Эй иймон келтирганлар (50): Аллоҳ йўлидаги урушда ғалабага эришиш омиллари

0

Эй иймон келтирганлар, кофир гуруҳ билан тўқнашганда сабот билан туринг. Аллоҳни кўп зикр қилинг, шояд нажотга эришсангиз. Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг ва ихтилоф қилманг. Акс ҳолда заифлашиб, куч-қувватингиз кетиб қолади. Сабр-матонатли бўлинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Одамларни Аллоҳнинг динидан тўсиш учун диёрларидан риё ва кибр билан чиққан мушрик кимсалар каби бўлманг. Аллоҳ улар қилаётган барча ишларни атрофлича билади, бирор иш Унга махфий эмас” (Анфол, 45-47).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб иймон келтирган мўминларга йўлланган бу илоҳий нидода Аллоҳга, қиёмат кунига, Аллоҳнинг китоблари ва пайғамбарларига иймон келтирмаган кофирларга қарши уруш қилишга изн берилди. Биринчи ҳарбий юришни Абдуллоҳ ибн Жаҳш разияллоҳу анҳу бошчилигидаги лашкар бошлаб берди, унинг ортидан Катта Бадр жанги бўлиб ўтди ва шу билан жиҳод эшигининг икки табақаси ланг очилиб кетди. Мусулмонлар жангга қандай киришиш ва ғалабага эришиш йўллари ҳақида раббоний таълимот, илоҳий ҳидоятга муҳтож бўлдилар. Бу илоҳий нидо ўз ичига олган уч оятда мусулмонлар учун айни керак бўлган урушга киришиш ва унда ғалабага эришиш йўллари баён қилинди:

  • Мужоҳидлар душман қаршисида гўё баланд тоғлар мисоли мустаҳкам, сабот билан туриши. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи шунга далолат қилади: “Эй иймон келтирганлар, кофир гуруҳ билан тўқнашганингизда”, сизга қарши уруш қилмоқчи бўлган кофир лашкарга тўқнаш келганда “сабот билан туринг”, яъни сизга қарши урушаётган кофир тоифа билан юзма-юз келганингизда собит туринг, асло чекинманг.

  • Аллоҳни зикр қилиш. Таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар), тасбиҳ (субҳаналлоҳ), дуо-илтижолар қилиб Аллоҳни кўп ёдга олиш, Аллоҳнинг Ўз дўстларига ғалаба бериш, душманларига мағлубият аламини тоттириш ҳақидаги ваъдасини эслаш. Бунга далил Аллоҳнинг ушбу сўзидир: “Аллоҳни кўп зикр қилинг, шояд нажотга эришсангиз”. Яъни дунёда мағлубият ва хорликдан қутулиб ғалаба қозониш, охиратда дўзах ва унинг азобидан нажот топиб жаннатга эришиш билан зафар қучасиз.

  • Буйруқ ва қайтариқда Аллоҳ ва Расулига итоат этиш, шу билан бирга қўмондон ё амирга бўйсуниш. Оятдан бунга далил бор: “Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга ҳамда мусулмон раҳбарларингизга бўйсунинг” (Нисо, 59). Айни шу итоат ҳаётдаги Аллоҳнинг қонунига кўра нусратнинг энг катта омилидир.

  • Ихтилоф қилиб, талашиб-тортишмаслик. Чунки ихтилоф кучнинг тез кетишига, заифлашишга олиб боради. Бунинг ортидан эса қақшатгич мағлубият келади, Аллоҳ сақласин. Бунга далил: “Ихтилоф қилманг, акс ҳолда заифлашиб, куч-қувватингиз кетиб қолади”. Куч-қувватдан мурод ғалаба ва нусратдир. Қуръондаги ريح (рийҳ) калимасини куч-қувват деб таржима қилинди. Рийҳнинг шамол маъноси ҳам бор бўлиб, араблар ғолиб киши ҳақида: “фалончининг шамоли эсиб қолди”, деб айтадилар. Шеърда айтилганидек: “Шамолинг эсганда билгил ғанимат. Тебраниш ортидан келгай сукунат”.

Куч-қувват ва ғалаба деб тафсир қилинган рийҳ (шамол) маъносини яхшироқ англамоқчи бўлган киши машиналар юрадиган катта йўл четида турсин, юк машинаси тезлик билан ўтганида унинг шамоли учириб юборгудек кучли эканига гувоҳ бўлади. Шунда оятдаги рийҳ-шамол душманни даф қилувчи куч-қувват эканини билади. Мужоҳидлар бирлашиб, бир сафда, бир тану бир жон бўлиб жанг қилсалар, душманни даф қилиш, кучини синдириш ва тор-мор қилиш йўлида эканлар, уларда юк машинасининг шамолидан ҳам кучли қувват пайдо бўлади.

  • Ихтилоф ва тортишувнинг натижаси. Бунинг натижаси қочиб қутулиб бўлмайдиган заифлашиш, куч-қувватнинг кетишидир: “Ихтилоф қилманг, акс ҳолда заифлашиб, куч-қувватингиз кетиб қолади”.

  • Сабр. Яъни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга ўзини ҳозирлаб, керакли тайёргарлик кўргач, узлуксиз жангларга сабр қилиш: “Сабр-матонатли бўлинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. Яъни Аллоҳ уруш асносида сабот ва матонат билан турган мўминлар билан бирга, уларга нусрат ва ғалаба беради.

  • Ихлос. Барча ибодатларда бўлгани каби жиҳодда ҳам ихлос шарт. Жиҳод холис Аллоҳ таоло учун бўлиши керак. Чунки ихлос ибодатнинг руҳидир. Ихлос бўлмаса ибодат қабул этилмайди. Иккинчи оятдан кейин Аллоҳ таоло: “Одамларни Аллоҳнинг динига киришдан тўсиш учун диёрларидан риё ва кибр билан чиққан мушрик кимсалар каби бўлманг”, деб, мусулмонларга қарши урушиш ва одамларни Исломдан тўсиш учун ўз диёридан кибр-ҳаво ва риёкорлик билан чиққан кофирларга ўхшаб қолишдан мўминларни огоҳлантирди.

Бу уч оятда келган баъзиси буйруқ ва баъзиси қайтариқ бўлган ишлар кофирларга қарши урушдаги нусрат ва ғалаба омилларидир. Бу оятларни ёдлаб олинг. Қайта-қайта ўқиб юринг. Маънолари ҳақида фикр юритинг, шунда исломий лашкарни бошқаришга лойиқ раҳбар, жанг олиб бориш йўлларининг билимдони бўлиб етишасиз. Душман жаҳондаги барча куфр ҳарбий билимгоҳларида ўқиб чиқса ҳам Қуръон ва ҳадислар таълимини олган лашкар даражасига асло ета олмайди.

Қуйида қўшимча маълумотлар келтирамиз, буни ҳам билиб олинг:

  • Жанг асносида қилинадиган зикрлар махфий-ичда қилинади, фақат илк ҳужумга ўтишда “Аллоҳу акбар” деб овозни баланд кўтарилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида шундай таълим берганлар: “Аллоҳ уч ўринда сукутни яхши кўради: Қуръон тиловат қилинаётганда, жанг майдонида ва жанозага эргашилганда”(Албоний заиф деган). Жанг асносида қилинадиган зикрлар қалб ва тил билан махфий тарзда айтилади. Ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла бундай деган: “Душман билан жанг қилаётганида Мени зикр қилган бандам ҳақиқий бандамдир”, яъни уни шундай оғир ҳолат ҳам Мени эслашдан, Менга дуо қилиш ва ёрдам сўрашдан чалғитмайди.

  • Раббоний уламолардан бири бундай деган эди: “Агар бирон кишига зикрни тарк этишга рухсат берилганида эди, Закариё пайғамбарга рухсат берилган бўларди. Чунки Аллоҳ таоло унга: “Сенга белги шуки, уч кун одамларга сўзлай олмайсан, фақат имо-ишора билан сўзлаша оласан. Шу муддат ичида Раббингни кўп зикр қил”, деган (Оли Имрон, 41). Шунингдек, агар Аллоҳ бирон кишининг зикрни тарк қилишига рози бўлганда, жанг майдонидаги мужоҳидларга рухсат берган бўлар эди. Шундан келиб чиқадики, биргина ҳолат – ҳожатхонада ўтиргандан бошқа бирон ҳолда зикр тарк этилмайди.

  • Яна билиш керак бўлган масала: шаръий раҳбарсиз кофирларга қарши жиҳод қилинмайди. Мусулмонлар халифаси ё амири рухсатисиз бирон шахс ёки жамоа ўзича уруш қилиши дуруст эмас.

Аллоҳим, бизларни жиҳод ажридан маҳрум қилма, гарчи тўшагимизда вафот топсак-да шаҳидлик ато эт. Сен бунга қодир ва дуоларни ижобат этувчисан.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг