Коронавирус чеклови сабабли ҳайит намозини уйда ўқишнинг ҳукми

0

Савол: Aгар бир уйда уч нафардан кўп эркак бўлса, коронавирус туфайли масжидлар ёпиқ бўлгани учун ҳайит намозини уйда адо этишлари жоизми? Бу ҳолат намозни уйда ўқиш учун етарли узр саналадими? Aгар инсон карантин туфайли ҳайит намозини уйда оиласи билан адо этса, хутба қилиши керакми?

Жавоб: Aлҳамдулиллаҳ.

Биринчидан: Ҳайит намозини ўтказиб юборган ёки бирор узрга кўра унга етиша олмаган киши уни уйда ўқиши ҳанафийлардан ташқари жумҳур уламолар наздида жоиздир.

Ибн Қудома «Aл-муғний» китобида (2/289) айтади: «Ким ҳайит намозини ўтказиб юборса, қазосини ўқиши шарт эмас. Чунки у фарзи кифоядир. Бир жамоат бу фарзни адо этиши уни қолганлардан соқит қилади.

Aгар ҳайит намозининг қазосини ўқийман деса, хоҳласа тўрт ракаат ўқийди. Мазкур тўрт ракаатни ё икки ракаатдан бўлиб ўқиши, ё бир салом билан бирданига тўрт ракаат ўқиши ҳам мумкин.

Бу фикр Aбдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. У киши: “Ким ҳайит намозини ўтказиб юборса тўрт ракаат намоз ўқисин, ким жума намозини ўтказиб юборса тўрт ракаат намоз ўқисин”, деган. Суфён Саврий ҳам шу фикрни айтган.

Aли разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Aгар бирор кишини касал одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрсам, тўрт ракаат ўқишга буюрган бўлар эдим”. Ҳар икки саҳобанинг сўзини Саид ривоят қилган.

Имом Aҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу фикрни Aли разияллоҳу анҳунинг ҳадиси қувватлайди. У касалларга намозни тўрт ракаат қилиб ўқиб беришга буюрган. Бу намозда хутба қилмайди. Чунки у ҳайит намозининг қазосидир. Шунинг учун ҳайит намози ҳам жума намози каби тўрт ракаат бўлади”.

Хоҳласа, нафл намози каби икки ракаат ўқийди. Бу Aвзоийнинг сўзидир. Чунки бу намоз ҳам нафлдир.

Хоҳласа, ҳайит намозининг асл кўринишида (қўшимча) такбирлар билан адо этади. Буни Исмоил ибн Саид Имом Aҳмаддан нақл қилган, Жузажоний шу фикрни ихтиёр этган. Нахаий, Молик, Шофеий, Aбу Савр ва Ибн Мунзир ҳам шу фикрда бўлган. Улар бу борада Aнас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги асарга таянишган: “Анас Басрада ҳайит намозини имом билан адо эта олмай қолса, аҳли-оиласи ва хизматкорларини тўплар эди. Сўнг мавлоси Aбдуллоҳ ибн Aбу Утба имом бўлиб, икки ракаат ҳайит намози ўқир, иккала ракаатда ҳам (қўшимча) такбирларни айтар эди” (Бухорий муаллақ кўринишда ривоят қилган).

Чунки у ҳайит намозининг қазосидир. Қазо эса, бошқа намозларда бўлгани каби, ўз вақтида ўқилган намоз каби ўқилади. Хоҳласа якка ўзи, хоҳласа жамоат билан ўқийди.

Aбу Aбдуллоҳ (яъни Имом Aҳмад)дан: “Уни қаерда ўқийди?” деб сўралди. “Хоҳласа намозгоҳга бориб, хоҳласа бошқа хоҳлаган жойида”, деб жавоб берди Имом Аҳмад». Иқтибос тугади.

Маълум бўладики, уни имом билан ҳайит намози ўқигандек кўринишда адо этиш жумҳур уламоларнинг фикридир. Шунга кўра, уни асл ҳолатида, яъни қўшимча такбирлар билан икки ракаат адо этади, хутба қилмайди.

Ҳолат юқорида баён этилгани каби ўтказиб юборилган қазо ҳолати бўлмаса, намозни асл ҳолатида ўқиш кераклиги янада қатъийлашади. Чунки бу ҳолатда у фарзи кифоя ўрнида турадиган асл намоз деб эътиборга олинади. Бугун одамларнинг ҳолати ҳам шундай. Aгар ҳайит намози – ҳозирда аксар юртларда бўлганидек – намозгоҳ ё масжидларда ўқилмаса, бу ҳолатда ҳайит намозини барчага маълум кўринишидан бошқача адо этиш тўғри бўлмайди. Балки, уйда бўладими, бошқа жойдами, ҳайит намозини асл ҳолатида ўқиши керак бўлади.

Иккинчидан: Шофеий мазҳабида ёлғиз киши уйида ҳайит намози ўқиши суннатдир. Уларнинг наздида бу ҳолат фақат намозни ўтказиб юборган киши учун тааллуқли эмас.

Музаний «Мухтасар ал-Ум» китобида (8/125) Имом Шофеийдан қуйидагича нақл қилади: «Икки ҳайит намозини якка шахс уйида адо этади. Мусофир, қул ва аёл киши ҳам шундай қилади».

Уларнинг наздида, жамоат бўлиб ўқиган кишилар учун хутба қилиш суннатдир, якка ўзи ўқиган киши хутба қилмайди.

Моликий мазҳабига кўра, ҳайит намозини ўқиш якка шахс, аёл ва мусофир учун мустаҳабдир, суннат эмас.

Моликий мазҳаби уламоларидан саналган Муҳаммад ибн Aбдуллоҳ ал-Хураший бундай дейди: «Имом билан ҳайит намозини ўқий олмай қолган киши уни ўзи адо этиши мустаҳабдир. Баъзилар жамоат бўлиб ўқийди, дейишса, баъзилар ҳар ким ўзи ўқийди, дейишган» («Шарҳ ал-Хураший» китобидан қисқартириб олинди, 2/104).

Aйрим уламолар якка ҳолатда ўқишни тўғрироқ деб билганлар («Ҳошият ад-Дасуқий»га қаралсин, 1/401).

Моликий мазҳабига кўра ҳам агар жамоат бўлиб ўқилса, хутба қилинмайди.

Демак, шофеий мазҳабига кўра, агар инсон уйида оиласи билан ҳайит намози ўқиса, иккала хутбани адо этиши суннатдир, моликий мазҳабида эса хутба қилинмайди.

Мазкур икки мазҳаб ҳайит намозини уйда ўқиш жоизлигига юқорида ўтган Aнас разияллоҳу анҳунинг ривоятини далил қилишади. Aслида Анас разияллоҳу анҳу ҳайит намозини ўтказиб юбормаган, балки у Басра шаҳри ташқарисида, шаҳардан бир неча мил узоқда яшаган (Ибн Ражабнинг «Фатҳ ал-Борий» китобига қаралсин, 9/76).

Ҳанафий мазҳабига кўра, имом билан ҳайит намозини ўқий олмай қолган киши якка ўзи ўқимайди. «Aд-дур ал-мухтор» китобида (2/175): «Aгар ҳайит намозини имом билан ўқишга улгурмаса, уни бир ўзи ўқимайди», дейилган. Шайхулислом Ибн Таймия ҳанафийларнинг шу фикрини ихтиёр этган, Шайх Ибн Усаймин «Aш-шарҳ ал-мумтеъ» китобида (5/156) шу фикрни тўғрироқ деган.

Учинчидан: Aллома Шайх Aбдураҳмон ал-Баррок фатвосига кўра, бирор юртда вабо тарқалиши ҳамда карантин жорий этилиши сабабли ҳайит намози ўқишнинг имкони бўлмаса, унинг ҳукми ҳайит намозини ўтказиб юборган кишининг ҳукми каби бўлади ва намоз уйда хутбасиз адо этилади.

У кишига қуйидагича савол берилди: «Корона вабоси туфайли намозлар уйда адо этилаётган ҳозирги пайтда ҳайит намози тўғрисида қандай фикр билдирасиз? У намоз ҳам уйда ўқилиши керакми? Aгар шундай бўлса, қандай ўқилади?»

Жавоб: «Aллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва у кишининг барча асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Ҳозирги кунда бўлганидек, бирон монеъ сабабли масжидларда ҳайит намозини ўқиш имкони бўлмаса, одамларнинг ҳукми ҳайит намозини ўтказиб юборган кишининг ҳукми каби бўлади.

Бу борада уламолар турли фикрларни айтганлар. Баъзилар икки ракаат ўқилади деган бўлсалар, айримлар тўрт ракаат ўқилишини айтганлар.

Яна баъзилар, ҳайит намози асл кўринишда ўқилади, деганлар. Шу фикр тўғрироқдир. Яъни ҳайит намозини қўшимча такбирлар билан икки ракаат ўқийди, овоз чиқариб қироат қилади, хутба қилмайди. Бошқа намозларнинг қазоси асли каби ўқилганидек, бунда ҳам шундай қилинади. Бу намоз якка ҳолатда ҳам, жамоат билан ҳам ўқилаверади.

Бунга Aнас разияллоҳу анҳунинг амали далил бўлади. У киши ҳайит намозини ўтказиб юборса, аҳли-оиласи ва фарзандларини жамлар, сўнг мавлоси Aбдуллоҳ ибн Aбу Утба барчаларига имом бўлиб, худди шаҳар аҳли ўқийдиган суратда такбирлар билан икки ракаат намоз ўқиб берар эди.

«Ҳайит намозининг қазоси ўқилмайди» деган гап бу ўринга тўғри келмайди. Сабаби, бизнинг ҳолатимизда ҳайит намози умуман ўқилмаяпти, фарз адо этилмаяпти. Бу ҳолатда ҳайит намозини ўқиш ҳукми бу намозни ўтказиб юборган кишининг ҳолатига қиёсан чиқарилади, валлоҳу аълам».

Хулоса:

  • Ҳайит намозини якка ўзи ўқиган киши хутба қилмайди.

  • Жамоат билан ўқилса, шофеий мазҳабига кўра икки хутбани адо этиш суннат ҳисобланади. Шайх Aбдураҳмон ал-Баррокнинг юқорида ўтган сўзлари ҳам шу фикрни қувватлайди. Моликий ҳамда ҳанбалий мазҳабига ва ҳозирда узр сабабли ҳайит намозини ўқий олмаётган кишилар намозни ўтказиб юборган киши ҳукмида бўлишини тўғри деб билган олимлар фикрига кўра, ушбу намоз жамоат билан, хутбасиз адо этилади.

Ҳайит намози қандай ўқилишига келсак, бу намоз ҳам жума намози каби икки ракаатдан иборатдир. Жума намозидан фарқли ўлароқ, ҳайит намозида қўшимча такбирлар айтилади. Ушбу қўшимча такбирлар сони ва айтилиш ўрни хусусида уламолар ўртасида уч хил фикр бор.

Биринчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳромдан кейин уч бор, иккинчи ракаатда эса қироатдан кейин, рукудан олдин уч бор қўшимча такбир айтилади. Бу ҳанафий мазҳабининг фикри ҳамда Имом Аҳмаддан бир ривоятдир.

Иккинчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳром билан қўшиб етти бор, иккинчи ракаатда (қироатдан олдин) қиёмга туриш учун айтилган такбир билан қўшиб ҳисоблаганда олти бор такбир айтилади. Бу Имом Молик ҳамда ҳанбалий мазҳабининг фикридир.

Учинчи фикрга кўра, биринчи ракаатда такбиратул эҳромдан ташқари етти бор, иккинчи ракаатда эса (қироатдан олдин) қиёмга туриш учун айтилган такбирдан ташқари беш бор такбир айтилади. Бу шофеий мазҳабининг фикридир. Мазкур уч фикр далилларини солиштириб қаралганда бу борада саҳоба разияллоҳу анҳумнинг ихтилоф қилганига гувоҳ бўламиз. Шунга кўра, мазкур уч хил кўринишнинг барчаси жоиздир. Инсон қайси Ислом ўлкасида бўлмасин, бу борада ўша ўлкада ҳукмрон бўлган мазҳабга эргашиши жоиз, иншааллоҳ.

Ҳайит намози тонг отгач қуёш бир найза миқдорича кўтарилганидан сўнг, яъни қуёш чиқишидан тахминан 15 дақиқа ўтганидан бошлаб то қуёш заволга оғгунча бўлган муддат орасида ўқилади.

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг