.

Охират кунига иймон келтирмайдиган кимсалардан фарқли ўлароқ, мусулмонлар оммасига қабр охирги манзил эмаслиги маълумдир. Бир киши Аллоҳ таолонинг: “Мол-дунё кўпайтириш сизларни Аллоҳнинг тоатидан машғул қилиб қўйди, ҳатто шу зайлда қабристонларни «зиёрат этдинглар» (яъни қабрга кирдинглар)” (Такосур, 1-2) деган оятини ўқиётганини эшитган бир аъробий: “Аллоҳга қасамки, зиёрат қилувчи у ерда доимий қолмайди”, деган экан. Чунки зиёратчи борган жойида қолиб кетмайди, балки яна йўлида давом этади. Шунинг учун бу иборадан четланиш керак. «Сўнгги манзил» қиёматда жаннат ё дўзахдан бири бўлади»[2].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Баъзи одамлар маййитни дафн қилсалар: “Уни сўнгги манзилига кузатдик”, дейишади. Қабр сўнгги манзил эмас. Балки қабрдан сўнг – барзах ҳаётидан сўнг ҳали охират ҳаётига – жаннат ё дўзахга кўчиб ўтиш бор.

Баъзи уламолар мазкур маънони Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан хулоса қилганлар: “Мол-дунё кўпайтириш сизларни Аллоҳнинг тоатидан машғул қилиб қўйди, ҳатто шу зайлда қабристонларни «зиёрат этдинглар» (яъни қабрга кирдинглар)” (Такосур, 1-2).

Зиёратчи келган жойида қолиб кетмайди, балки яна йўлга отланади. Қабристон аҳли ҳам қабрларида муқим ўрнашиб қолмайдилар, нидони эшитган онларида қабрларидан яна «йўлга чиқадилар». Аллоҳ таоло айтади: “Фаришта яқин ўринда туриб, жар соладиган (сур чаладиган) кунга қулоқ тутинг. У куни барча халойиқлар қайта тирилиш учун жар солувчи бу даҳшатли қичқириқ овозини чинакамига эшитгайлар. Бу барча қабр эгалари қабрларидан чиқиш кунидир” (Қоф, 41-42);

Сур чалинди ва осмону заминдаги барча жонзот вафот этди. Фақат Аллоҳ ўлмаслигини истаганларгина қолди. Кейин иккинчи марта сур чалинган эди, баногоҳ барча барча халойиқ қабрларидан тирилиб чиқиб, (Раббилари энди уларга қандай амр қилишини) кутиб, кўз тикиб турадилар” (Зумар, 68)»[3].

Валлоҳу аълам.

[1] Шайх Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд. «Мўъжам ал-маноҳий ал-лафзийя», 492-бет. «Дор ал-осима» нашриёти, учинчи нашр, 1417 ҳ.й.

[2] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 453-бет.

[3] Шайх Абдураҳмон ибн Носир ал-Баррок. «Шарҳ ал-ақида ат-таҳовийя», 300-бет. «Дор ат-тадмурийя» нашриёти, иккинчи нашр, 1429 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг