Қуръони каримни қандай ёдлаш мумкин? (3)

0

(Давоми)

Булар ёдлашдан аввалги босқич, яъни тайёрлов босқичи эди. Энди ёдлаш босқичи тўғрисида сўз юритамиз:

1) Муайян мусҳафдан ёдлаш

Ёдлаш – мусҳаф саҳифасини хотирангизга муҳрлаш демак. Шунинг учун Қуръоннинг фақат битта нусхасидан ёдланг. Масалан, ёдлашни Мадина мусҳафидан ёки шу каби ҳар бир саҳифаси оят билан тугайдиган мусҳафларнинг биридан бошласангиз, охиригача шу нусхада давом этинг, токи ёдлаш асносида чалкашлик юзага келмасин.

2) Устозга ўқиб эшиттириш

Ёдлаган вазифангизни ўқиб эшиттириш учун пухта қори устоз танланг. Шунингдек, ёдлашдан аввал ёдламоқчи бўлган миқдорни ўқиб, текширтириб олинг. Чунки хато ёдлаб олсангиз, кейин тўғрилашингиз қийин бўлади. Қуръонни пухта билган устознинг фойдаларидан яна бири, сиз унинг тажрибасидан баҳраманд бўласиз ва аввалроқ айтиб ўтганимдек у сизни ёдлашга руҳлантириб боради.

Энди ёдлаш услуби ҳақида гаплашамиз:

1) Ҳар бир оятни пухта ёдлагунча такрорланг

Биринчи оятнинг ўзини ёдлаб бўлгунингизгача такрорланг. Керак бўлса 20-30 марта қайтаринг. Оятни шу зайлда ёдлаб бўлганингиздан сўнг, уни ёддан 20-30 марта такрорланг. «Мен учун 20-30 марта кўп, мен 5-10 марта ўқиб ёдлаб оламан», дейсизми? Йўқ, бу ёдлаш эмас, бунинг номи «суратга олиш»дир. Яъни, сиз бир бетни кўзингиз билан суратга оласиз, холос. Ёдлаш эса, саҳифани вақтинчалик хотира бўлмиш кўзингиздан доимий хотира бўлмиш миянгизга кўчиришдир. Буни жиҳозлардаги тезкор хотира (RAM) билан қаттиқ дискка (Hard disc) ўхшатиш мумкин. Тезкор хотира маълумотни вақтинча сақлаб туради, жиҳозни ўчиришингиз билан маълумот ҳам ўчиб кетади. Агар уни қаттиқ дискка кўчирсангиз, жиҳозингизда сақланиб қолади. Ёд олинган маълумотни кўп такрорлаш мустаҳкамлайди. Ёдланган маълумотлар шу зайлда мустаҳкамланмаса, тезда унутилиб кетади. Кейинчалик такрорлаш босқичида қийналишни хоҳламасангиз, 5-10 марта ўқиб, бўлди, ёдладим, деб мусҳафни ёпиб қўйманг. Ёдлаганингиз пухта бўлиши учун ҳозир такрорлашингиз керак.

Биринчи оятни такрорлаб бўлганингиздан сўнг иккинчи оятга ўтинг ва уни ҳам аввалгисидек такрорланг. «Табарокаллазий биядиҳил мулку ва ҳува ала кулли шайъин қодир, табарокаллазий биядиҳил мулку ва ҳува ала кулли шайъин қодир» деб такрорланг. Кейин мусҳафга қарамай 20-30 марта қайтаринг. Сўнг кейинги оятга ўтинг. «Аллазий холақол мавта» оятини ўқинг ва уни ҳам такрорланг. Кейин мусҳафга қарамасдан биринчи оят билан қўшиб қайтаринг: «Табарокаллазий… ғофур». Кейин учинчи оятга ўтинг. Унда ҳам биринчи ва иккинчи оятларда нима қилган бўлсангиз, шундай қилинг. Кейин биринчи ва иккинчи оятларни учинчи оятга қўшиб, 20-30 марта такрорланг. Кейин тўртинчи оятга ўтинг ва ҳоказо. Кўп ёдлашингиз муҳим эмас, балки пухта ёдлашингиз муҳимдир. «Бўлди, Қуръонни ёдлаб тугатдим», деганингиздан кейин, «Хўп, фалон сурани ёддан ўқинг-чи» дейилганда, «Такрорлаб олишим керак-да» дейдиган бўлсангиз, демак сиз ёдламагансиз. Исталган вақт «фалон жойдан ўқи» дейилганда ўқиб берсангиз, ана ўшанда ҳақиқатда ёдлаган бўласиз. Майли, сурани ўқиш асносида адашиб қолишингиз мумкин, бироқ сура зеҳнингизда туриши керак. «Такрорлашим керак-да», деб турсангиз, бўлмайди. Асосийси пухта ёдлашдир. Ёдлаган вазифангизда битта хато қолса ҳам янги вазифани ёдлашга киришманг. Аввал эски вазифани мустаҳкамлаб олинг.

2) Ёдлаш асносида имкон қадар кўпроқ сезги аъзоларидан фойдаланинг

Айрим одамлар фақат кўзи билан ўқийди. Бунда ёдлаш заиф бўлади. Агар яхшироқ ёдлайман десангиз, овоз чиқариб ўқинг. Шунда кўзингиз ҳам, тилингиз ҳам, қулоғингиз ҳам ишлайди. Шу йўсинда ўқисангиз, кўпроқ сезги аъзоларидан фойдаланган бўласиз. Қанча кўп сезги аъзосидан фойдалансангиз, ёдлаганингиз шунча пухта ва яхшироқ бўлади.

3) Оятлар маъносини тушуниб ўқинг

Ёдлаётган оятлар маъносини тушуниб, тадаббур билан ўқишингиз ёдлашингизни енгиллаштиради.

«Дунёю охират подшоҳлиги қўлида бўлган зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир. У қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва кечирувчидир» (Мулк, 1-2) оятини ўқир экансиз, Аллоҳнинг мулки ва қудратини кўз олдингизга келтиринг. Оятларни тушуниб, тадаббур қилиш яхшироқ ёдлашингизга ёрдам беради. Оятлар маъносини ўзингиз мустақил тушунмасангиз, енгил тафсир китобларига мурожаат қилинг.

4) Бир бетни кейингиси билан боғланг

Бир бетни ёдлаб тугатганингиздан сўнг кейинги бетнинг биринчи оятини ҳам қўшиб такрорланг. Акс ҳолда, бирор бетни ёддан ўқиб тугатгач, кейинги бетни топа олмай тўхтаб қолишингиз мумкин. Шунинг учун саҳифаларни бир-бирига боғлаб кетиш муҳим.

5) Кимгадир ёддан ўқиб беринг

Ёдлаб бўлдингизми, албатта бирор кишига ёддан ўқиб беринг. Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, у одам Қуръонни пухта ёд олган инсон бўлиши мақсадга мувофиқдир. Агар бирор оятни хато ёдлаган бўлсангиз, ўша устоз уни тўғрилайди ёки ўхшаш оятларни бир-биридан фарқлаб олишда сизга ёрдамлашади.

6) Янги вазифани ёдлашга киришишдан олдин эскиларини такрорланг

Янги вазифани ёдлашга киришишдан олдин эски ёдлаган саҳифаларни такрорлаб олинг. Аввал кеча ёдлаганингизни бир неча марта ёддан ўқиб, шундан кейин янги вазифани ёдлашга киришинг. Эртасига аввал ёдлаганингиз биринчи ва иккинчи бетларни қўшиб такрорланг, кейин учинчи бетни ёдлашга киришинг. Бир порани тамомлагунча шу зайлда давом этинг. Кейинги порани ёдлашни бошлаганингизда аввалги поранинг биринчи бетини қолдириб, иккинчи бетидан такрорлашни бошланг, ва ҳоказо давом этинг. Шундай қилсангиз, Аллоҳнинг изни билан ёдлаганингизни пухталаштириб оласиз.

7) Нафл намозларда, хоссатан таҳажжудда ўқинг

Айтайлик, эрталаб бир бет ёдладингиз. Энди шуни пешин намози суннатида зам сура қилиб ўқинг. Аср намозида яна ўқинг. Йиллар давомида ўқиб келаётганингиз «Қул аъувзу»лар ўрнига янги ёдлаган оятларни ўқинг. Ёдлаганингизни мустаҳкамлашнинг энг яхши йўли уларни тунги намозда ўқишингиздир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй кийимларига ўранган зот, кечанинг кўпроқ қисмида намозда туринг! Кечанинг ярмида туриб намоз ўқинг, ёки ярмидан бироз камайтиринг. Ёки ярмидан бир оз кўпайтиринг. Қуръонни дона-дона қилиб тиловат қилинг» (Муззаммил, 1-4). Тунги намоз Қуръоннинг қалбда мустаҳкамланишига энг яхши сабаблардандир.

8) Бўш вақтларни ғанимат билинг

Масалан, йўлда ўтадиган вақтларни олайлик. Кунига бир-икки соатингиз автобусда ўтиши мумкин. Ёки бирор нарса сотиб олиш учун навбат кутиб турасиз. Шунда Қуръонни олиб такрорланг.

9) Замонавий имкониятлардан унумли фойдаланинг

Масалан, сураларнинг мавзу жадваллари, мавзуларга ажратилган рангли мусҳафлар, пухта қорилар тиловатларини тинглаш каби замонавий воситалардан фойдаланинг. Бугун алҳамдулиллоҳ, хоҳлаган қорингиз тиловатини телефонингизга юклаб олиб, кун бўйи эшитиб юриш имкони бор.

10) Ўхшаш оятларга эътибор беринг

Ўхшаш оятлар муаммосининг асосий ечими пухта ёдлашдир. Бироқ айрим ўхшаш оятлар борки, уларга алоҳида эътибор қаратмасангиз, чалкаштириб юборишингиз мумкин. Лафзи ўхшаш оятлар мавзусига оид китоблар жуда кўп, уларни интернетдан ҳам топиш мумкин. Ютуб каналимда ҳам ўхшаш оятлар мавзусида видеодарслар бор.

11) Ёдлашни мусҳафнинг бошидан бошлайми, охириданми?

Агар Қуръон ёдлашни янги бошлаётган бўлсангиз, «Амма» порасидан бошланг. Чунки суралари қисқа ва қулоққа кўп чалингани боис ёдлаш осон кечади. Порани қисқа муддатда ёдлаб тугатсангиз, ёдлашга қизиқишингиз янада ортади. Кейин «Таборак» порасини, ундан сўнг «Қод самиъа» порасини ёдланг. Кейин «Зориёт» порасини ёдлашингиз мумкин. Бу поралар намозларда кўп эшитганимиз сабабли бизга кўпроқ таниш бўлгани учун Аллоҳнинг изни билан ёдланиши ҳам осон бўлади. Мазкур тўрт порани тугатганингиздан сўнг, хоҳласангиз шу зайлда тепага қараб чиқиб бораверасиз, хоҳласангиз тепадан – «Бақара»дан тушсангиз ҳам бўлади. Чунки сиз энди катта сураларга нисбатан қўрқув чегарасини босиб ўтдингиз ва буёғига хотиржам давом этишингиз мумкин.

Ёдлашдан кейинги босқич – такрорлаш, такрорлаш ва яна такрорлаш!

Қуръонни тўлиқ ёд олган, лекин такрорлашга келганда сусткашлик қилиб, Қуръонни унутган кишилар бисёр. Демак, ёдлашингиз миқдорига қараб сизда кунлик такрорлаш вазифангиз бўлиши шарт. Ёдлаш вазифангиз миқдорига қараб такрорлаш миқдори ҳам ортиб бораверади. Агар Аллоҳ таоло сизни Қуръонни тўлиқ ёд олишга муяссар қилса, кундалик такрорингиз энг ками 2 пора бўлиши лозим. Энг камида! Агар бўш вақтлардан унумли фойдалансангиз, бемалол бундан ҳам кўпроқ такрорлашингиз мумкин бўлади. Айтганимиздек, ёдлаганингиз бошданоқ пухта бўлса, сиз ҳар қандай жойда, ҳар қандай вақтда такрорлай оласиз. Чунки энди сизнинг мусҳафга қарашга эҳтиёжингиз йўқ. Агар ёдлаганингиз пишиқ бўлмаса, сизга бироз қийин бўлади ва ҳар вақт мусҳафга қарашга эҳтиёж сезасиз.

Қуръон ҳаёт йўлингизга айлансин. Ҳаётингиздаги энг бирламчи нарса бўлсин. Ана шунда сиз ҳақиқатда Қуръонга ҳамроҳ бўласиз. Қиёматда Қуръон соҳибига айтилади: «Ўқи, кўтарил, дунёда тиловат қилганинг каби тиловат қил, сенинг даражанг охирги ўқиган оятингда бўлади»[1].

Сўзим охирида айтаманки, янги ёдлаган оятлар қалбингизда ўрнашиши учун вақт керак. Асло умидсизликка тушманг. Интилинг, такрорланг, Аллоҳ таолодан мадад сўранг. Билингки, ҳар бир такрорлашингизда албатта яхшилик бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир ҳарфга ўнта савоб берилади. «Алиф, лом, мим» бир ҳарф демайман, балки «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф, «мим» яна бир ҳарфдир»[2].

Аллоҳ таолодан сўраймиз, айтган барча сўзларимизни Ўзининг розилиги учун айтилган холис сўзлардан қилсин, уларни айтувчига ҳам, эшитувчига ҳам манфаатли қилсин. Барчамизни Ўзининг хос бандалари бўлмиш Қуръон аҳлидан қилсин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли оила ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

[1] Абу Довуд (1464), Термизий (2914), Насоий («ал-Кубро», 8056) ва Аҳмад (6799) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.

[2] Термизий ривояти, 2910. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг