Қабр қандай бўлишига оид масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Қабр ковлаш тартиби

128 – Қабрни чуқур ва чиройли қилиб қазиш

Маййитни ерга ётқизиб, тупроқ ва тошлар билан кўмиб қўйиш кифоя қилмайди, бундай қилиш Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зиддир[1]. Балки маййитни ер ичига кўмиш, қабрни чуқур ковлаш ҳамда уни ахлат ва шу каби ёқимсиз нарсалардан тозалаш, чиройли қилиш, маййитни қабрга тушурадиган ва дафн этадиган киши бемалол сиғадиган даражада кенгайтириш суннат ҳисобланади[2]. Бунга далил Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қабрни кенг ва чиройли қилиб ковланглар»[3], деган сўзларидир.

Бошқа ривоятда: «Чуқур ва чиройли қилиб ковланглар», деб келган[4].

Осим ибн Кулайб отасидан, отаси ансорлардан бўлган бир кишидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жанозага чиқдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устида турганларича гўрковга: “Оёғи тарафдан кенгайтир, боши тарафдан кенгайтир…”, дея насиҳат қилаётганларини кўрдим»[5].

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Умар разияллоҳу анҳу қабрининг чуқурлиги одам бўйига тенг бўлишини васият қилди»[6].

«Бундан ҳам чуқурроқ ковлаш тўғрисида ривоят келмаган»[7].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Шофеий ва Абул Хаттоб қабр чуқурлиги бир одам бўйига тенг бўлишини маъқуллаган. Умар ибн Абдулазиз киндиккача қазиш тўғри деб билган бўлса, Аҳмад кўкраккача ковланишини маъқуллаган. Булар бир-бирига яқин фикрлардир. Қабрни маййит ҳиди чиқмайдиган ва йиртқич ҳайвонлар ковлаб ололмайдиган даражада чуқур ковлаш суннатдир»[8].

Яна айтади: «Қабр кенг, чуқур ва одам бўйи бўлиши мустаҳабдир… Чуқурлиги борасида аниқ миқдор белгиланмаган. Ернинг ҳолати, қаттиқ ва юмшоқлигидан келиб чиқиб ковланаверган. Муҳими, қабр йиртқич ҳайвонлар маййитни ковлаб олишидан сақлайдиган даражада чуқур бўлиши керак»[9].

«Агар қабр маййитга торлик қилса, уни маййит бемалол сиғадиган даражада кенгайтириш вожиб бўлади. Айрим шафқатсиз кишилар қабр маййитга тор келса, унинг суякларини синдириб, қовурғаларини бир-бирига киритиб юборишади, бундай қилишдан Аллоҳ сақласин. Бу ўтакетган разилликдир. Маййитни хорламаслик, танасини ўз ҳолича қолдириш вожибдир»[10].

«Қабрни чуқур ковлашнинг учта фойдаси бор: йиртқич ҳайвонлар маййитни ковлаб ололмайди; маййитнинг ҳиди чиқмайди; кафан ўғриларининг мақсадларига етиши имконсиз ишга айланади ё қийинлашади»[11].

[1] Қаранг: «Минҳож ат-толибин», 1/344; «Ал-фуруъ», 3/374-375.

[2] Маҳмуд Хаттоб айтади: «Қабрни кенг ва чиройли қилиш мустаҳаб эканига уламолар иттифоқ қилишган» («Ад-дин ал-холис», 7/462).

[3] Термизий (1810) ривоят қилган ва: «Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган.

[4] Насоий ривояти, 2012-ҳадис. Ибн ал-Мулаққин «Ал-бадр ал-мунир»да (5/295) саҳиҳ деган.

[5] Абу Довуд ривояти, 3332-ҳадис. Нававий «Ал-мажмуъ»да (5/178) саҳиҳ деган.

[6] Ибн Абу Шайба ривояти, 11784-ҳадис.

[7] Ал-ҳисний аш-Шофеий. «Кифоят ал-ахёр фий ҳалли ғоят ал-ихтисор», 1/244. «Ар-рисола» нашри, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/422, 5611-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] Олдинги манба, 8/425, 1666-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[10] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/580.

[11] «Ал-мажмуъ», 5/178.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг