Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

0

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Муҳтарам биродарлар!

Барчангизни рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу йилги рамазон ойи аввалги рамазон ойларидан бутунлай фарқли равишда ўтди. Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз қудрат соҳиби эканини, инсоният илму фанда қанчалик тараққий этмасин, қудратли кучга эга эканини бонг уриб айтмасин, Аллоҳнинг заррадек митти лашкари қаршисида заиф ва ночор эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Аллоҳ таоло истаса бир лаҳзада инсоният ҳаётини остун-устун қилиб юборишга қодир эканига ҳаммамиз амин бўлдик.

Аллоҳ таоло айтади: «Шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз ғолиб бўлувчидир» (Соффот, 173).
Айни дамда Раббимиз бандаларига меҳрибон ва ҳаким зотдир. У одамлар бошига бирон қийинчилик туширса, уларнинг фойдасини кўзлаб, уларни тарбия қилиш мақсадида туширади. Бутун курраи замин аҳолиси бошига тушган вирус балоси ортида одамларни куфру исён ва гуноҳлардан тийилиши каби улуғ мақсад ётган бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар куфру исёнларидан қайтишлари учун уларга қиёматда бўлажак катта азобдан илгари яқин азобни, яъни дунё азобини тотдирурмиз” (Сажда, 21).

Азизлар!

Бутун оламда ва жумладан диёримизда рўй бераётган турли бало-офатлар бизларга сабоқ бўлиши даркор. Аллоҳнинг динига қайтиш, коинотнинг тизгини ёлғиз Унинг қўлида бўлган Аллоҳга тавба-тазарру қилиш вақти келмадими?!

Шуни яхши билайликки, чинакам байрам, ҳақиқий шодиёна Аллоҳга қилинган тоат-ибодат билан қувониш, Унинг фазлу марҳамати билан қалбларнинг сурур ва фараҳга тўлишидир.

Аллоҳ таоло жумла мусулмонларнинг гуноҳларини кечирсин, барчаларимизни динда собитқадам қилсин, орамиздаги нодон ва гумроҳ кимсалар қилмиши сабабли бошимизга турли балолар ёғилишидан асрасин, кейинги рамазонларга эсон-омон ва асосийси мўмин бўлган ҳолимизда етказсин. Омин.

Ҳайитингиз муборак бўлсин!

Изоҳ қолдиринг